Саҳрода (4-Таврот) 3 bob
1 Эгамиз Синай тоғида Мусо билан сўзлашганда, Мусо ва Ҳоруннинг насли қуйидагилардан иборат эди:
2 Ҳоруннинг тўртта ўғли бор эди: Надов, Абиҳу, Элазар ва Итамар. Надов тўнғич ўғил эди.
3 Мусо Ҳоруннинг бу ўғилларига мой суртиб, уларни руҳонийликка тайинлаган эди.
4 Лекин Надов билан Абиҳу Синай саҳросида Эгамиз амр этмаган оловни Унинг ҳузурига олиб келганлари учун ўша ерда нобуд бўлган эдилар*. Иккови ҳам бефарзанд эди. Шунинг учун фақат Элазар билан Итамар оталари Ҳорун ҳаётлигида руҳоний бўлиб хизмат қилган эдилар.
5 Мусога Эгамиз шундай амр берди:
6 Леви қабиласини руҳоний Ҳорун ҳузурига бошлаб кел. Улар Ҳорунга ёрдам беришсин.
7 Левилар Учрашув чодирида Ҳорунга ва бутун Исроил жамоасига хизмат қилиб, Чодирга оид бўлган барча юмушларни бажаришсин.
8 Улар Муқаддас чодирда Исроил халқи учун хизмат қилишар экан, Чодирдаги ҳамма ашёлар учун масъул бўлишсин.
9 Левиларни Ҳорун ва унинг ўғиллари ихтиёрига бер. Исроил халқининг бу қабиласи тўлиқ уларнинг ихтиёрида бўлиши шарт.
10 Ҳорун ва унинг ўғилларини руҳонийлик хизматига тайинла. Руҳонийлик вазифасини бажарган ҳар қандай бошқа одамнинг жазоси ўлимдир.”
11 Мусога Эгамиз яна деди:
12 “Мен левиларни Исроил халқининг онадан туғилган барча тўнғич ўғиллари ўрнида қабул қилганман. Левилар Меникидир.
13 Зотан, ҳамма тўнғич ўғиллар Менга тегишли. Мен Мисрликларнинг ҳамма тўнғич ўғилларини нобуд қилган куним Исроил халқининг барча тўнғичларини — одамидан тортиб ҳайвонига қадар Ўзим учун ажратиб олганман. Уларнинг ҳаммаси Меники бўлиши шарт. Зотан, Мен Эгангизман.”
14 Мусога Эгамиз Синай саҳросида яна айтди:
15 “Леви қабиласини уруғи ва хонадонлари бўйича санаб чиқ. Бир ойлик ўғил болалардан тортиб, катта ёшдаги эркакларгача санаб чиқ.”
16 Эгамизнинг амри бўйича Мусо уларни санаб чиқди.
17 Левининг учта ўғли бўлиб, исмлари Гершон, Қоҳот ва Марори эди.
18 Гершоннинг Лубнах ва Шимах деган ўғиллари бўлиб, ҳар қайсисидан биттадан уруғ келиб чиқди.
19 Қоҳотнинг Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл деган ўғиллари бўлиб, уларнинг ҳар биридан ҳам биттадан уруғ келиб чиқди.
20 Марорининг Махли ва Муши деган ўғиллари бўлиб, уларнинг ҳар биридан ҳам биттадан уруғ келиб чиқди. Леви уруғларининг ота хонадони бўйича рўйхатга олинганлари ана шулар эди.
21 Гершондан Лубнах ва Шимах уруғлари келиб чиқди.
22 Гершон уруғига қарашли бир ойлик ўғил болалардан тортиб, катта ёшдаги эркакларгача саналганда, 7500 та чиқди.
23 Гершон уруғи чодирларини Муқаддас чодирнинг орқа томонида, ғарбда ўрнаштиришлари керак эди.
24 Гершон уруғининг оқсоқоли Лоёл ўғли Элиасаф эди.
25 Гершон уруғи Чодирнинг қуйидаги ашёлари учун масъул эди: Чодирнинг ички қавати ва қопламалари, Чодирга кираверишдаги парда,
26 Чодир билан қурбонгоҳ атрофини тўсиб турадиган пардалар, ҳовлига кираверишдаги парда ва унинг арқонлари. Чодирнинг бу ашёлари билан боғлиқ бўлган барча хизмат Гершон уруғи зиммасида эди.
