Луқо 6 bob
1 Шаббат кунларининг бирида* Исо буғдойзордан ўтиб кетаётган эди. Унинг шогирдлари бошоқлардан узиб олиб, кафтларида уқалаб, донларини еяётган эдилар.
2 Баъзи фарзийлар эса уларга деди: — Нега сизлар Шаббат куни қонунга хилоф иш қиляпсизлар?
3 Исо уларга шундай жавоб берди: — Довуд ҳамроҳлари билан оч қолганда нималар қилганини наҳотки сизлар ҳеч ўқимаган бўлсангиз?!
4 У Худонинг уйига кириб, муқаддас нонларни еган. Ҳатто ҳамроҳларига ҳам берган. Қонунга мувофиқ эса бундай нонларни фақат руҳонийлар ейишга ҳақли эдилар–ку!
5 Исо яна деди: — Инсон Ўғли Шаббат кунининг ҳам Ҳокимидир.
6 Бошқа Шаббат куни Исо синагогага кириб таълим берди. У ерда ўнг қўли қуриб қолган бир одам бор эди.
7 Таврот тафсирчилари билан фарзийлар Исони айблаш учун бирон сабаб топиш мақсадида: “Исо Шаббат куни бу одамга шифо берармикан”, деб Уни кузатиб турардилар.
8 Исо уларнинг бу ниятини била туриб, қўли шол одамга: — Ўрнингдан туриб олдинга чиқ! — деб буюрди. У олдинга чиқди.
9 Исо йиғилганларга деди: — Сизларга бир саволим бор. Қонунга мувофиқ Шаббат куни яхшилик қилиш керакми ёки ёмонликми? Жонни халос қилиш керакми ёки нобуд қилишми?
10 Исо уларнинг ҳаммасига назар ташлаб чиқди–да, у одамга: — Қўлингни узат! — деди. У одам қўлини узатиши биланоқ қўли соппа–соғ бўлиб қолди.
11 Тафсирчилар билан фарзийлар ғазабдан жазаваси тутиб, Исони нима қилсак экан, деб муҳокама қила бошладилар.
12 Ўша кунларнинг бирида Исо ибодат қилгани тоққа чиқди. У тун бўйи Худога ибодат қилди.
13 Тонг отгач, шогирдларини ёнига чақирди ва ораларидан қуйидаги ўн иккитасини танлаб олиб, уларга ҳаворийлар деб ном берди:
14 Шимўн (Исо унга Бутрус деб исм берди), унинг укаси Эндрус, Ёқуб, Юҳанно, Филип, Бартоломей,
15 Матто, Тўма, Халфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар деб ном олган Шимўн,
16 Ёқуб ўғли Яҳудо ва кейинчалик хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.
17 Шундан сўнг Исо улар билан бирга пастга тушиб, текис жойда тўхтади. Бу ерда Унинг кўплаб шогирдлари, шунингдек, бутун Яҳудиядан, Қуддусдан, соҳилдаги Тир ва Сидон ҳудудларидан келган бир талай оломон бор эди.
18 Улар Исони тинглагани ва хасталикларидан фориғ бўлгани келган эдилар. Ёвуз руҳлардан азоб чекаётган одамлар ҳам шифо топдилар.
19 Ҳамма одамлар қўлларини Исога теккизишга уринарди, чунки Ундан бир куч чиқиб, ҳаммага шифо берарди.
20 Исо шогирдларига қараб, деди: “Эй камбағаллар, сизлар бахтлисиз! Худонинг Шоҳлиги сизларникидир.
21 Эй ҳозир оч бўлганлар, бахтлисиз! Сизлар тўқ бўласизлар. Эй йиғлаётганлар, бахтлисиз! Сизлар қувониб куласизлар.
22 Инсон Ўғлига ён босганингиз учун Одамлар сиздан нафратланганларида, Жамиятдан қувиб, ҳақоратлаганларида, Исмингизни қоралаганларида, Сизлар барибир бахтлисизлар!
23 Шундай кунлар келганда қувонинг, шодликдан сакранг. Сизларни самода буюк мукофот кутмоқда. Ахир, сизларга озор етказаётган одамларнинг ота–боболари ҳам пайғамбарларга шундай қилганлар.
24 Эй бойлар, ҳолингизга вой! Сизлар роҳатингизни кўриб бўлдингизлар.
25 Эй қорни тўқлар, ҳолингизга вой! Сизлар оч қоласизлар. Эй кулаётганлар, ҳолингизга вой! Сизлар аза тутиб, фарёд қиласизлар.
