1 Ижрочилар раҳбарига. “Тонгда чиққан кийик” куйига айтиладиган Довуд саноси.
2 Эй Худойим! Нега мени тарк этдинг?! Нега мендан узоқдасан шу қадар?! Эй Худойим! Нечун менга нажот бермайсан?! Оҳу нолаларимни эшитмайсан?!
3 Эй Худойим, кун бўйи илтижо қиламан, Сен эса жавоб бермайсан. Тун бўйи ёлвораман, Аммо менга тинчлик йўқ.
4 Барибир Сен Муқаддас Худосан, Исроилнинг ҳамду саноси қуршаб олган тахтингни.
5 Ота–боболаримнинг умиди Сенда эди, Сен уларга нажот бердинг.
6 Улар Сенга нола қилиб, нажот топдилар, Улар Сенга ишониб, уялиб қолмадилар.
7 Ахир, мен инсон эмас, бир қуртдирман. Одамлар ҳазар қилган, халқлар нафратланган.
8 Мени кўрган ҳар ким устимдан кулар, Мени ҳақоратлаб, бош чайқаб дерлар:
9 “Эгангга ишон, Ўзи қутқариб олар, Эганг сендан мамнун бўлса, У нажот берар.”
10 Онам қорнидан Сен мени чиқарган эдинг, Онам бағрида Ўзинг мени омон сақлаган эдинг.
11 Сенга таянаман туғилганимдан буён, Менинг Худойимсан онам дунёга келтиргандан буён.
12 Мендан узоқ бўлмагин! Ахир, кулфат ёнгинамда–ку, Менга мадад бергувчи бирон кимса йўқ!
13 Бир гала буқалар Мени қуршаб олган, Ҳа, Башан ўлкасининг кучли буқалари Мени ўраб олган.
14 Ўкириб ўлжасини пора қиладиган шерга ўхшаб, Мен томон улар оғизларини катта очган.
15 Ҳаётим сув каби тўкилди, Суякларим бўғинидан бўшашди, Юрагим мум каби ичимда эриб кетди.
16 Мадорим қуриб, сопол парчасидай бўлиб қолдим, Тилим танглайимга ёпишиб қолди, Мени ўлим тўшагига ётқиздинг.
17 Атрофимда кўппаклар изғийди, Бадкирдорлар тўдаси мени қуршаб олгандир, Қўлу оёқларимни улар илма–тешик қилади.
18 Ҳамма суякларим кўриниб туради, Душманларим кўзларини чақчайтириб, Еб қўйгудек бўлади.
19 Кийимларимни улар ўзаро бўлишган, Либосим учун қуръа ташлашган.
20 Мендан узоқ турма, эй Эгам! Кучим манбаи Сенсан! Тез кел, ёрдам бер!
21 Жонимни қилич дамидан қутқар, Ҳаётимни кўппаклар чангалидан қутқар!
22 Шерлар оғзидан қутқаргин мени! Ёввойи буқалар шохидан асрагин мени! Сен илтижоимга жавоб бердинг.
23 Биродарларимга Сен ҳақингда айтаман, Жамоа орасида Сенга ҳамду сано ўқийман.
24 Уларга шундай дейман: “Эгамизга ҳамду сано айтинг, эй Ундан қўрққанлар! Эгамизни улуғланг, эй Ёқуб насли! Эгамизни иззатланг, эй Исроил насли!
25 Кулфатда қолган бечорадан Эгамиз юз ўгирмади. Унинг қайғуларидан ҳазар қилмади, нафратланмади. Бечоранинг нолаларини Эгамиз эшитди.”
26 Улуғ жамоа ичра Ҳамду сано айтишимнинг сабаби Сенсан. Сендан қўрққанлар олдида онтимни адо этаман.
27 Эй Эгам, қашшоқлар еб тўядилар, Сенга юз бурганлар Сени мадҳ қиладилар, Улар дунё тургунча турсинлар!
28 Эгамизни эслаб, Унга юз бурсинлар Ер юзидаги жамики инсонлар! Жамики уруғу элатлар Унга сажда қилсинлар!
29 Эгамиз ҳокимияти мутлақдир, Элатлар устидан У ҳукмрондир.
30 Жамики бойлар ҳам зиёфат еб, Унга таъзим қилади. Тупроқ остига кетаётганлар ҳам Унга сажда қилади, Ҳатто ўз ҳаётини сақлай олмайдиганлар таъзим қилади.
31 Авлодлар Унга хизмат қилади, Келгуси насллар Раббий ҳақида эшитади.
32 Улар келиб Эгамизнинг нажоти ҳақида эълон қилади, Унинг қилганларини ҳали туғилмаган халқларга айтади.