Сторми Омартиан. Ибодатгўй Аелнинг Кучи (23-боб) Ўзбек тилида 
МУНДАРИЖА
Ибодатнинг кучи
1-боб. Раббий, мени Ўзингга жалб эт, йўлларингдан юришни ўргат
2-боб. Раббий, мени покла, менда имонли юракни ярат
3-боб. Раббий, менга кечиришни ўргат
4-боб. Раббий, доимо Сенга итоатли бўлишимни ўргат
5-боб. Раббий, шайтон билан курашувимда иродамни мустаҳкамла
6-боб. Раббий, фикрларимни назорат қилишни ўргат
7-боб. Раббий, ҳаётимнинг барча жабҳаларида менга йўл кўрсат
8-боб. Раббий, Сенинг Каломингни чуқурроқ англашда менга ёрдам бер
9-боб. Раббий, ҳаётимда тартиб ўрнатишимга ёрдам бер
10-боб. Раббий, Сенинг ҳақиқий сажда қилувчинг бўлишимга ёрдам бер
11-боб. Раббий, меҳнатимни марҳаматла
12-боб. Раббий, Сенинг Руҳинг ҳосилини келтиришимга ёрдам бер
13-боб. Раббий, мени покликда ва ҳалолликда сақла
14-боб. Раббий, Ўзинг мени даъват қилган ишларга муносиб айла
15-боб. Раббий, одамлар билан тўғри мулоқот қилишимга ёрдам бер
16-боб. Раббий, доим Сени эшитишимга, Сенинг истагингни бажари шимга ёрдам бер
17-боб. Раббий, мени ва мен учун ардоқли бўлган нарсаларни сақла
18-боб. Раббий, тўғри йўл танлашда менга донолик ато эт
19-боб. Раббий, турли ёвузликлардан мени халос қил
20-боб. Раббий, мени салбий қарашлардан халос қил
21-боб. Раббий, ғам-ташвиш лаҳзаларида мени юпат
22-боб. Раббий, гуноҳга қарши туришим учун ёрдам бер
23-боб. Раббий, менга шифо бер, баданимни озода сақлашни ўргат
24-боб. Раббий, мени сохта қўрқувдан қутқар
25-боб. Раббий, Сенга қилган хизматим орқали одамларнинг меҳрини уйғотишимга ёрдам бер
26-боб. Раббий, менинг оғзимдан фақат ҳаётбахш сўзлар чиқсин
27-боб. Раббий, ишончим тоғларни суриб юборадиган аёл бўлишимга ёрдам бер
28-боб. Раббий, Масиҳга ўхшашим учун менга ёрдам бер
29-боб. Раббий, ўтмишимдан мени озод қил
30-боб. Раббий, ўзим учун тайёрлаган келажакка мени бошла
23-боб Раббий, менга шифо бер, баданимни озода сақлашга ўргат
Икки йил олдин мени ўлиб қолишимга сал қолди. Бир неча ой қорним атрофидаги оғриқ жуда азоб берди, бормаган шифо масканларим, учрамаган шифокорлар ва табиблар қолмади. Лекин улардан ҳеч бири менга аниқ ташхис қўя олмади. Топширган анализларим мен соппа-соғлигимдан дарак бераверди. Ҳеч бир инсон менинг дардим нимаданлигини билмасди.
Бир куни кечаси ниҳоятда даҳшатли оғриқдан уйғониб кетдим. Олдин ҳеч бундай ҳолатни бошимдан кечирмаган эдим: худди ичимда алланима ёрилиб кетгандай бўлди. Агар менга зудлик билан ёрдам кўрсатилмаса, ўлиб қолишим аниқ эди. «Тез ёрдам» машинасини кутишга вақт зиқ бўлгани учун, кечаси соат 3.30 да эрим мени шифохонага машинада олиб борди. Бир неча соат шифохонанинг қабулхонасида ёрдам беришларини, агар шифокорларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаса, ўлиб қолишим мумкинлигини айтиб, ялиниб-ёлвордим. Олдин ҳам бир неча бор олингани сингари, мендан анализ олишди. Лекин бефойда, чунки ҳеч ким менга нима бўлганини айтиб беролмасди.
Турмуш ўртоғим тинмай мен учун ибодат қиларди. Сўнг шифохонага синглим Сьюзан ва яқин дугонам Роза етиб келишди. Улар ҳам мен учун ибодат қилишди. Улар одамлардан бирор кимса касаллигимни аниқлаб, менга ёрдам бериши учун ибодатда бўлишларини илтимос қилишди. Менинг ибодатим бир хил эди: «Исо, менга ёрдам бер!»