26 Барча одамлар сизни мақтаганда ҳолингизга вой. Ахир, уларнинг ота–боболари Сохта пайғамбарларни ҳам худди шундай мақтаганлар.
27 Эй Мени тинглаётганлар, сизларга айтяпман: душманларингизни яхши кўринглар, сиздан нафратланганларга яхшилик қилинглар.
28 Сизларга лаънат айтганларни дуо қилинглар. Сизга озор берганлар учун ибодат қилинглар.
29 Бир чаккангизга урсалар, иккинчисини ҳам тутинг. Агар кимдир тўнингизни тортиб олса, кўйлагингизни ҳам ечиб беринг.
30 Сиздан сўраганларнинг ҳаммасига беринг. Агар кимдир нарсангизни тортиб олса, «Қайтариб бер», деб талаб қилманг.
31 Одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар.
32 Агар сизни севганларнигина яхши кўрсангиз, қандай савоб қилган бўласизлар?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам ўзларини севганларни яхши кўрадилар.
33 Агар ўзингизга яхшилик қилганларгагина яхшилик қилсангиз, қандай савоб қилган бўласиз?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам худди шундай қиладилар.
34 Агар сиз қайтариб олишга умид қилиб қарз берсангиз, қандай савоб қилган бўласиз?! Ҳатто гуноҳкорлар ҳам қанча қарзлари бўлса, ҳаммасини қайтариб олиш мақсадида гуноҳкорларга қарз берадилар.
35 Лекин сиз душманларингизни севинг, уларга яхшилик қилинг, қайтариб беришини ўйламай, қарз беринг. Шунда буюк мукофот олиб, Худойи Таолонинг фарзандлари бўласизлар. Ахир, Унинг Ўзи ҳам ношукурларга ва фосиқларга меҳрибон–ку!
36 Осмондаги Отангиз раҳмдил бўлгани каби, сизлар ҳам раҳмдил бўлинглар.
37 Бошқаларни ҳукм қилманг, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди. Бошқаларни айбламанг, шунда Худо ҳам сизни айбламайди. Бошқаларни кечиринг, шунда Худо сизни кечиради.
38 Бошқаларга беринг, Худо ҳам сизларга беради, мўл–кўл қилиб беради, босиб, силкитиб тўлдирилган, тошиб–тўкилган ўлчов билан қўйнингизни тўлдиради. Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангизлар, Худо ҳам сизларга худди шундай ўлчов билан ўлчаб беради.”
39 Исо уларга қуйидаги масални ҳам айтиб берди: “Кўр одам кўрни етаклаб юра оладими?! Иккаласи ҳам чуқурга қулаб тушади–ку!
40 Шогирд устозидан устун бўлмас. Аммо мукаммал билим эгаллаган шогирд устозидай бўлар.
41 Нима учун сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан–у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан?
42 Кўзингдаги ходани кўрмай туриб қандай қилиб биродарингга: «Дўстим, кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлай», деб айтасан? Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқара оласан.
43 Яхши дарахт ёмон мева бермас, ёмон дарахт эса яхши мева бермас.
44 Ҳар бир дарахтнинг қандайлиги ўз мевасидан билинади. Тиканзордан анжир терилмайди, бутазордан узум узилмайди.
45 Яхши одам юрагининг эзгулик хазинасидан яхшилик чиқаради, ёмон одам юрагининг ёмонлик хазинасидан ёмонлик чиқаради. Одамнинг дили нимага тўлиб–тошса, ўша тилига чиқади.
46 Нега сизлар Мени: «Ё Раббий, ё Раббий!» деб чақирасиз–у, аммо айтганларимни қилмайсизлар?
47 Менинг олдимга келган ва сўзларимни эшитиб, уларга риоя қилган одам кимга ўхшашини биласизларми?
48 Уй қураётганда, чуқур хандақ қазиб, тош устига пойдевор ўрнатган кишига ўхшайди у. Сел тошиб, ўша уйни сув босади, лекин уйни қўзғата олмайди. Чунки уй маҳкам ўрнатилган.
49 Аммо Менинг сўзларимни тинглаб, уларга риоя қилмайдиган одам уйни тупроқ устига, пойдеворсиз қурган кишига ўхшайди. Уйни сув босганда, уй ўша заҳоти қулаб тушади. Уй бутунлай вайрон бўлади.”