Еремиё 16 bob
1 Эгамизнинг қуйидаги сўзи менга аён бўлди:
2 “Оила қурма, бу юртда ўғил–қизларинг бўлмасин.
3 Бу юртда туғилган ўғил–қизлар ҳақида ва уларни дунёга келтирган ота–оналар ҳақида Мен, Эганг, айтаманки,
4 улар оғир хасталиклардан ҳалок бўлишади. Улар учун ҳеч ким аза тутмайди, жасадларини кўмадиган бирон кимса бўлмайди, жасадлари гўнг каби, ер устида ётаверади. Улар қиличдан ва қаҳатчиликдан ҳалок бўлишади, жасадлари қушлар ва ёввойи ҳайвонларга ем бўлади.
5 Мен сенга айтаман: азадор уйга кирма, мотам тутма, таъзия билдирма. Мен бу халқни тинчлик–хотиржамлигимдан маҳрум қилдим. Мен бу халқни севмайман, уларга меҳр–шафқат кўрсатмайман, — деб айтмоқда Эгамиз. —
6 Бу юртнинг каттаю кичиги ўлиб кетади, уларни ҳеч ким кўммайди. Ҳеч ким улар учун аза тутмайди, қайғудан баданини тилмайди, сочини олдирмайди.
7 Азадорларга тасалли бериш учун ҳеч ким овқат олиб чиқмайди. Ота ёки онасидан жудо бўлганларга тасалли бериш учун ҳеч ким бир коса шароб узатмайди.
8 Зиёфат бўлаётган уйга кирма, улар билан ўтириб, еб–ичма.
9 Чунки сенинг замонингда шоду хуррамлик садоларига, келин–куёвнинг хурсандчилик овозларига чек қўяман, — деб айтмоқда Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам. — Буни ўз кўзинг билан кўрасан.
10 Айтганларимнинг ҳаммасини одамларга гапириб берганингда, улар сендан шундай деб сўрайдилар: «Нега Эгамиз бизга бундай кулфатларни раво кўряпти? Айбимиз нима? Эгамиз Худога қарши нима гуноҳ қилдик?»
11 Сен уларга шундай жавоб бер: «Эгамиз айтмоқда: ота–боболарингиз Мени тарк этдилар. Қонунларимга риоя қилмасдан, Мендан юз ўгирдилар. Бошқа худоларга эргашдилар, уларга хизмат қилиб, сажда этдилар.
12 Сизларнинг гуноҳларингиз эса ота–боболарингизникидан ҳам ошиб тушди. Мана, ҳар бирингиз ёвуз юрагингизнинг ўжарликларига итоат қиляпсиз, Менга қулоқ солмаяпсиз.
13 Шунинг учун Мен сизларни бу ердан бошқа бир юртга улоқтириб юбораман. У юртни ўзингиз ҳам, ота–боболарингиз ҳам билмайдилар. У ерда сизлар кечаю кундуз бошқа худоларга хизмат қиласизлар. Энди Мен сизларга раҳм қилмайман.»”
14 Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, одамлар онт ичганда: «Исроил халқини Мисрдан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб айтмайдиган бўлади.
15 Бунинг ўрнига улар: «Исроил халқини шимолдаги юртдан ва Ўзи сургун қилган барча бошқа юртлардан олиб чиққан Эгамиз шоҳид», деб онт ичадиган бўлишади. Мен халқимни Ўзим ота–боболарига берган юртга қайтариб олиб келаман.”
16 Эгамиз шундай демоқда: “Мана, Мен талай душманни юборяпман. Улар халқимни балиқчилар каби, тутиб оладилар. Ўша душманлар кетидан бошқаларини жўнатаман, улар овчилар каби, халқимни ҳар бир тоғда, ҳар бир тепаликда, қояларнинг жарликларида овлайдилар.
17 Мен халқимнинг тутган ҳамма йўлларини кўриб турибман. Уларнинг ёвуз йўллари Мендан яширин эмас. Ҳамма гуноҳлари кўз ўнгимда.
18 Қилган гуноҳлари ва қилмишлари учун халқимга икки баробар қилиб қайтараман. Зотан, улар жонсиз, жирканч худолари билан юртимни ҳаром қилдилар, Менинг мулкимни макруҳ бутларга тўлдирдилар.”
19 Эй Эгам, менинг қудратим, қўрғонимсан, Кулфат кунида паноҳимсан. Дунёнинг тўрт бурчагидан халқлар Сенинг олдингга келиб, айтади: “Аждодларимизнинг сохта бутларидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ эди, Бу бетайин бутларидан фойда бўлмаган эди.
20 Инсон ўзи учун худоларни ясай оладими?! Бундай худолар ҳақиқий Худо эмас–ку!”
21 Эгамиз шундай дейди: “Шундай экан, уларга сабоқ берай, Куч–қудратимни уларга кўрсатиб қўяй. Шунда Эгангиз Мен эканлигимни билиб олишади.”