27 Қоҳотдан Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл уруғлари келиб чиқди.
28 Уларга қарашли бир ойлик ўғил болалардан тортиб, катта ёшдаги эркакларгача саналганда, 8600 та чиқди. Қоҳот уруғи Муқаддас чодир учун масъул эди.
29 Қоҳот уруғи Муқаддас чодирнинг жануб томонида Чодир қуриши керак эди.
30 Қоҳот уруғи оқсоқоли Узиёл ўғли Элизофон эди.
31 Улар Чодирдаги қуйидаги ашёлар учун масъул эдилар: Сандиқ, хонтахта, чироқпоя, қурбонгоҳлар, хизмат пайтида ишлатиладиган Муқаддас чодир буюмлари ва ички пардаси. Чодирдаги бу ашёлар билан боғлиқ бўлган барча хизмат Қоҳот уруғи зиммасида эди.
32 Леви оқсоқоллари устидан руҳоний Ҳорун ўғли Элазар бошчилик қиларди. Муқаддас чодир учун масъул бўлганлар Элазарнинг назорати остида эдилар.
33 Мароридан Махли ва Муши уруғлари келиб чиқди.
34 Марори уруғининг бир ойлик ўғил болаларидан тортиб, катта ёшдаги эркакларигача саналганда, 6200 та чиқди.
35 Марори уруғи оқсоқоли Абуҳайил ўғли Зуриёл эди. Улар Муқаддас чодирнинг шимол томонига чодирларини ўрнатишлари керак эди.
36 Улар Чодирдаги қуйидаги ашёлар учун масъул эдилар:
37 одирнинг ромлари, тамбалари, устунлар ва устун тагликлари, уларга оид барча буюмлар, ҳовлининг атрофидаги устунлар ва устун тагликлари, қозиқ ва арқонлари, уларга тегишли ҳамма буюмлар. Чодирдаги бу ашёлар билан боғлиқ бўлган барча хизмат Марори уруғи зиммасида эди.
38 Мусо, Ҳорун ва унинг ўғиллари ўз чодирларини шарқ томонда — Муқаддас чодирнинг олдида ўрнатишлари керак эди. Улар Исроил халқининг вакиллари сифатида Муқаддас чодирдаги хизмат учун масъул эдилар. Улардан бошқа биронтаси Чодирга яқин келса, ўша одамнинг жазоси ўлим эди.
39 Мусо ва Ҳорун, Эгамизнинг амрига кўра, Леви қабиласининг бир ойлик ўғил болаларидан тортиб, катта ёшдаги эркакларигача ҳаммани уруғлари бўйича санаб чиққанларида, уларнинг умумий сони 22.000 та чиқди.
40 Эгамиз шундан кейин Мусога яна айтди: “Исроил халқининг бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги ҳамма тўнғич ўғилларини санаб чиқ. Уларнинг исмларини рўйхат қилиб ёз.
41 Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғиллари ўрнига Мен Леви қабиласини қабул қиламан. Исроил халқининг чорвасида биринчи туғилган ҳайвонлари ўрнига эса левиларнинг чорвасини оламан. Мен Эгангизман.”
42 Мусо Эгамизнинг амрини бажарди. Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғилларини санаб чиқди.
43 Бир ойлик ва ундан юқори ёшдаги ҳамма тўнғич ўғил бирма–бир саналганда, 22.273 та чиқди.
44 Мусога Эгамиз айтди:
45 “Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғиллари ўрнига левиларни Менга бағишла, Исроил халқининг чорваси ўрнига эса левиларнинг чорвасини Менга бағишла. Левилар Меники бўлади. Мен Эгангизман.
46 Исроилнинг тўнғич ўғиллари левилардан 273 та ортиқ. Исроил халқи ана шу ортиқчаси эвазига товон тўлаши керак.
47 Ҳар бир ортиқча одам эвазига беш бўлакдан кумуш ол. Ҳар бир кумуш бўлакнинг оғирлиги икки ярим мисқол бўлсин.
48 Ўша кумушни Ҳорун ва унинг ўғилларига бер.”
49 Мусо ортиқ чиққан Исроил тўнғич ўғилларидан.
50 1365 та кумуш бўлакни йиғиб олди.
51 Мусо Эгамизнинг амрига кўра, йиғиб олган товон пулини Ҳорун ва унинг ўғилларига берди.