Луқо 24 bob
1 Якшанба куни эрта тонгда аёллар тайёрлаб қўйган хушбўй мойларини олиб, қабрга келдилар.
2 Қабр оғзидаги тош ағдарилиб ётганини кўрдилар.
3 Ичкарига кирдилар, аммо Раббимиз Исонинг жасадини топмадилар.
4 Улар гангиб қолдилар. Шунда тўсатдан аёлларнинг қаршисида икки одам пайдо бўлди. Уларнинг кийимлари ярқираб турарди.
5 Аёллар ваҳимадан бошларини ерга эгиб туришди. Одамлар эса аёлларга шундай дейишди: — Нега сиз тирикни ўликлар орасидан қидиряпсизлар?
6 У бу ерда йўқ, У тирилди! Ҳали Жалилада бўлган пайтида сизларга нима деганини эсланглар.
7 У сизга: “Инсон Ўғли гуноҳкор одамлар қўлига тутиб берилади, хочга михланади, учинчи куни эса тирилади”, деган эди–ку.
8 Шунда аёллар Исонинг бу сўзларини эсладилар.
9 Улар қабр ёнидан қайтиб, бу воқеани ўн бир шогирдга ва қолган ҳаммага айтиб бердилар.
10 Ҳаворийларга бу хабарни Магдалалик Марям, Йўанна ва Ёқубнинг онаси Марям етказдилар. Улар билан бирга бошқа аёллар ҳам бор эди.
11 Аммо ҳаворийлар, бу аёллар сафсата тарқатяптилар, деб ўйладилар, аёлларнинг гапларига ишонмадилар.
12 Бутрус эса ўрнидан туриб, қабр томон югурди. Ичкарига энгашиб қараб, у ерда фақатгина кафанни кўрди. Юз берган воқеадан ҳайрон қолиб, уйига қайтиб кетди.
13 Ўша куни Исонинг шогирдларидан иккитаси Эммаус деган қишлоққа кетишаётган эди. Бу қишлоқ Қуддусдан тахминан ўн чақирим* узоқликда жойлашган эди.
14 Улар юз берган воқеалар тўғрисида суҳбатлашиб кетаётган эдилар.
15 Улар гаплашиб, бўлиб ўтганларни муҳокама қилиб кетаётганларида, Исонинг Ўзи уларга яқинлашиб, ҳамроҳ бўлди.
16 Шогирдлар Исони кўрдилар, аммо Уни таний олмадилар.
17 Исо улардан: — Нимани муҳокама қилиб кетяпсизлар? — деб сўради. Улар тўхтаб қолдилар, юзлари ғамгин эди.
18 Шогирдларидан Клеопас дегани Унга жавоб берди: — Шу кунларда Қуддусда кўп воқеалар юз берди. Булардан бехабар қолган мусофир ёлғиз Сиз бўлсангиз керак.
19 — Қандай воқеалар? — деб сўради Исо улардан. — Носиралик Исо тўғрисидаги воқеалар–да, — деб жавоб берди улар. — Исо пайғамбар эди, Худо олдида ва бутун халқ олдида сўзлари ва ишлари билан қудратини кўрсатди.
20 Аммо бош руҳонийларимиз билан йўлбошчиларимиз Уни ўлимга маҳкум қилиб, хочга михлаш учун тутиб бердилар.
21 Биз эса, У Исроилни халос этади, деб умид қилган эдик. Бу ҳодисалар содир бўлганига бугун уч кун бўлди.
22 Бунинг устига–устак, орамиздаги айрим аёллар бизни ҳайратда қолдиришди. Улар бугун саҳарда қабрга борган эканлар,
23 Унинг жасадини топа олмабдилар. Аёллар қайтиб келиб: “Бизга фаришталар зоҳир бўлди, улар бизга, Исо тирик, деб айтишди” деган хабарни олиб келишди.
24 Шунда орамиздан баъзилар қабрга бориб, аёлларнинг гапи тўғри эканини кўрдилар. Исо қабрда йўқ эди.
25 Исо уларга деди: — Бунчалик бефаҳм бўлмасангизлар?! Пайғамбарларнинг гапларига ишониш нега сизлар учун шунчалик қийин?!
