Луқо 13 bob
1 Ўша вақтда баъзи одамлар келиб, Исога ҳоким Пилат ўлдирган Жалилаликлар ҳақида хабар қилишди. Жалилаликлар қурбонлик келтираётган пайтда Пилат уларни ўлдириб, қонларини сўйилган қурбонликлар қонига аралаштириб ташлаган эди.
2 Исо хабарчиларга деди: “Сизнингча, бу Жалилаликлар бошқа ҳамма Жалилаликларга қараганда кўпроқ гуноҳ қилганлари учун шунчалик жафо чекдиларми?
3 Сизга йўқ, дейман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммаларингиз улар каби ҳалок бўласизлар.
4 Ёки Силоам қишлоғидаги минора қулаганда нобуд бўлган ўн саккиз кишини олайлик. Сизларнинг фикрингизча, ўша нобуд бўлганлар Қуддусда яшайдиган қолган ҳамма одамдан кўра, кўпроқ гуноҳ қилган эдиларми?
5 Сизларга, йўқ, деб айтаман. Лекин тавба қилмасангизлар, ҳаммангиз улар каби ҳалок бўласизлар.”
6 Шундан кейин Исо шу масални айтиб берди: “Бир одамнинг узумзорига анжир дарахти экилган экан. Ўша одам келиб, анжир дарахтидан мева излабди, аммо топа олмабди.
7 У боғбонга дебди: — Менга қара, уч йилдирки, мен мана бу анжир дарахтидан мева излайман, аммо шу пайтгача биронта мева топа олмадим. Уни кесиб ташла! Бекорга ерни эгаллаб туришининг нима кераги бор?!
8 Боғбон эса шундай жавоб берибди: — Хўжайин, дарахтингиз бу йил ҳам турсин. Мен унинг атрофини чопиб, гўнг солай.
9 Балки келгуси йил мева берар. Агар бермаса, унда кесиб ташлаймиз.”
10 Шаббат куни Исо синагогаларнинг бирида таълим бераётган эди.
11 У ерда ўн саккиз йилдан бери жинга чалинган бир аёл бор эди. У икки букилиб қолган бўлиб, қаддини умуман ростлай олмасди.
12 Исо уни кўргач, ёнига чақириб деди: — Эй аёл, сен дардингдан халос бўлдинг!
13 Сўнг аёлга қўлларини қўйди, шу заҳоти аёлнинг қадди тикланди–қолди. Аёл Худога ҳамду санолар айтди.
14 Исо Шаббат куни хастага шифо бергани учун синагога бошлиғи аччиқланиб, оломонга шундай деди: — Ишлаш учун олти кун бор. Шифо топмоқчи бўлсангиз, Шаббатдан бошқа куни келинглар.
15 Раббимиз Исо унга жавобан деди: — Эй иккиюзламачилар! Сизлар ўзларингиз ҳам Шаббат куни ҳўкизингиз ёки эшагингизни охурдан ечиб, суғоргани олиб борасизлар–ку!
16 Бу эса Иброҳимнинг қизи, ахир! Шайтон ўн саккиз йилдан бери уни боғлаб қўйган эди. Уни Шаббат куни кишанларидан озод қилиш наҳотки мумкин бўлмаса?!
17 Исо шу гапларни айтганда, Унинг ҳамма рақиблари шарманда бўлдилар. Жамики оломон эса Исо қилган ажойиб ишлардан хурсанд эди.
18 Исо деди: “Худонинг Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нимага ўхшатсам бўлади?
19 Худонинг Шоҳлиги бир одам ўз боғига эккан хантал уруғига ўхшайди. Уруғ униб–ўсиб, дарахт бўлади, қушлар унинг шохларига уя қуради.”
20 Исо яна шундай деди: “Худонинг Шоҳлигини яна нимага ўхшатсам бўлади?
21 Худонинг Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни бир тоғора унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.”
22 Исо Қуддусга йўл олди ва шаҳару қишлоқларга бориб, таълим берар эди.
23 Бир одам Ундан сўради: “Ҳазрат, наҳотки саноқли одам нажот топса?!” Исо шундай жавоб берди:
24 “Тор эшикдан киришга жон–жаҳдингиз билан ҳаракат қилинглар. Сизларга шуни айтай: кўп одам ичкари киришга интилади, аммо кира олмайди.
25 Уй эгаси ўрнидан туриб эшикни ёпганда, сизлар ташқарида қолиб эшикни тақиллатасизлар ва: Ҳазрат, бизга эшикни очинг! — деб айтасизлар. У эса сизларга: — Кимлигингизни ва қаердан келганингизни билмайман! — деб жавоб беради.
26 Шунда сизлар: — Ахир, биз Сиз билан бирга еб–ичганмиз! Кўчаларимизда таълим бергансиз! — деб айтасизлар.
27 Аммо У сизларга дейди: — Мен сизларни танимайман! Қаерданлигингизни ҳам билмайман! Йўқолинглар олдимдан, эй бадкирдорлар!
28 Сизларни ташқарига қувиб чиқаришганда, қаттиқ пушаймон бўласизлар, фиғон чекасизлар, чунки Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарлар Худонинг Шоҳлигида эканини кўрасизлар.
29 Шундан кейин шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан одамлар келиб, Худонинг Шоҳлигида зиёфатга ўтирадилар.
30 Шунда охирги бўлган баъзи одамлар биринчи бўладилар, биринчи бўлган баъзилар эса охирги бўладилар.”
31 Шу пайтда фарзийлардан айримлари Исонинг олдига келиб дейишди: — Бу ердан кетишингиз керак. Ҳирод Сизни ўлдирмоқчи.
32 Исо уларга шундай деди: — Бориб у тулкига айтинглар: “Эшитиб ол, Мен бугун ҳам, эртага ҳам жинларни қувиб, хасталарга шифо бераман. Учинчи куни эса ишимни тугатаман.”
33 Аммо шундай бўлса ҳам, Мен бугун, эртага ва индинга Ўз йўлимдан қолмаслигим керак. Ахир, пайғамбар Қуддусдан ташқарида ўлдирилиши мумкин эмас.
34 Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг.
35 Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг Маъбадингиз ҳувиллаб қолади. Сизга шуни айтай: “Эгамиз номидан келадиган Инсон барака топсин”, деб айтмагунингизча, Мени кўрмайсизлар.