Солномалар (биринчи китоб) 12 bob
1 Бирмунча вақт олдин Довуд шоҳ Шоулдан қочиб, Зихлах шаҳрида яшаб юрган пайтда баъзи баҳодир жангчилар унга қўшилган эдилар. Урушларда Довуд томонида жанг қилган бу жангчилар
2 Бенямин қабиласидан, Шоулнинг қариндош–уруғларидан эдилар. Улар моҳир камонкашлар бўлиб, ҳам ўнг, ҳам чап қўли билан ўқ ва тошларни отар эдилар.
3 Уларнинг бош сардори Гиволик Шамонинг ўғли Охазар эди. Охазарнинг ўнг қўл ёрдамчиси укаси Йўш эди. Қуйидагилар эса жангчилар эди: Озмобитнинг ўғиллари — Йизиёл ва Палат, Барака ва Онотўтлик Ёҳу,
4 “Ўттиз қаҳрамоннинг” сардори ва моҳир жангчиси — Гивонлик Йишмаё, Еремиё, Яхазиёл, Йўханон, Гадералик Йўзабад,
5 Элузай, Яримўт, Болиё, Шамариё ва Харуфлик Шафатиё,
6 Кўрах наслидан — Элқана, Ишшиё, Озариёл, Йўазар ва Ёшувам,
7 Гадўрлик Ерохамнинг ўғиллари — Йўлах ва Забадиё.
8 Гад қабиласидан баъзилари Довудга қўшилмоқчи бўлиб, адирлардаги пана жойларга бордилар. Улар тажрибали баҳодир жангчилар бўлиб, қалқон ва найзани усталик билан ишлатардилар. Шердай жасур, тоғ кийикларидай чаққон эдилар.
9 Эйзар уларнинг бош сардори бўлиб, иккинчиси — Ободиё, учинчиси — Элиёб,
10 тўртинчиси — Мишманах, бешинчиси — Еремиё,
11 олтинчиси — Аттай, еттинчиси — Элиёл,
12 саккизинчиси — Йўханон, тўққизинчиси — Элзабад,
13 ўнинчиси — Еремиё, ўн биринчиси Махбанай эди.
14 Гад қабиласидан бўлган бу жангчилар сардорлар бўлиб, орасидаги энг заифи юз кишига, энг кучлиси эса минг кишига бас кела олар эди.
15 Улар Иордан дарёсининг тошқин мавсумида — йилнинг биринчи ойида дарёдан кечиб ўтиб, шарқий ва ғарбий қирғоқлардаги водийларда яшайдиган халқни қувиб чиқарган эдилар.
16 Бир куни Бенямин ва Яҳудо қабиласидан баъзилар адирлардаги пана жойларга, Довуднинг ёнига келдилар.
17 Довуд уларни кутиб олгани чиқиб, уларга деди: “Агар бу ерга тинчлик билан, менга ёрдам бергани келган бўлсангизлар, қаторимизга марҳамат қилинглар. Борди–ю, мени душманларим қўлига топширмоқчи бўлиб келган бўлсангизлар, ота–боболаримизнинг Худоси буни кўриб жазоингизни берсин. Мен сизларга ҳеч қандай ёмонлик қилганим йўқ.”
18 Шунда “Ўттиз қаҳрамон”нинг сардори Эмосайни Худонинг Руҳи қамраб олди ва Эмосай гапира бошлади: “Биз сизникимиз, эй Довуд! Сиз томондамиз, эй Эссай ўғли! Омон бўлинг, илойим омон бўлинг! Сизга ёрдам берганлар ҳам омон бўлсин! Сизни қўллаган Худойингизнинг Ўзидир.” Довуд уларни жангчилари қаторига қўшиб, лашкарининг сардорлари қилиб тайинлади.
19 Довуд Филистларга қўшилиб, Шоулга қарши урушга отланганда, Манаше қабиласидан баъзилари Довуд томонга ўтиб олган эдилар. Бироқ натижада Довуд Филистлар томонида жанг қила олмаган эди, чунки Филист беклари маслаҳатлашиб: “Агар Довуд ўз хўжайини Шоул томонга ўтиб олса, бошимиз кетади”, деб уни орқага қайтариб юборган эдилар.
