Шоҳлар (биринчи китоб) 16 bob
1 Эгамиз Шомуилга айтди: — Сен қачонгача Шоулни деб ғамгин бўлиб юрасан?! Шоул Исроил шоҳи бўлмасин деб, уни Мен рад этдим. Қани, энди қўчқор шохини мой билан тўлдириб, йўлга отлан. Сени Байтлаҳмлик Эссайнинг уйига жўнатаман. Мен унинг ўғилларидан биттасини шоҳ қилиб танладим.
2 — Қандай қилиб бораман?! Шоул эшитиб қолса, мени ўлдиради–ку! — деди Шомуил. — Ўзинг билан битта бузоқчани олгин–да: “Эгамизга қурбонлик қилгани келдим”, деб айт, — деди Эгамиз.
3 — Эссайни қурбонликка таклиф қил. Ўшанда нима қилишинг кераклигини Мен сенга аён қиламан, Ўзим сенга кўрсатадиган одамнинг бошига Менинг номимдан мой суртиб, уни танлайсан.
4 Шомуил, Эгамиз буюрганидай, Байтлаҳм шаҳрига кетди. Шаҳар оқсоқоллари уни қўрқиб кутиб олишди ва: — Тинчликми? — деб сўрашди.
5 — Ҳа, тинчлик, — деди Шомуил. — Эгамизга қурбонлик қилгани келдим. Ўзларингизни покланглар*, мен билан қурбонлик маросимига борасизлар. Сўнг Эссайни ва унинг ўғилларини ҳам поклаб қурбонлик маросимига таклиф қилди.
6 Эссай ўғиллари билан келгач, Шомуил Элиёбни кўрди–ю: “Эгамиз олдида турган бу одам, шубҳасиз, Унинг мой суртиб танлаган одамидир”, деб ўйлади.
7 Эгамиз эса Шомуилга деди: — Унинг чиройи ва қоматдорлигига қарама. Мен уни рад этдим, чунки Мен инсонлардай эмасман. Инсонлар ташқи кўринишига қарайди, Мен эса дилига қарайман.
8 Сўнг Эссай бошқа ўғли Абунадавни чақириб, Шомуилнинг олдидан ўтказди. Лекин Шомуил: — Эгамиз буни ҳам танламади, — деди.
9 Шундан сўнг Эссай Шаммохни Шомуилнинг олдидан ўтказди. Лекин у яна: — Эгамиз буни ҳам танламади, — деди
10 Шу тариқа Эссай еттала ўғлини Шомуилнинг олдидан ўтказди. Аммо Шомуил: — Эгамиз булардан бирортасини танлаб олмади, — деди.
11 Ниҳоят Шомуил Эссайдан: — Ўғилларингнинг ҳаммаси шуларми? — деб сўради. — Яна энг кенжаси бор, қўй боқяпти, — деди Эссай. — Бирортасини жўнат, уни чақириб келсин, — деди Шомуил. — Ўша ўғлинг бу ерга келмагунча, таом емоққа ўтирмаймиз
12 Эссай биттасини юбориб, ўғлини чақиртириб келди. У чиройли, келишган йигит бўлиб, кўзлари ёниб турарди. — Қани, унинг бошига мой суртиб танла! Мен танлаган одам шу! — деди Эгамиз Шомуилга.
13 Шомуил мой солинган шохни олди–да, акаларининг кўз ўнгида йигитнинг бошига мой суртди. Ўша пайтда Эгамизнинг Руҳи Довудни қамраб олди ва ўша кундан бошлаб уни бошқарадиган бўлди. Шомуил эса Рамага қайтиб кетди.
14 Эгамизнинг Руҳи Шоулни тарк этди. Эгамиз юборган ёвуз руҳ уни қийнар эди.
15 — Биламиз, Худо юборган ёвуз руҳ сизни қийнайди, — дейишди хизматкорлар Шоулга.
16 — Жаноби олийлари биз, қулларига амр берсалар, лирани яхши чаладиган одамни топиб келар эдик. Худо юборган ёвуз руҳ сизни тутиб қолганда, у лира чалади, сиз эса енгил тортасиз.
17 Шоул хизматкорларига: — Майли, лирани яхши чаладиган бирортасини топиб, менинг ҳузуримга олиб келинглар, — деб буюрди.
18 — Байтлаҳмлик Эссайнинг ўғилларидан бирини кўрган эдим, — деди йигитлардан биттаси. — Лирани яхши чалар экан. Бунинг устига, жасур жангчи, гаплари маънили, ўзи ҳам келишган йигит. Эгамиз у билан.
19 Шоул Эссайга: “Қўй боқиб юрган ўғлинг Довудни менинг ҳузуримга юбор”, деб хабарчи жўнатди.
20 Эссай нон, бир меш шароб ва битта улоқчани битта эшакка юклаб бериб, ўғли Довудни Шоулнинг ҳузурига юборди.
21 Довуд Шоулнинг ҳузурига келиб, унинг хизматига кирди. Довудга Шоулнинг қаттиқ меҳри тушиб қолди, уни ўзига қуролбардор қилиб олди.
22 Шоул Эссайга: “Ижозат берсанг, Довуд менинг хизматимда қолсин, ундан жуда мамнунман” деган хабарни жўнатди.
23 Ўша кундан бошлаб Худо юборган ёвуз руҳ Шоулни қийнаганда, Довуд лирани олиб чалар, Шоул ўзига келиб роҳатланар, ёвуз руҳ Шоулдан чекинарди.