Солномалар (биринчи китоб) 22 bob
1 Довуд шундай деди: “Эгамиз Худонинг уйи ҳам, Исроил халқи қурбонликлар куйдирадиган қурбонгоҳ ҳам шу ерда бўлади.”
2 Довуд Исроил юртидаги барча мусофирларни бир жойга йиғдирди. Улардан баъзиларини Худонинг уйини қуриш учун тош кесиб йўнадиган сангтарошлар қилиб тайинлади.
3 Довуд ёғоч дарвозалар учун ошиқ–мошиқ ва михлар ясагани кўп миқдорда темир сақлаб қўйди. Бронза ҳам шунчалик кўп эдики, ҳеч ким унинг ҳисобига ета олмасди.
4 У беҳисоб садр ёғочини ҳам сақлаб қўйди. Сидонликлар ва Тирликлар кўп миқдорда садр ёғочлари олиб келган эдилар.
5 Довуд ичида шундай деб айтар эди: “Ўғлим Сулаймон ёш, тажрибасиз. Эгамиз учун қуриладиган уй эса шу қадар салобатли бўлиши керакки, унинг донғи бутун дунёга ёйилиб, барча халқлар орасида шуҳрат топиши керак. Шундай экан, қурилиш учун ҳамма тайёргарликни ўзим кўриб қўяверай.” Шунинг учун Довуд ўлимидан олдин кўп миқдордаги ашёларни тайёрлаб қўйган эди.
6 Сўнгра Довуд ўғли Сулаймонни чақиртириб, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз учун уй қуришни унга топширди.
7 — Ўғлим! — деб гапини бошлади Довуд, — Мен Эгам Худога атаб бир уй қуриш ниятида эдим.
8 Лекин Эгам менга шундай сўзини юборган эди: “Сен кўп жанг қилиб, кўп қон тўкдинг. Ер юзида, Менинг олдимда шу қадар кўп қон тўкканинг учун Менга атаб уйни сен қурмайсан.
9 Аммо сендан бир ўғил туғилади. Ўғлинг тинчликсевар одам бўлади. Мен уни атрофдаги ҳамма ғанимлардан халос қилиб, тинчликка эриштираман. Унинг исми Сулаймон бўлади. Унинг ҳукмронлиги даврида Исроилга тинчлик, осойишталик ато қиламан.
10 Менга атаб уйни ўша ўғлинг қуради. У Менга ўғил бўлади, Мен унга ота бўламан. Унинг Исроилдаги шоҳлик тахтини то абад мустаҳкам қиламан.”
11 Энди, ўғлим, Худо сенга ёр бўлсин. Унинг уйини қураётганингда, Эганг Худо Ўз ваъдасига мувофиқ, сени муваффақиятга эриштирсин.
12 Эгам сенга идрок билан фаҳм–фаросат берсин, токи У Исроил ҳукмронлигини сенга топширганда, сен Эганг Худонинг қонунига риоя қила олгин.
13 Агар сен Эгамизнинг Исроил учун Мусога амр этган қонун–қоидаларини битта қолдирмай бажарсанг, муваффақиятга эришасан. Дадил ва ботир бўл. Қўрқма, ваҳимага тушма.
14 Мен Эгамизнинг уйи учун кўп машаққатлар билан 200.000 пуд олтин, 2.000.000 пуд кумуш, беҳисоб миқдорда бронза ва темир тайёрладим. Яна ёғоч ва тош ҳам тайёрлаб қўйдим. Сен буларга яна қўшишинг лозим.
15 Сенинг кўп ишчиларинг бор. Уларнинг орасида турли ҳунармандлар — тош йўнувчилар, тош терувчилар, дурадгорлар,
16 олтин, кумуш, бронза ва темирга ишлов берадиган, беҳисоб моҳир усталар бор. Қани, ишга бел боғла. Худо сенга ёр бўлсин.
17 Довуд Исроилнинг барча йўлбошчиларига, Сулаймонга ёрдам беринглар, деб амр қилиб, шундай деди:
18 “Эгангиз Худо сизлар билан бирга бўлиб, сизларга ҳар томондан тинчлик ато этди. Биздан олдин бу юртда яшаган халқни У менинг қўлимга берди. Улар энди Эгамизга ва Унинг халқига қарам бўлиб қолди.
19 Энди бутун қалбингиз ва юрагингиз билан Эгангиз Худога интилинг. Боринглар, Парвардигор Эгамизга атаб уй қуришни бошланглар, токи Аҳд сандиғи ва муқаддас ашёлар ўша ерда сақланадиган бўлсин.”