20 Довуд Зихлахга қайтиб кетаётганда, унинг томонига Манаше қабиласидан қуйидагилар ўтиб олган эдилар: Аднах, Йўзабад, Ёдиёл, Микойил, Йўзабад, Элиху, Зиллатай. Улар Манаше қабиласининг мингбошилари ҳамда
21 баҳодир жангчилари бўлганлари учун Довуд уларни ўз лашкари устидан лашкарбошилар қилиб тайинлади. Улар босқинчи тўдаларни йўқ қилишда Довудга ёрдам берган эдилар.
22 Кундан–кунга Довудга қўшилган одамларнинг сони кўпайиб борар эди. Натижада Худонинг лашкари сингари буюк бир лашкар ҳосил бўлди.
23 Довуд Хевронда турган пайтда кўп моҳир жангчилар келиб, унинг лашкари қаторига қўшилган эдилар. Эгамизнинг сўзига биноан, Шоулнинг ўрнига Довудни тахтга ўтқизмоқчи бўлган ўша жангчиларнинг сони қуйидагича эди:
24 Яҳудо қабиласидан қалқон ва найза билан қуролланган 6800 киши.
25 Шимўн қабиласидан — 7100 нафар баҳодир жангчи.
26 Леви қабиласидан — 4600 киши.
27 Буларнинг қаторига Ҳорун хонадонининг йўлбошчиси Ёҳайидо ва унинг 3700 одами,
28 ёш жангчи Зодўх ва унинг уруғидан 22 нафар сардор ҳам кирган эди.
29 Бенямин қабиласидан — Шоулга қариндош бўлган 3000 киши. Бенямин қабиласининг кўпчилиги шу пайтгача Шоул хонадонига садоқатини сақлаб келган эди.
30 Эфрайим қабиласидан — ўз уруғида донг таратган 20.800 баҳодир жангчи.
31 Иордан дарёсининг ғарб томонидаги Манаше қабиласининг ярмидан — 18.000 киши. Улар махсус танлаб олинган бўлиб, Довудни шоҳ қилиш мақсади билан Хевронга келган эдилар.
32 Иссахор қабиласидан — 200 нафар лашкарбоши ва уларнинг қўл остидаги одамлари. Бу лашкарбошилар Исроил халқининг нима қилишини ва қачон қилишини яхши билишар эди.
33 Забулун қабиласидан — 50.000 моҳир жангчи. Улар Довудга чексиз садоқати билан хизмат қилиш учун тиш–тирноғигача қуролланиб, жангга тайёр бўлиб келган эдилар.
34 Нафтали қабиласидан — 1000 нафар сардор ҳамда қалқон ва найза билан қуролланган 37.000 киши.
35 Дан қабиласидан — жангга тайёр 28.600 киши.
36 Ошер қабиласидан — жангга тайёр 40.000 моҳир жангчи.
37 Иордан дарёсининг шарқ томонидаги Рубен, Гад қабилаларидан ва Манаше қабиласининг ярмидан — 120.000 киши. Улар барча жанг аслаҳалари билан қуролланган эдилар.
38 Бу жангчиларнинг ҳаммаси жанговар ҳолатда бўлиб, Довудни бутун Исроил устидан шоҳ қилиш мақсадида Хевронга келган эдилар. Исроилнинг қолган халқи ҳам Довудни шоҳ қилиш мақсадига қўшилган эди.
39 Жангчилар Довуднинг ҳузурида уч кун қолиб, қариндошлари тайёрлаган таомлардан еб, ичимликлардан ичиб, зиёфат қилишди.
40 Шимолдаги Иссахор, Забулун ва Нафтали қабилаларининг олис ҳудудларидан ҳам одамлар келишган эди. Улар эшак, туя, хачир, ҳўкизларга бир талай ун, анжир қоқи, майиз, шароб, зайтун мойи каби егуликлар ортиб, олиб келишган эди. Булардан ташқари, кўплаб мол ва қўйларни етаклаб келишганди. Ҳа, бутун Исроилда хурсандчилик ҳукмрон эди.