26 Ахир, Масиҳ улуғланишидан олдин бу азобларни бошдан кечириши керак эди–ку!
27 Кейин Мусодан тортиб, барча Пайғамбарлар битикларида Ўзи ҳақида ёзилган сўзларнинг ҳаммасини Исо уларга тушунтирди.
28 Ниҳоят, улар бораётган қишлоққа яқинлашдилар. Исо Ўзини йўлда давом этадиган қилиб кўрсатди.
29 Лекин улар Исога: — Кеч бўлиб қолди, ҳадемай қоронғи тушади. Биз билан бирга қолинг, — деб қистадилар. Исо улар билан бирга қолгани ичкарига кирди.
30 Улар билан бирга дастурхонга ўтирганда, нонни олиб шукрона дуосини айтди ва нонни синдириб уларга берди.
31 Шунда уларнинг кўзлари очилиб, Исони таниб қолишди. Бироқ Исо кўздан ғойиб бўлди.
32 Шогирдлар бир–бирига дедилар: — У йўлда биз билан гаплашиб, Муқаддас битикларни тушунтираётганда, юракларимиз жизилламаганмиди, ахир?!
33 Шу заҳоти ўринларидан туриб, Қуддусга қайтиб бордилар. Ўн бир ҳаворийни ва улар билан тўпланиб турганларни топдилар.
34 Ҳаворийлар уларга: — Раббимиз Исо ҳақиқатан ҳам тирилибди! У Бутрусга кўринибди! — деб айтдилар.
35 Шунда Эммаусдан қайтиб келган икки шогирд ҳам йўлдаги воқеаларни, Исо нонни синдираётганда Уни қандай таниб қолганларини айтиб бердилар.
36 Улар бу тўғрида ҳали гапираётганларида, Исонинг Ўзи ўрталарида зоҳир бўлди. — Сизларга тинчлик бўлсин! — деди.
37 Шогирдлар, арвоҳ кўряпмиз, деб ўйлаб ўтакаси ёрилди.
38 Лекин Исо уларга деди: — Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти?
39 Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар, бу Мен Ўзимман. Мени ушлаб кўринглар. Арвоҳнинг эту суяги бўлмайди–ку, ахир! Менинг эса, кўриб турганингиздай, эту суягим бор.
40 Исо шу гапларни айтиб, уларга қўл–оёқларини кўрсатди.
41 Шогирдлари севинчдан таажжубланиб ҳали ҳам ишонмай турганларида, Исо улардан сўради: — Бу ерда ейдиган бирон нарсангиз борми?
42 Шогирдлари Унга бир бўлак қовурилган балиқ беришди.
43 Исо буни олиб, уларнинг кўзлари олдида еди.
44 Кейин Исо шогирдларига деди: — Сизлар билан бирга бўлган пайтларимда, Мусонинг Таврот китобида, Пайғамбарлар битикларида ва Забурда Мен тўғримда ёзилганлар бажо бўлиши керак, деб сизларга айтган эдим.
45 Сўнгра Исо, Муқаддас битикларни тушуниб етсинлар деб, уларнинг онгини очди
46 ва уларга деди: — Масиҳ азоб чекиши ва учинчи куни ўликдан тирилиши керак, деб ёзилган.
47 Яна, тавба қилиш ва гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги хабар Унинг номи билан жамики халқларга ваъз қилиниши керак, деб ҳам ёзилган. Шундай экан, Қуддусдан бошлаб,
48 ҳамма одамларга кўрган–билганларингизни айтинглар.
49 Мен сизларга осмондаги Отам ваъда қилган Муқаддас Руҳни юбораман. Шунинг учун юқоридан қудрат келиб сизларни қамраб олмагунча, шу шаҳарда қолинглар.
50 Шундан кейин Исо шогирдларини шаҳардан ташқарига — Байтания яқинига олиб чиқди. Исо қўлларини кўтариб, уларни дуо қилди.
51 Дуо қилаётиб, улардан узоқлашиб бораверди ва осмонга кўтарилди.
52 Шогирдлар эса Унга сажда қилдилар ва катта севинч ила Қуддусга қайтиб бордилар.
53 Улар доимо Маъбадда бўлиб, Худони олқишлар эдилар.