Солномалар (биринчи китоб) 23 bob
1 Довуд роса кексайиб, умри охирлаб қолгач, ўғли Сулаймонни Исроил устидан шоҳ қилди.
2 Довуд Исроилнинг ҳамма йўлбошчиларини, руҳонийларини ва левиларни тўплади.
3 У ўттиз ва ундан юқори ёшдаги левиларни ҳисоблади. Уларнинг жами 38.000 эркак чиқди.
4 Шунда Довуд айтди: “Булардан 24.000 нафари Эгамизнинг уйидаги ишлар учун масъул бўлади, 6000 нафари амалдорлар ва ҳакамлар бўлиб хизмат қилади,
5 4000 нафари дарвозабон бўлади, қолган 4000 нафари эса мен ясаттирган мусиқа асбобларини чалиб, Эгамизни мадҳ қилади.”
6 Довуд левиларни уруғларига кўра, Гершон, Қоҳот ва Марори гуруҳларига бўлди.
7 Гершоннинг Лубнах ва Шимах деган икки ўғли бор эди.
8 Лубнахнинг учта ўғли бўлиб, тўнғичи Ёхиёл, ўртанчаси Затом ва кенжаси Йўэл эди.
9 Улар Лубнах наслининг уруғбошилари эдилар. Шимахнинг Шалумўт, Хазиёл ва Харон исмли уч ўғли бор эди.
10 Кейинчалик Шимах яна тўрт ўғил кўрди, уларнинг тартиби қуйидагича эди: Яхат, Зизо, Ёуш ва Бариё.
11 Ёуш билан Бариёнинг ўғиллари кам бўлгани учун улар битта хонадон ҳисобланардилар.
12 Қоҳотнинг тўртта ўғли бўлиб, уларнинг исмлари Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл эди.
13 Имромнинг ўғиллари Ҳорун ва Мусо эди. Ҳорун Худога бағишланган бўлиб, энг муқаддас ашёлар учун масъулият то абад унинг ва унинг насли зиммасига юкланган эди. Улар Эгамизнинг ҳузурида қурбонликлар келтиришлари, Унга хизмат қилишлари ва то абад Унинг номидан халқни дуо қилишлари керак эди.
14 Худонинг одами Мусога келсак, унинг ўғиллари Леви қабиласининг бир қисми ҳисобланарди.
15 Мусонинг Гершом ва Элиазар деган икки ўғли бор эди.
16 Гершомнинг ўғиллари орасида Шавувол тўнғичи эди.
17 Элиазарнинг тўнғич фарзанди Рахавиё эди. Элиазарнинг ундан бўлак ўғиллари бўлмаса–да, Рахавиёнинг ўғиллари ниҳоятда кўп эди.
18 Қоҳотнинг иккинчи ўғли Изхор ҳам ўғиллар кўрган эди. Унинг тўнғич ўғли Шалумит эди.
19 Қоҳотнинг учинчи ўғли Хеврон тўрт ўғил кўрган эди. Тўнғич ўғлининг исми Ёриё, кейингилариники Эмориё, Яхазиёл ва Ёхамом эди.
20 Қоҳотнинг кенжа ўғли Узиёлнинг икки ўғли бор эди: тўнғичи Михо ва кенжаси Ишшиё.
21 Марорининг Махли ва Муши деган иккита ўғли бор эди. Махлининг Элазар ва Киш исмли иккита ўғли бор эди.
22 Элазар ўғил кўрмай ўтиб кетди. Ундан фақат қизлар туғилди. Унинг қизлари ўзларининг амакиваччалари — Кишнинг ўғилларига турмушга чиқдилар.
23 Мушининг Махли, Эдер ва Ёримўт исмли уч ўғли бор эди.
24 Хуллас, левиларнинг номма–ном рўйхатга киритилган авлодлари, уларнинг уруғ ва хонадонлари шулардан иборат эди. Йигирма ва ундан юқори ёшдаги левилар Эгамизнинг уйидаги хизматга тайинланган эдилар.
25 Довуд шундай деган эди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Ўз халқига тинчлик ато қилди. Энди У Қуддусда абадий истиқомат қилади.
26 Шундай экан, бундан буён левилар Муқаддас чодирни ёки унда ишлатиладиган ашёларни кўтариб юришлари шарт эмас.”
27 Довуднинг охирги фармонига кўра, йигирма ва ундан юқори ёшдаги левилар рўйхатга олинган эдилар.
28 Левиларнинг вазифаси Эгамизнинг уйидаги хизматда Ҳорун наслига ёрдам бериш эди. Бунга: ҳовли ва ён хоналарга масъул бўлиш, муқаддас ашёларни поклаш ва Эгамизнинг уйидаги ҳар қандай бошқа юмушларни бажариш вазифалари кирар эди.
29 Шунингдек, левилар Эгамиз ҳузуридаги хонтахта устига қўйиладиган нонлар, дон назри учун сифатли ун, хамиртурушсиз чалпаклар, пишириб тайёрланадиган назрлар, зайтун мойи аралаштирилган назрлар, назрларнинг оғирлиги, сони ва ҳажми учун масъул эдилар.
30 Ҳар куни эрталаб ва кечқурун улар Маъбадда Эгамизга шукроналар айтиб, ҳамду санолар куйлашлари керак эди.
31 Шаббат кунлари, янги ой ва бошқа белгиланган байрамларда қурбонликлар куйдирилганда ҳам шукроналар айтиб, ҳамду санолар куйлаш уларнинг зиммасида эди. Эгамизнинг ҳузурида доимо хизмат қилаётган левиларнинг сони қоидага мувофиқ бўлиши шарт эди.
32 Демак, левилар Учрашув чодири ва Маъбад учун масъул бўлиб, Эгамизнинг уйида хизмат қилган ўз қариндошлари — Ҳорун наслига ёрдам беришлари керак эди.