«Наҳотки ажалим етган бўлса?» — деб сўрардим мен Худодан. Лекин Худо менга: «Ҳа», — деган жавобни эшитмадим. Бу билан У ҳали мен тўғримда Унинг ўйлаб қўйган қандайдир ниятлари борлигини билдирди.
Шифохонага келганимдан кейин саккиз соат ўтгач жарроҳ чақиртирилди. У менга дадил шундай деди: «Сизга нима бўлганини ҳозир аниқ айтолмайман, лекин менимча, сизнинг кўр ичагингиз ёрилиб кетган. Мен зудлик билан сизни операцияга тавсия қилдим. Балким, мен янглишган бўлишим мумкин, аммо муаммо нимадалигини аниқ билиб оламиз».
Маълум бўлишича, жарроҳ хақ экан. Операциядан сўнг у менга шундай деди: «Агар операция бир соатга кечиктирилганда, сиз токсик комага тушиб қолишингиз мумкин эди, сизни сақлаб қолиш учун менинг қўлимдан ҳеч нарса келмасди». Ҳа, Худо менинг тузалишим ҳақидаги ибодатларимизга жавоб берди, келган жарроҳ эса ўша жавобнинг бир бўлаги эди.
Операциядан сўнг бир неча ҳафта давомида турли трубка ва ичаклар ёрдамида мен каравотга михланиб ётдим. Оғриқдан азобланганимни айтмаса ҳам бўлади, ҳаттоки бундай оғриқни бошқаси билан солиштирилганда тўлғоқ дарди ёқимли бўлиб туюлади. Ҳатто мунтазам равишда қилиниб турган морфий уколи ҳам бу оғриқларни озгина бўлса-да камайтирмас эди. Бир куни шифокор мени эрталабки текширувдан ўтказаётганда, бу қандай содир бўлиши мумкин экан, деб сўрамоқчи бўлдим.
«Балки мен бирор нимани бошқача қилгандирман? — деб сўрадим мен. — Балки витаминларни кўп ичиб юборгандирман? Ёки кам витамин қабул қилганмиканман? Ёки умуман бошқасини қабул қилиш керакмикан? Жисмоний машқларни етарлича бажармадиммикан? Ёки ортиғи билан бажардиммикан? Мен доимо ўз соғлиғим тўғрисида қайғураман. Юз берган воқеада менинг айбим бормикан?»
«Бу вазиятда сизга ҳеч нарса боғлиқ эмас эди, — деб жавоб берди жарроҳ. — Менимча, бу ирсий мойиллик бўлса керак».
Шифокор яна хақ эди. Бизнинг оила аъзоларимизнинг кўпчилиги менга қараганда, анча ёшликларида бу хасталикка дучор бўлишган. Бу хасталик билан мен оғримасам керак, чунки қариндош-уруғларим касал бўлган ёшдан анча ўтиб кетганман, деб ўйлардим мен. Бизлар ҳамма нарсани тўғри, жой-жойига қўйишга ҳаракат қилганимиз билан, бу хасталикни бизнинг организмимизга кириб олмаслигининг олдини олиш иложи йўқлигини мен ўшанда тушундим. Бизлар ўз соғлигимиз ҳақида қанчалар қайғурмайлик, барибир Худога Даволовчи сифатида ҳам муҳтожмиз.
Муаммонинг икки нуқтаи назари
Шифо топиш ва баданни парвариш қилиш — турлича нарса. Худога шифо топиш мақсадида қилган илтижомиз, бу — Унинг иши эканлигини, баданимизни парваришлаш — бу бизнинг бурчимиз эканлигини биз биламиз. Униси ҳам, буниси ҳам бирдай муҳим.
Биз тубанлашган мавжудотлигимизни ва ҳеч бир нарсани мукаммал қила олмаслигимизни Худо билади. Шунинг учун У бизга Исони бизнинг Даволовчимиз сифатида юборган. Шу билан бирга, У бизни барча унинг яратганларига, шу жумладан, ўз баданимизга ҳам муносиб бошқарувчи бўлишимизни даъват қилган. У бизлар тўғри, соғлом тарзда ҳаёт кечиришимизни, ўз баданимизни озода сақлаб парваришлашимизни ва ўзимизга ўзимиз зиён етказмаслигимизни хоҳлайди. Биз ўз баданимизни тўғри парваришлаб, Унга ҳамду санолар айтишимизни хоҳлайди, чунки баданимиз — Муқаддас Руҳ қасридир.
