ХАГГЕЙ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Мазкур китоб милоддан олдинги 520 йилда Худо Хаггей пайғамбар орқали юборган хабарлардан ташкил топган тўпламдир. Милоддан олдинги 538 йилда Форс шоҳи Куруш берган фармонга кўра, яҳудийлар Бобилдан Қуддусга қайтиб, Маъбадни қайта қуришга киришадилар. Бироқ кўп қаршиликлар сабабли қайта қуриш ишлари тўхтаб қолади. Милоддан олдинги 520 йилгача яҳудийларнинг аксарият қисми Бобилдаги сургундан қайтиб келади. Бироқ одамлар Худонинг уйига эътиборсиз бўлиб, фақат ўз уйларини қуриш, шинам қилиш билан овора бўлишади. Халқнинг Худога бўлган бундай ҳурматсизлиги ва итоатсизлиги кўп кулфатларга сабаб бўлади: осмондан шудринг тушмайди, ер ҳосил бермайди, юртда қаҳатчилик ҳукм суради, халқ қашшоқлашади, қилган меҳнатлари самарасиз бўлади. Хаггей пайғамбар бепарво бўлган Яҳудо халқини Маъбадни тиклашга чақиради. Зеро, шу орқалигина халқ Худога ўзининг чин ҳурмати ва эътиборини намоён қила оларди. Халқ Маъбадни қуришни бошлагандан кейин, Худо уларга барака беришни ва юртига фаровонлик ато этишни ваъда қилади.