Юнус 1 bob
1 Бир куни Амитай ўғли Юнусга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:
2 “Қани, бўл, қудратли Найнаво шаҳрига бор. Жар солиб, у ердагиларни огоҳлантир, чунки шаҳар аҳли қилган қабиҳликлар Менга етиб келди.”
3 Юнус йўлга тушди, лекин Эгамиздан қочиб бошқа томонга кетмоқчи бўлди. У Яффага келиб, у ерда Таршишга* борадиган кемани топди. Йўл ҳақини тўлади–да, Эгамиздан қочиб Таршишга сузиб кетгани кемачилар билан кемага чиқди.
4 Аммо Эгамиз шундай кучли шамол қўзғатдики, денгизда даҳшатли бўрон бошланди. Бўрон кемани парчалаб юборай дерди.
5 Бундан кемачилар ваҳимага тушиб, ҳар бири ўз худосига ёлворди. Кейин, кема енгиллашсин деб, у ердаги юкларни денгизга улоқтира бошладилар. Юнус эса кеманинг ичкарисига кириб, қаттиқ уйқуга кетган эди.
6 Бир пайт кема дарғаси Юнуснинг ёнига келиб: “Нега сен ухлаб ётибсан? Тур, худойингга ёлвор! Балки у бизларни эсласа, ҳалок бўлмасмиз”, деди.
7 Кемадагилар эса бир–бирларига: “Келинглар, қуръа ташлайлик, шунда бу фалокат ким сабабли бошимизга келганини биламиз”, дедилар. Қуръа ташлаган эдилар, қуръа Юнусга тушди.
8 Кейин Юнусдан сўрадилар: “Бизга айт–чи, нима сабабдан бошимизга бу фалокат тушди? Сен кимсан? Қаердан келяпсан? Қайси юртдансан? Қанақа халқдансан?”
9 Юнус уларга шундай жавоб берди: “Мен ибронийман, денгиз ва қуруқликни яратган Самовий Худо — Эгамга сиғинаман.”
10 Улар Юнуснинг Эгамиздан қочиб кетаётганини билардилар. Чунки Юнуснинг ўзи бу ҳақда уларга айтган эди. Улар бу гапни эшитиб, яна ҳам қаттиқроқ даҳшатга тушдилар ва унга: “Нега бундай қилдинг–а?!” дедилар.
11 Кемадагилар Юнусга: “Денгиз тинчланиши учун сени нима қилсак экан–а?” деб сўрадилар. Чунки денгиз янада ваҳима билан тўлқинланарди.
12 Шунда Юнус кемадагиларга деди: “Мени олиб, денгизга улоқтирсангизлар, денгиз тинчланади. Биламан, бу кучли бўрон мен туфайли бошларингизга келган.”
13 Кемадагилар эса кемани қуруқликка олиб бормоқчи бўлиб роса эшкак эшдилар, аммо бунга муваффақ бўла олмадилар, чунки денгиз уларга қарши баттар қутураётган эди.
14 Шунда улар Эгамизга ёлвордилар: “Эй Эгамиз! Сен Ўзингга маъқул бўлганини қилиб, бизни шу аҳволга солдинг. Эй Эгамиз! Сенга илтижо қиламиз: шу одамнинг жони учун бизларни ҳалок қилма, бегуноҳ одамнинг ўлимига бизларни жавобгар қилма.”
15 Шундан кейин Юнусни олиб денгизга улоқтирган эдилар, денгиз тинчланиб қолди.
16 Бу воқеани одамлар кўргач, Эгамиздан қаттиқ қўрқдилар. Унга қурбонлик қилиб, назр атадилар.