ВОИЗ КИТОБИ
Кириш
Мазкур китоб инсон ҳаётининг мақсади ва моҳияти ҳақида чуқур ўйлаган донишманд Воизнинг фикрларидан иборат. Муқаддас Китоб олимларининг фикри бўйича, Воиз шоҳ Сулаймондир. Кекса ёшга бориб қолган Воиз ўз бошидан кечирганларига назар ташлаб, дунёнинг ишлари ҳақида фикр юритади. Унинг назарида бу дунё инсон тушунмайдиган, бошқаларга ҳам тушунтириш қийин бўлган масалаларга тўладир. Воизнинг таъкидлашича, ўлим ортига ҳеч ким назар ташлай олмайди. Воиз инсонларни ва уларнинг қобилиятларини ўрганиб чиқади. У инсон донолигининг, ҳатто тақводор инсон донолигининг ҳам чегаралари бор, деган хулосага келади. Бу донолик билан инсон Худонинг буюк мақсадларини тушуна олмайди, ҳаётнинг маъносини била олмайди, тагига ета олмайди. Воиз дунёга назар ташлар экан, инсон гоҳ у нарсанинг, гоҳ бу нарсанинг орқасидан қувганини кўради. Инсон дунёни ўзига бўйсундирмоқчи бўлиб, унинг сирларини билишга интилади. У гўё дунёдаги энг муҳим қонун–қоидаларни ўзгартира оладигандай, ўз тақдирини ҳал қила оладигандай меҳнат қилишдан ҳоримайди. Инсон ўз орзу–умидларини рўёбга чиқаришга бекорга интилаётганини Воиз кўради, лекин бу орзу–умидлар ҳам Воизнинг назарида “беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.” Воиз бизга ҳамма нарсани борича қабул қилишни ўргатади. Барча нарсаларни Худо Ўз мақсадига кўра тайин этган, уларнинг ҳаммасини, ҳатто инсоннинг камчиликларини ҳам Худо белгилаган. Шунинг учун инсон сабр–тоқатли бўлиб, Худо берган ҳаётдан завқланиши керак. Инсон ўз қобилиятларининг чегараланганини тан олиши, қурби етмайдиган нарсаларга интилиб, қайғуларини орттирмаслиги керак. Энг муҳими Воизнинг қуйидагича хулосасидир: “Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар, чунки бу ҳамманинг бурчидир. Ҳар бир ишни, ҳатто яширин қилинган ишларни ҳам, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, Худо ҳукм қилади.” (12:13-14)