1 Эгамиз Шоҳдир, замин қувонсин, Денгиз ортидаги ҳамма юртлар шод бўлсин.
2 Булутлар, зимзиё зулмат Унинг атрофини ўраган, Адолату ҳақиқат Унинг тахтига пойдевор бўлган.
3 Эгамиз оловини Ўзидан олдин юборади, Олови ҳар тарафдаги душманларни ютади.
4 Чақмоқлари оламни ёритади, Замин буни кўриб титрайди.
5 Бутун оламнинг Раббийси олдида, Эгамиз олдида тоғлар мумдай эрийди.
6 Самолар эълон қилади Унинг адолатини, Жамики халқлар кўради Унинг улуғворлигини.
7 Бутларга сажда қилувчилар, Беҳуда санамлари ила мақтанувчилар Шарманда бўлади.Барча худолар Эгамизга таъзим қилади.
8 Эй Эгам! Сенинг адолатингдан Яҳудо шаҳарлари шод бўлади, Қуддус эшитиб, қувонади.
9 Эй Эгам, ер юзидаги буюк ҳукмдор Сенсан, Ҳамма худолардан Сен юксалгансан.
10 Эй Эгамизни севганлар! Ёмонликдан нафратланинг. У тақводорларининг жонларини Ўзи асрайди, Фосиқларнинг қўлидан уларни халос этади.
11 Солиҳларга нур сочилгай, Юраги поклар узра шодлик ёйилгай.
12 Эй солиҳлар, Эгамиз туфайли шодланинг, Унинг муқаддас номини олқишланг!