1 Бенямин қабиласидан бўлган Кушнинг қилмишлари туфайли Довуднинг Эгамизга айтган марсияси.
2 Сенда паноҳ топаман, эй Эгам Худо, Пайимга тушганлардан халос эт, қутқар мени.
3 Йўқса, улар мени шердай ғажиб ташлайди, Бурда–бурда қилади, ҳеч ким мени қутқаролмайди.
4 Эй Эгам Худо! Агарда кимгадир ноҳақлик қилган бўлсам, Дўстимни душманига сотган бўлсам мабодо,
5 Ғанимимни сабабсиз талаган бўлсам, Ҳа, агарда у ишларни қилган бўлсам,
6 Душманларим таъқиб қилсин, тутсин мени, Танамни тупроққа қорсин, Жасадимни ерга ташласин.
7 Қани, ғазабингни сочгин, эй Эгам! Қўзғал ёвларимнинг қаҳрига қарши! Кўриб, адолат қилгин!
8 Халқларни атрофингга тўплагин, Баланддаги тахтингда ўтириб, Улар устидан ҳукмронлик қилгин.
9 Эй Эгам, олий Ҳакам Ўзингсан, Сен халқларни ҳукм қиласан. Эй юксалган Эгам, Ҳукм пайтида юзимни ёруғ қил, Биласан–ку, солиҳман, бегуноҳман.
10 Фосиқларнинг ёвузлиги барҳам топсин, Солиҳлар барқарор бўлсин. Онгу юракларни синагувчи Сенсан, Эй одил Худо!
11 Менинг қалқонимдир юксалган Худо, Покдилларга У нажот беради.
12 Адолатли ҳакамдир Худо, Қабиҳга У доим ғазабини сочади.
13 Агар инсон тавба қилмаса, Худо қиличини чархлайди, Камонини тайёр қилиб туради.
14 Қирғин қуролларини шай қилиб қўйган, Оловли ўқларини тайёрлаб қўйган.
15 Ана, қабиҳлар қабиҳликдан уруғ орттиради, Дарду балолардан ҳомиладор бўлади, Охир–оқибатда ёлғонни туғади.
16 Улар чуқур қазийдилар, Аммо чоҳга ўзлари қулайдилар.
17 Уларнинг дарду балоси ўзига қайтади, Зўравонлиги ўзларининг бошига етади.
18 Эгамизга, адолатинг учун шукур, дейман. Эгамиз — Худойи Таолога ҳамду санолар куйлайман.