Саҳрода (4-Таврот) 9 bob
1 Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин, иккинчи йилнинг биринчи ойида Эгамиз Синай саҳросида Мусога деди:
2 “Исроил халқига айт, улар Фисиҳ зиёфатини белгиланган вақтда,
3 шу ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун нишонлашсин. Байрамнинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилишсин.”
4 Шундай қилиб, Мусо Исроил халқига: “Фисиҳ зиёфатини нишонланглар”, деб буйруқ берди.
5 Исроил халқи биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун Синай саҳросида Фисиҳ зиёфатини нишонлади. Улар ҳамма нарсани Эгамизнинг Мусога берган амри бўйича қилишди.
6 Бироқ одам мурдасига тегиб ҳаром бўлганлар ўша куни Фисиҳ зиёфатида иштирок этиша олмади. Улар ўша куниёқ Мусо билан Ҳоруннинг ҳузурига келиб шундай дейишди:
7 — Биз мурдага текканимиз учун ҳароммиз. Лекин нима учун биз четда қолишимиз керак? Биз ҳам, Исроил халқи қатори, белгиланган вақтда Эгамизга қурбонлик келтирмоқчимиз!
8 Мусо уларга: — Кутиб туринглар–чи, Эгамиз сизлар тўғрингизда қандай амр берар экан, эшитай, — деди.
9 Мусога Эгамиз шундай деди:
10 — Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Бирортангиз ёки авлодларингиздан кимдир мурдага тегиб ҳаром бўлса ёки сафарга кетган бўлса, Эгамизга бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонлайверсин.
11 Бундай одамлар байрамни иккинчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун нишонлаб, қурбонликгўштини хамиртурушсиз нон ва тахир ўтлар билан бирга ейишсин.
12 рталабгача таомдан қолдиришмасин. Қурбонликнинг бирорта суягини синдиришмасин. Фисиҳ зиёфатини ҳамма қонунларга мувофиқ нишонлашсин.
13 Лекин биронта одам пок бўлиб, сафарда бўлмаса ва шунга қарамай, Фисиҳ зиёфатини нишонлашдан бош тортса, белгиланган вақтда Эгамизга бағишлаб қурбонлик қилмагани учун Исроил халқи орасидан йўқ қилинсин. Шундай қилиб, у ўз гуноҳи учун жазосини тортади
14 Орангизда яшаётган мусофир Эгамизга бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонламоқчи бўлганда, ўша қонун–қоидаларга риоя қилиши шарт. Ҳаммангиз учун — сизлар ва мусофирлар учун қонун битта бўлсин.”
15 Муқаддас чодир ўрнатилган куни Чодирни булут қоплаб олди. Оқшомдан эрталабгача Муқаддас чодир тепасидаги ўша булутнинг кўриниши алангага ўхшар эди.
16 Ҳар доим шу аҳвол юз берарди: Чодирни кундузи булут қоплаб олар, тунда эса булут алангага ўхшаб турарди.
17 Булут Чодир тепасидан кўтарилгач, Исроил халқи йўлга чиқарди. Булут тўхтаган жойда эса Исроил халқи чодир тикарди.
18 Исроил халқи Эгамизнинг амри билан йўлга чиқар ва Эгамизнинг амри билан чодир тикарди. Булут Муқаддас чодир тепасида турган вақт мобайнида, улар ҳам жойларидан силжимас эдилар.
19 Булут Чодир тепасида узоқ кунлар туриб қолганда ҳам, Исроил халқи Эгамизнинг талабига риоя қилиб, йўлга чиқмасди.
20 Баъзан эса булут Чодир тепасида озроқ кун турарди. Бундай пайтда ҳам Исроил халқи Эгамизнинг амрига мувофиқ тўхтарди, Унинг амри билан йўлга чиқарди.
21 Айрим вақтларда эса булут Чодир тепасида бор–йўғи бир кечагина туриб, эрталаб кўтарилар эди. Шунда Исроил халқи ҳам йўлга чиқарди. Булут кўтарилган пайти, кечаси бўладими, кундузи бўладими, Исроил халқи ҳам йўлга чиқарди.
22 Баъзан булут икки кун, бир ой ёки узоқроқ вақт мобайнида Чодир тепасида туриб қоларди. Шунда Исроил халқи ҳам қароргоҳда қолиб, йўлга чиқмасди. Булут кўтарилгандан сўнг Исроил халқи йўлга чиқарди.
23 Улар Эгамизнинг амри билан тўхтаб, Унинг амри билан йўлга чиқишарди. Мусо орқали Эгамиз берган амрларига мувофиқ ҳамма талабларни бажаришар эди.