1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Солиҳлар жамоасида бўлганимда, Бутун қалбимдан Эгамга шукур айтаман.
2 Эгамизнинг ишлари буюкдир, Улардан лаззат олувчилар улар ҳақда фикр юритадилар.
3 Эгамизнинг ишлари улуғвор, ҳайбатлидир, Унинг адолати то абад давом этади.
4 Эгамиз унутилмас ажойиботларни яратди, У раҳмдил ва шафқатлидир.
5 Ўзидан қўрққанларга ризқ–рўзини беради, Ўз аҳдини доимо ёдида тутади.
6 Халқига қудратли ишларини кўрсатди, Бошқа халқлар ерини уларга берди.
7 Ҳамма ишларида содиқ, адолатлидир, Унинг ҳамма амрлари ишончлидир.
8 Уларнинг ҳаммаси то абад мустаҳкам туради, Эгамиз уларни садоқат, тўғрилик ила ижро қилди.
9 У халқини қутқарди, То абад аҳди билан уларни Ўзига боғлади. Унинг номи муқаддас, қўрқинчлидир.
10 Эгамиздан қўрқиш доноликнинг бошидир, Бундай йўл тутганларнинг ақли расодир, Унинг ҳамду санолари то абад давом этади.