Марк 7 bob
1 Фарзийлар ва Қуддусдан келган айрим Таврот тафсирчилари Исонинг ёнига йиғилиб келдилар.
2 Улар Исонинг шогирдларидан баъзилари ҳаром, яъни ювилмаган қўллари билан нон еяётганларини кўриб қолдилар.
3 Фарзийлар ва умуман яҳудийлар ота–боболарининг урф–одатини сақлаб, ҳеч ҳам қўлларини ювмасдан овқат емайдилар.
4 Бозордан қайтганларида ҳам ювинмай овқат емайдилар. Шунингдек, сўри, коса, товоқ, қозонни ювиш каби кўпгина удумларга риоя қиладилар.
5 Шундай қилиб, фарзийлар ва тафсирчилар Исодан сўрадилар: — Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболаримизнинг урф–одатини сақлашмайди? Нима учун ҳаром қўллари билан нон ейишади?
6 Исо уларга шундай жавоб берди: — Ишаёнинг башорати сиз иккиюзламачиларга жуда тўғри келади. Худонинг қуйидаги сўзларини Ишаё ёзиб қолдирган: “Бу халқ Мени тилидагина иззат қилади, Юраклари эса Мендан узоқдир.
7 Улар Менга сажда қиладилар, Аммо саждалари беҳудадир. Чунки улар инсон яратган қоидаларни Илоҳий қонун деб ўргатадилар.”
8 Сизлар Худонинг амрларини йиғиштириб қўясизлар, инсоний урф–одатларга эса ёпишиб оласизлар.
9 Исо яна уларга деди: — Ҳа, сизлар урф–одатларингизни сақлаш учун Худонинг амрларини четлаб ўтишнинг зўр йўлини топгансизлар!
10 Мусо айтган эди: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин.”
11 Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: одам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога қурбон, яъни Худога инъом қилинган”, деб айтиши мумкин.
12 Шундан кейин ўша одамнинг отасига ёки онасига яхшилик қилишига сизлар йўл қўймайсизлар.
13 Шу тариқа сизлар ўзларингиз ўрнатган урф–одатларингиз орқали Худонинг каломини бекор қиласизлар. Сизлар бунга ўхшаш яна кўп ишларни қиласизлар.
14 Кейин Исо бутун халқни яна ёнига чақириб, деди: — Ҳаммаларингиз Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар!
15 Ташқаридан инсон ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмайди.
16 Аксинча, инсон ичидан чиқадиган нарса уни ҳаром қилади.
17 Исо халойиқ орасидан чиқиб уйга кирди, шогирдлар Ундан: “Ҳалиги айтганларингизни тушунтириб беринг”, деб илтимос қилишди.
18 Исо уларга деди: — Сизлар ҳам шунчалик бефаҳммисизлар?! Ташқаридан инсоннинг ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмаслигини англамайсизларми?
19 Бу нарсалар инсоннинг қалбига эмас, қорнига киради ва керакли жойдан чиқиб кетади. Исо бу гаплари билан ҳамма егуликлар ҳалол эканини эълон қилди.
20 У яна деди: — Инсоннинг ичидан чиқадиган нарсалар инсонни ҳаром қилади.
21 Чунки ичдан, яъни инсон қалбидан ёмон фикрлар, фаҳш, ўғрилик, қотиллик,
22 зино, очкўзлик, фосиқлик, маккорлик, шаҳват, ҳасад, туҳмат, манманлик ва нодонлик чиқади.
23 Ана шу ёмонликларнинг ҳаммаси инсоннинг ичидан чиқиб, уни ҳаром қилади.
24 Исо у ердан чиқиб, Тир ҳудудига кетди. Бир уйга кирди ва буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди, лекин яширина олмади.
25 Қизалоғини ёвуз руҳ чалган бир аёл Исо ҳақида эшитиб қолди–да, тез келиб, Унинг оёғига йиқилди.
26 Бу аёл Суриядаги Финикия* ўлкасида туғилган бўлиб, яҳудий эмас эди. У: — Қизимдан жинни қувиб чиқаринг, — деб Исодан ёлвориб сўради.
27 Бироқ Исо унга: — Аввал болалар тўйсин, болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.
28 Тўғри, Ҳазрат, — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам болаларнинг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.
29 Исо унга: — Мана шу гапинг учун сенга ёрдам бераман. Энди кетавер. Қизингдан жин чиқиб кетди, — деди.
30 Аёл уйига борганда, қизини жиндан қутулиб, тўшакда ётган ҳолда кўрди.
31 Исо Тир ҳудудидан чиқиб, Сидонга борди. Сўнг Жалила кўли бўйларидан ўтиб, Декаполис ҳудудига борди.
32 Айрим одамлар Исонинг олдига зўрға гапирадиган бир кар одамни олиб келиб, унга қўл теккизишини сўрашди.
33 Исо у одамни халойиқ орасидан бир четга олиб чиқди, сўнг Ўз бармоқларини унинг қулоқларига тиқиб қўйди. Сўнг тупуриб, сўлагини ўша одамнинг тилига теккизди.
34 Кейин осмонга қараб, чуқур хўрсинди–да, унга: “Эффатаҳ!” деди. Бу сўзнинг таржимаси “Очил!” демакдир.
35 Шу онда у одамнинг қулоқлари очилиб, тилга кирди, равонгина гапира бошлади.
36 Исо у ердагиларга, буни ҳеч кимга айтманглар, деб буюрди. Бироқ Исо одамларга қанча ман этса ҳам, улар бу ҳодисани янада кўпроқ ёйишарди.
37 Улар ҳаддан ташқари ҳайратда қолиб, шундай дейишарди: “У ҳамма нарсани яхши қилади, карларни эшитадиган, соқовларни гапирадиган қилади.”