Матто 18 bob
1 Шу пайт шогирдлар Исонинг олдига келиб: “Осмон Шоҳлигида энг каттаси ким бўлади?” — деб сўрадилар.
2 Исо ёнига бир болани чақирди, уни ўрталарида турғизиб,
3 деди: “Сизларга чинини айтайин: агар сизлар ўзгармасангиз ва болалардай бўлмасангиз, ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига кира олмайсизлар.
4 Агар ўзингизни мана шу бола сингари, паст тутсангиз, Осмон Шоҳлигида энг каттаси бўласиз.
5 Ким шундай бир болани Менинг номимдан қабул қилса, Мени қабул қилган бўлади.
6 Менга ишонган шу кичикларнинг биронтасини* йўлдан оздирган одамнинг ҳолига вой. Бундай қилгандан кўра, ўша одамнинг бўйнига тегирмон тошини осиб, денгиз тубига чўктирилгани ўзи учун яхшироқ бўлар эди.
7 Одамларни йўлдан оздирадиган васвасалар дастидан бу дунёнинг ҳолига вой! Васвасалар албатта келади, лекин васвасага сабабчи бўлган одамнинг ҳолига вой!
8 Агар йўлдан озишингга қўлинг ёки оёғинг сабабчи бўлса, уни чопиб ташлаб, улоқтириб юбор. Икки қўл ёки икки оёқ билан абадий оловга ташлангандан кўра, майиб ёки чўлоқ бўлиб абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.
9 Агар йўлдан озишингга кўзинг сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юбор. Икки кўзинг билан дўзах оловига тушгандан кўра, бир кўзинг билан абадий ҳаётдан баҳраманд бўлганинг яхшироқдир.
10 Эҳтиёт бўлинглар, бу кичиклардан биронтасини ҳам хор қилманглар.
11 Сизларга шуни айтай: самода уларнинг фаришталари доимо самовий Отамнинг жамолини кўриб туради.
12 Нима деб ўйлайсиз: агар бир одамнинг юзта қўйи бўлса–ю, улардан бири адашиб қолса, у тўқсон тўққизтасини тоғларда қолдириб, адашиб қолганини излаб кетмайдими?!
13 Агарда уни топиб олса, сизга чинини айтай: адашмаган тўқсон тўққизтасидан кўра, шу битта қўй учун у кўпроқ севинади.
14 Шу сингари осмондаги Отангиз ҳам бу кичиклардан биронтасининг йўқолиб қолишини истамайди.
15 Агар биродарингиз сизга қарши гуноҳ қилса, унинг олдига боринг. У билан якка ҳолда гаплашиб айбини юзига айтинг. Агар у сизга қулоқ солса, сиз орангиздаги биродарлик ришталарини тиклаган бўласиз.
16 Агар сизга қулоқ солмаса, ўзингиз билан яна бир ёки икки кишини олиб боринг, чунки «ҳар бир масала иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади.»
17 Агар биродарингиз уларга ҳам қулоқ солмаса, имонлилар жамоатига айтинг. Агар имонлилар жамоатига ҳам қулоқ солмаса, уни бутпараст ёки солиқчи деб ҳисоблаб, у билан алоқани узинг.
18 Сизларга чинини айтайин: ер юзида сизлар нимани тақиқласангизлар, самода ҳам тақиқланади. Ер юзида сизлар нимага ижозат берсангизлар, самода ҳам ижозат берилади.
19 Сизларга яна шуни ҳам айтай: ораларингиздан иккитангиз якдил бўлиб бирон нарса учун ибодат қилсангизлар, осмондаги Отам тилагингизни бажаради.
20 Қаерда икки ёки уч киши Менинг номим учун йиғилса, Мен ўша ерда уларнинг орасида бўламан.”
21 Шундан кейин Бутрус келиб Исога деди: “Ҳазрат, агар биродарим менга қарши гуноҳ қилса, уни неча марта кечирай? Етти мартами?”
22 “Сизларга шуни айтай: етти марта эмас, — деди Исо, — балки етмиш карра етти марта.
23 Шу сабабли Осмон Шоҳлигини бир шоҳга қиёслаш мумкин. Шоҳ ўз хизматкорлари билан ҳисоб–китоб қилмоқчи бўлибди.
24 Ҳисоб–китобни бошлаганда, унинг ҳузурига минг–минглаб тилла танга қарздор бўлган хизматкорини олиб келибдилар.
25 Лекин қарз тўлашга қурби етмагани учун шоҳ унга: — Ўзингни, хотинингни, болаларингни ва бутун мол–мулкингни сотиб, қарзингни тўлайсан, — деб буюрибди.
26 Хизматкор шоҳнинг оёғига йиқилиб: — Озгина сабр қилинг, ҳамма қарзимни тўлайман, — дебди.
27 Хизматкорига шоҳнинг раҳми келибди. Шоҳ уни қўйиб юбориб, қарзидан кечибди.
28 Хизматкор эса ташқарига чиқиб, ўзидан юз кумуш танга қарздор бўлган бир шеригини учратиб қолибди. Уни ёқасидан олиб: — Қарзингни тўла! — деб бўға бошлабди.
29 Шериги эса унинг оёқларига йиқилиб: — Озгина сабр қилинг, қарзимни тўлайман, — деб ёлворибди.
30 Аммо у кўнмабди: — Қарзингни тўламагунингча зиндонда ётасан, — деб шеригини қаматиб қўйибди.
31 Бошқа хизматкорлар юз берган воқеани кўриб, хафа бўлибдилар. Шоҳнинг ҳузурига бориб, ҳаммасини айтиб берибдилар.
32 Шунда шоҳ хизматкорини ҳузурига чақириб: — Эй ярамас хизматкор! — дебди. — Менга ёлворганинг учун барча қарзингдан кечдим.
33 Мен сенга раҳм қилганимдай, сен ҳам шеригингга раҳм қилсанг бўлмасмиди?!
34 Ғазабланган шоҳ хизматкорини зиндонбоннинг қўлига топшириб: — Ҳамма қарзини тўламагунча унга азоб беринглар, — деб буюрибди.
35 Хуллас, агар сизлар биродарингизни чин дилдан кечирмасангиз, осмондаги Отам сизларни ҳам шу кўйга солади.”