САҲРОДА (ТАВРОТНИНГ ТЎРТИНЧИ КИТОБИ)
Кириш
Саҳрода китоби Тавротнинг тўртинчи китобидир. Мазкур китобда Исроил халқининг Мисрдаги қулликдан озод бўлиб чиққандан кейинги тарихи баён этилади. Китобда Исроил халқининг Синай тоғидан Канъон юртига қилган қирқ йиллик сафари давомида саҳрода юз берган воқеалар ҳикоя қилинади. Шу сабабдан китоб “Саҳрода” деб номланган. Синай саҳроси ҳозирги Мисрнинг шимоли–шарқидадир. Китобни уч қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмда (1:1-10:10) Худо Мусога: “Урушга яроқли ҳамма эркакларни санаб чиқ!” деб амр беради. Сўнг Исроил халқининг қароргоҳда жойлашиш тартиби ва Леви қабиласининг Учрашув чодири атрофида қай тарзда ўрнашиши тўғрисида Мусога батафсил кўрсатмалар беради. Шу йўл билан Худо Исроил халқини жангларга шай ҳолатга келтиради. Иккинчи қисмда (10:11-21:20) Исроил халқининг саҳрода тортган машаққатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Исроил халқи саҳродаги ҳаётдан кўп нолийди, ҳатто Худога ва Мусога қарши исён кўтаради. Улар Канъон юртида истиқомат қилаётган қудратли халқлар тўғрисида эшитгандан кейин, Худога итоат этмай, Канъон юртига ҳужум қилишдан бош тортади. Шунинг учун Худо Исроил халқини жазолайди. Оқибатда, улар қирқ йил саҳрода дарбадар кезишади, шу вақт мобайнида халқнинг рўйхатга кирган, урушга яроқли бутун авлоди ўлиб кетади. Худо Исроил халқининг янги авлодини Ўзи ваъда қилган юртга бошлайди. Ниҳоят, халқ Мусо бошчилигида Эдом юртидан Мўаб юрти томон йўл олади. Саҳрода китобининг учинчи қисми (21:21-36:13) Исроил халқининг Иордан дарёси шарқидаги ерларни эгаллаши тўғрисидаги воқеалар билан бошланади. Мўаб шоҳи Исроил халқини лаънатлаш учун бегона халқдан бўлган Балом пайғамбарни ёллайди. Лекин Балом Исроил халқини қайта–қайта дуо қилади. Шу орқали Худо Ўз халқига бўлган садоқатини намоён қилади, уларнинг итоатсизлигига қарамай, эзгу ниятларини амалга оширмоқчи эканини кўрсатади. Сўнг Исроил халқи Иордан дарёсидан ўтишга ва ғарбдаги Канъон юртини забт этишга тайёргарлик кўради. Исроил халқининг баъзи қабилалари Иордан дарёсининг шарқига ўрнашишга қарор қилишади. Исроил халқининг урушга яроқли янги авлоди рўйхатга олинади, сўнг Худо Ёшуани Мусонинг ўрнига Исроилнинг навбатдаги йўлбошчиси қилиб тайинлайди. Саҳрода китобида исёнкор, руҳан тушкун, Худодан умидини узган халқ тўғрисида ҳикоя қилинади. Шунингдек, китобда Худонинг Ўз халқига кўрсатган меҳрибонлиги, уларни жангларда ҳимоя қилгани, қақраган саҳрода уларга егулик ва сув ато этгани тўғрисидаги воқеалар ҳам баён қилинади.