Забур 73 bob
1 Эй Худо! Нечун бизни то абад рад этасан?! Нечун яйловдаги қўйларингга ғазабингни сочасан?!
2 Азалда Ўзингники қилиб олган халқингни ёдингда тут. Ўзимнинг мулким бўлсин деб, қутқарган халқингни, Ўзинг маскан қилган Сион тоғини ёдингда тут.
3 Даҳшатли бу хароба томон қадам босиб кўр, Қара, муқаддас маскандаги борини ғаним йўқ қилди.
4 Ғанимларинг шовқин–сурони муқаддас масканингни тўлдирди, Байроқларини улар белги қилиб ўрнатди.
5 Ўзларини болтаси бор одамдай тутдилар, Ўрмондаги дарахт кесувчилардай тутдилар.
6 Сўнгра болтаю болғалар билан Парчаладилар унинг ўймакор ишларини.
7 Муқаддас масканингга ўт қўйдилар, Сен улуғланадиган маконни ҳаром қилдилар, Маъбадингни ер билан битта қилдилар.
8 “Уларни тамомила қириб ташлаймиз”, деб ўз кўнглида айтдилар, Юртдаги барча саждагоҳларни ёқиб ташладилар.
9 Биронта ҳам пайғамбар қолмади, Мўъжиза аломатларини топа олмаймиз. Қачонгача давом этар бу? Биронтамиз билмаймиз.
10 Эй Худо, қачонгача ғаним Сени масхара қилар?! Сени душман то абад ҳақорат қиларми?!
11 Нечун ўнг қўлингни ишга солмайсан?! Қўлингни қўйнингдан чиқариб, Уларни қириб ташлагин!
12 Эй Худо, азалдан менинг Шоҳимсан, Ер юзига Сен нажот олиб келасан.
13 Қудратинг билан денгизни бўлган Сенсан, Денгиз аждарларининг бошини мажақлагансан.
14 Махлуқ Левитаннинг бошларини эзиб ташлагансан, Чўл жонзотларига уни емиш қилиб бергансан.
15 Булоқлару анҳорларни очган Сенсан, Оқар дарёларни қуритган ҳам Сенсан.
16 Кундуз Сеникидир, тун ҳам Сеники, Қуёш ва ойни бунёд этгансан.
17 Заминнинг чегарасини Сен ўрнатгансан, Ёз ва қишни ҳам ўрнатган Сенсан.
18 Эй Эгам, душманнинг масхаралашини, Аҳмоқ одамлар Сени ҳақоратлашини ёдингда тут.
19 Каптарларинг ҳаётини ёввойи ҳайвонларга берма, Мазлум халқингнинг ҳаётини то абад унутма.
20 Биз билан қилган аҳдингни эсла, Юртдаги зулмат жойлар зўравонликка тўла.
21 Шармандаликка мазлум дучор бўлмасин, Фақиру бечора Сенга ҳамду сано айтсин.
22 Қани, эй Худо, даъвоингни исбот қилгин, Аҳмоқлар кун бўйи Сени масхара қилишини ёдда тут.
23 Душманларинг шовқин–сурони кўтарилаверади, Уларнинг бақир–чақириғини эътиборсиз қолдирма.