Кўпчилигимиз шундай деб ўйлаймиз: «Менда нимаики бўлса, ҳаммаси Худовандга тегишлидир, фақат менинг озиқ-овқатим ва жисмоний машқларимдан ташқари. Бу иккиси менинг ихтиёримда». Ёки: «Менинг ҳаётим Худовандга, баданим эса ўзимга тегишлидир, шунинг учун ўз баданим билан хоҳлаган нарсамни қиламан». Агар биз Худога қарашли бўлсак, демак, ҳамма нарса сингари бизнинг баданимиз ҳам Унга тегишлидир. Баданни парваришлаш — бу алоҳида, Худога боғлиқ бўлмаган бизнинг ҳаёт тарзимиз эмас.
Бу жараёнда тўғри мотивация катта ўрин эгаллайди, яъни ўз баданимизни ёш, соғлом ва чиройли сақлашдаги бизнинг интилишимиздир. Ҳаётимизнинг муваффақияти бизнинг шахсий асосларимизга боғлиқ. Агар биз тўғри овқатланиб, жисмоний машқларни фақат кийинишимизда чиройли ва хушбичим бўлиб кўринишимиз учун қилсак, унда ёш ўтиши билан бу асос ўз актуаллигини биз учун йўқотади. Лекин агар биз тўғри овқатланиб, спорт билан шуғулланиб, Худонинг ғайратли, соғлом ва муносиб хизматчилари бўлсак, унда бизнинг хатти-ҳаракатимизнинг натижаси ўлмас ва абадий бўлади, биз бундан кейин ҳам ўзимизни яхши сақлаш имкониятига эга бўламиз.
Баъзида одамларнинг қуйидагича гапларини эшитиб қоламан: «Баданимнинг ҳолати билан қизиқмайман, чунки мабодо касал бўлиб колсам, Худованд менга шифо беради». Бундай ўйлаш хавфли, чунки бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шайтон иложи борича бизга катта зарар етказмоқчи бўлади, биз эса ўзимизга бўлган бепарво муносабат билан шайтонга қайтанга ёрдам берган бўламиз. Ўз баданимизни тегишлича парваришламай, ўз соғлигимизга путур етказамиз. Сизга зиён етказадиган нарсалардан қочишда, сизга фойда келтирадиган барча имкониятдан интизомли фойдаланишда сизга ёрдам беришини ибодат қилиб Худодан сўранг.
Даволовчига қўл тегизинг
Биз қанчалик ҳаракат қилмайлик, барибир баъзида тобимиз қочади. Ҳамма нарсани тўғри бажариш мумкин, лекин жиддий касалликлардан биз ўзимизни ҳимоялай олмаймиз. Баъзида биз маълум бир хасталикларга мойиллигимизни наслдан-наслга олиб ўтамиз. Биз, ўзимиз билмаган ҳолда, даҳшатли касалликлар қурбони бўлишимиз мумкин. Худо бундан хабардор, шунинг учун бизга Исони — бизнинг Даволовчимизни юборган. Унинг даво бахш этувчи қўл тегизиши, Худонинг бизга кўрсатган марҳаматининг яққол исботидир.
Муқаддас Китобда айтилишича, одамлар Исога шунчаки қўл тегизганларидаёқ даво топишарди. «Исо қаерга бормасин — қишлоқларгами, шаҳарларгами, овулларгами — одамлар касалларни очиқ майдонларга қўяр, ақалли кийимининг бир чеккасига тегиш учун Ундан илтимос қилишарди. Унга қўл тегизганлар эса шифо топарди» (Марк 6:56). Шифо топишимиз учун биз ҳам Унга қўл тегизишимиз керак, бу — Унинг ҳузурига кириш деганидир. Худо сизга шифо беришини сўранг, У буни Ўзи хоҳлаганидай, Унинг вақти келгандагина бажаришига ишонинг. Ўз баданингизни парвариш қилаётганингизда, Худо билан ҳамкорлик қилинг, чунки У — Даволовчи, сиз эса Унинг амрларини бажарувчисисиз.
Ибодат
Эй, Раббий, Сен менинг Даволовчим эканлигинг учун, Сендан миннатдорман. Ҳар қандай касалликларда ва жароҳатларда мен Сенга мурожаат қиламан. Бугун Сен менга шифо беришингни сўрайман, айниқса, мен Сендан ушбу (баданингизда шифоланиши керак бўлган қисмини айтинг) қасаллигига шифо беришингни илтижо қиламан. Менга шифо бер, токи шу тариқа «Ишаё пайғамбарга ваҳий бўлган ушбу оят бажо келди: «У бизнинг касалликларимизни кўтарди, дардимизни эса Ўзи чекди» (Матто 8:17). Мен шифо топишим, озод бўлишим ва абадий ҳаёт кечиришим учун Сен азоб чекдинг, ўлдинг ва дафн қилиндинг. Сенинг яраларингдан мен шифо топдим (қаранг: 1 Бут. 2:24). Фақат Сенинг ҳузурингда шифо топишимни мен биламан. Сенинг қаршингда мен Сенга қўл тегиза оламан, чунки Сен менга жавоб қайтарасан.
