Амос 1 bob
1 Ушбу китобда Тахувада чорвадор бўлган Амоснинг сўзлари баён этилган. Исроил тўғрисидаги бу сўзлар Амосга зилзиладан икки йил аввал ваҳий орқали аён бўлган эди. Ўша даврда Яҳудо юртида шоҳ Уззиё, Исроил юртида эса Ёҳўш ўғли шоҳ Ёрубом ҳукмронлик қилаётган эдилар.
2 Амос шундай деди: “Эгамиз Қуддусдан туриб ҳайқиради, Сиондан гулдурос овози янграйди! Чўпонларнинг яйловлари қуриб қолади, Кармил чўққисидаги ўтлар хазон бўлади.”
3 Эгамиз шундай демоқда: “Дамашқ аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман, Ахир, улар Гилад аҳолисини темир тишли хўптир билан янчди.
4 Шундай экан, Мен шоҳ Хазайилнинг саройига олов ёғдираман, Олов Банҳададнинг қалъаларини ёндириб юборади.
5 Мен Дамашқ дарвозаларининг тамбаларини синдираман. «Қабиҳлик водийси»нинг ҳукмдорини йўқ қиламан, Байт–Эденда салтанат ҳассасини тутган зотни ҳалок қиламан. Орам халқи асирликка тушади, Хир юртига олиб кетилади.” Эгамизнинг каломи шудир.
6 Эгамиз шундай демоқда: “Ғазо аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман, Ахир, улар халқимнинг қишлоқларидаги аҳолисини Асирликка олиб, Эдом халқига қул қилиб сотдилар.
7 Шундай экан, Мен Ғазо деворига олов ёғдираман, Олов Ғазо қалъаларини куйдириб ташлайди.
8 Мен Ашдод шаҳрининг ҳукмдорини йўқ қиламан, Ашқалонда салтанат ҳассасини тутган зотни ҳалок қиламан. Эхрон шаҳрига қарши қўл кўтараман, Омон қолган Филистларни қириб ташлайман!” Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.
9 Эгамиз шундай демоқда: “Тир аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар биродарлик иттифоқини унутиб, Халқимнинг қишлоқларидаги аҳолисини Эдомликларга қул қилиб сотдилар.
10 Шундай экан, Мен Тир деворига олов ёғдираман, Олов Тир қалъаларини куйдириб ташлайди.”
11 Эгамиз шундай демоқда: “Эдом аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар қардоши Исроил халқига раҳм қилмадилар. Уларни қилич билан таъқиб қилиб, Қаҳрини чексиз сочдилар, Ғазабидан ҳеч тушмадилар.
12 Шундай экан, Мен Темон шаҳрига олов ёғдираман, Бозрах қалъаларини олов куйдириб ташлайди.”
13 Эгамиз шундай демоқда: “Оммон халқи гуноҳ устига гуноҳ қилди, Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар ҳудудини кенгайтириш учун Гиладга ҳужум қилдилар, Ўшанда ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёрдилар.
14 Шундай экан, Мен Рабба шаҳрининг деворига ўт қўяман, Олов Рабба қалъаларини куйдириб ташлайди. Ўша куни жангдаги ҳайқириқлар фалакни тутади, Жанг бўрон каби авж олади.
15 Оммон шоҳи сургун қилинади, У билан бирга мулозимлар ҳам олиб кетилади.” Эгамизнинг каломи шудир.