Аюб 1 bob
1 Бир вақтлар Уз деган юртда Аюб исмли бир одам яшар эди. Бу одам айбсиз ва солиҳ эди. У Худодан қўрқарди, фосиқликдан юз ўгирган эди.
2 Унинг етти ўғли ва уч қизи бор эди.
3 Унинг яна етти мингта қўйи, уч мингта туяси, омочга қўшиладиган беш юз жуфт ҳўкизи, беш юзта эшаги ва жуда ҳам кўп хизматкорлари бор эди. Бу киши шарқда яшайдиганлар орасида энг буюк одам эди.
4 Аюбнинг ўғиллари бир–бирларининг уйларига бориб, зиёфатлар уюштиришар, опа–сингилларини ҳам меҳмонга чақиришар эди.
5 Зиёфатлар тугагандан кейин Аюб фарзандларини чақиртирарди. “Фарзандларим юракларида Худони лаънатлаб, гуноҳ қилган бўлишлари мумкин”, дея эрта тонгда уларнинг ҳар бири учун куйдириладиган қурбонликлар келтириб, уларни покларди. Аюб ҳар доим шундай қилар эди.
6 Бир куни илоҳий зотлар Эгамизнинг олдига келишди. Уларнинг орасида шайтон ҳам бор эди.
7 Шайтондан Эгамиз: — Қаердан келяпсан? — деб сўради. Шайтон: — Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим, — деб жавоб берди.
8 Шайтонга Эгамиз шундай деди: — Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган.
9 Шайтон шундай жавоб берди: — Аюб бекордан–бекорга Сендан қўрқармиди?!
10 Унинг хонадонини, ўзини, бор нарсасини ҳимоя қиласан–ку! Ҳар бир қилган ишига барака берасан. Қара, унинг мол–қўйлари бутун юрт бўйлаб ёйилиб кетган.
11 Ҳозир ундан бор нарсасини олиб қўйгин–чи! У юзингга қараб Сени лаънатлайди.
12 Шайтонга Эгамиз шундай деди: — Майли, Аюбнинг бор–буди сенга, фақатгина унинг ўзига қарши қўл кўтарма! Шундай қилиб, шайтон Эгамизнинг ҳузуридан кетди.
13 Бир куни Аюбнинг фарзандлари зиёфат қилиб ўтиришган эди. Улар энг катта акаларининг уйида йиғилгандилар.
14 Аюбга бир хизматкори қуйидаги хабарни келтирди: “Ҳўкизларингизни омочга қўшиб, ер ҳайдаётган эдик. Эшаклар олдимизда ўтлаб юрганди.
15 Бир тўда Саволиклар бизга ҳужум қилишди. Улар ҳамма ҳайвонларни ўғирлаб кетишди. Далада ишлаётганларнинг ҳаммасини эса ўлдиришди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”
16 У шу гапларни айтиб улгурмасданоқ, яна бир хабарчи келиб, шундай деди: “Осмондан яшин тушиб, ҳамма қўю чўпонларингизни куйдириб юборди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”
17 У гапларини тугатмасдан туриб, учинчи хабарчи келиб шундай деди: “Уч тўда Халдейлар келиб, туяларингизни ўғирлаб кетишди. Хизматкорларингизни эса ўлдиришди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”
18 У шу гапларни айтаётган ҳам эдики, яна бир хабарчи келиб деди: “Ўғил–қизларингиз энг катта акаларининг уйида зиёфат қилиб ўтиришган эди.
19 Бирданига чўлдан қаттиқ шамол туриб, уйни тўртала томонидан урди. Уй қулаб тушиб, фарзандларингизни босиб қолди. Уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”
20 Аюб туриб, қайғудан кийимини йиртиб ташлади. Кейин сочини қириб ташлаб, ерга мук тушди.
21 У шундай деди: “Онамнинг қорнидан яланғоч тушгандим, дунёдан ҳам яланғоч кетаман. Ҳамма нарсамни Худо берган эди, Худонинг Ўзи олиб қўйди. Эгамнинг номига ҳамду санолар бўлсин!”
22 Шунча кўргиликлардан кейин ҳам, Аюб Худони айбламади, гуноҳ қилмади.