Менга нима фойдаю нима зарарлигини фақат Сен биласан, ўтиниб сўрайман: буни менга ҳам аён қил. Нотўғри ва исботланмаган маълумотларни мендан нари қил, тўғри овқатланишга ва менинг соғлигимга зарар келтирадиган озиқ-овқатни тановул қилмасликка ўргат. Раббий, мен буни асло Сенсиз қилолмайман, чунки Сен мени яхши биласан, зеро мен Сенинг ижодингман. Доимо мен ўзимни яхши ҳис қилишимга ёрдам бер. Баданимни «турткилаб, ўзимга қул қилиб олишимга» ёрдам бер (қаранг: 1 Кор. 9:27).
Эй Раббий Сен Ўз Каломингда шундай дегансан: «Ўзини тута олмагани учун, Менинг халқим қирилиб кетади…» (Ос. 4:6). Нима тўғрилигини билмай, мен ўлиб кетишни хоҳламайман. Менга ўргат, кейин ҳам ўрганишимга ёрдам бер. Тўғри маслаҳат берадиган инсонлар томон мени етакла; Сен ўрнатган қонун-қоидаларни бажаришга ва Сенинг амрларингга итоат этишга ёрдам бер. Касал бўлганимда, шифокорга мурожаат қилиш зарурати туғилганда, мен учун шифокор топгин, мени даволашда тўғри усуллардан фойдаланиши учун унга донолик ҳадя қил.
Ҳаммасидан ҳам мени безовта қилаётган… (соғлигингиз билан боғлиқ муаммони айтиб ўтинг). Мусибатларда, Раббий, доим олдинда бўл, Ўз хоҳиш-истагингни бажар. Бу аниқ вазиятда шифо топишимга, озодликка эришишимга менга ёрдам бер.
Эй Раббий, барча ишларимда мен Сенга шукроналар ва ҳамду санолар айтаман. Сен менга берган баданимга оқилона муносабатда бўлишимга Ўзинг ёрдам бер. Баданимни мукаммал бўлмагани ҳақида айтган танқидларим учун мен Сендан кечирим сўрайман. Мен бундан пушаймондаман. Баданим Муқаддас Руҳ яшайдиган қаср эканлигини мен биламан. Бу ҳақиқатга батамом ишонишимга, ушбу қасрни озода ва покликда сақлашимга ёрдам бер. Ўз баданимга тўғри муносабатда бўлишимни ва уни тўғри парвариш қилишни Сен ўргат.
МУҚАДДАС КИТОБДАН
сизнинг ибодатларингизни таъсирчан қиладиган оятлар
Агар сизлардан бирор киши бемор бўлса, имонлилар жамоатининг оқсоқолларини чақирсин. Улар Раббимиз Исо номи билан дуо қилиб, беморнинг бошига ёғ суркасинлар. Имон билан қилинган дуо беморни соғайтиради, Раббимиз Ўзи уни тузатади. Агар бемор гуноҳ қилган бўлса, Раббимиз уни кечиради. Шундай қилиб, шифо топишингиз учун, бир-бирингиз олдида қилган гуноҳларингизга иқрор бўлинглар ва бир-бирингиз учун ибодат қилинглар. Солиҳ одамнинг зўр бериб қилган илтижоси кучли таъсирга эгадир.
Ёқуб. 5:14-16
Эй Эгамиз, менга шифо бергин ва мен соғайиб кетаман. Мени қутқаргин ва мен нажот топаман, чунки мадҳияларимни ёлғиз Сенга бағишлагандирман.
Ерм. 17:14
Ғанимларинг сен ҳақингда «Сиондан ҳамма юз ўгирган, ҳеч ким унга ғамҳўрлик қилмайди», деб айтишади. Мен эса сени соғайтираман, ярангга шифо бераман», — дейди Эгамиз
Ерм. 30:17
Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар, ҳамма нарсани Худони улуғлаш учун қилинглар.
1 Кор. 10:31
Биз биламизки, бу фоний уйимиз, бу кулбамиз хароб бўлгандан кейин, Худо бизга мангу бир уй, қўл билан қурилмаган осмондаги маконни беради.
2 Кор. 5:1
Книга на узбекском языке: Сила молящейся женщины (Сторми Омартиан)