Ҳаворийлар 27 bob
1 Бизни денгиз орқали Италияга жўнатишга қарор қилдилар. Шундан кейин улар Павлусни ва бошқа баъзи маҳбусларни Империя қўшинидаги Юлиюс деган Рим юзбошисига топширдилар.
2 Ҳаммамиз Адрамиттион шаҳридан келган кемага ўтирдик. Кема Асия вилоятининг бандаргоҳларига энди жўнамоқчи бўлиб турган экан. Биз йўлга тушдик. Салоникадан келган Македониялик Аристархус деган одам бизга ҳамроҳ бўлди.
3 Эртаси куни биз Сидон шаҳрига етиб келдик. Юлиюс Павлусга яхши муносабатда бўлди, шунинг учун дўстлари олдига боришга ва керакли нарсаларни олишга ижозат берди.
4 Биз у ердан жўнаб кетдик. Шамол бизга қарши томондан эсаётгани учун Кипр оролини паналаб сузиб ўтдик.
5 Сўнг Киликия ва Памфилия вилоятларининг жануб томонидан сузиб, Ликия вилоятидаги Мура шаҳрига келдик.
6 Юзбоши у ерда Искандариядан Италияга сузиб кетадиган кемани топди ва бизни унга ўтқазди.
7 Биз бир неча кун секин сузиб, ниҳоят қийинчиликлар билан Книдус шаҳрига етиб келдик. Шамол бизга қарши эсаётгани учун Салмона ярим оролининг ёнидан ўтиб, Крит оролини паналаб суза бошладик.
8 Оролнинг қирғоғи бўйлаб машаққатлар билан Гўзал бандаргоҳлар деган жойга етиб келдик. Бу жой Ласея шаҳри яқинида жойлашган.
9 Биз анча вақт ўша ерда қолдик. Ҳатто Покланиш куни ҳам ўтди, сузиш хавфли бўлиб қолди. Павлус кемачиларга маслаҳат берди:
10 — Дўстлар! Кўриб турибман, бу ердан сузиб кетадиган бўлсак, нафақат юкимиз ва кемамиз, балки жонимиз ҳам хавф остида қолади, оғир ҳалокатга учраймиз.
11 Лекин юзбоши Павлуснинг маслаҳатига қулоқ солмай, кема дарғаси ва кема эгасининг гапига кирди.
12 Қишни ўтказиш учун бандаргоҳ яхши шароитга эга эмас эди. Шунинг учун деярли ҳамма у ердан денгизга чиқишга, қандай қилиб бўлса ҳам Финиксга етиб олиб, қишни ўша ерда ўтказишга рози эди. Финикс Крит оролидаги бандаргоҳ бўлиб, қаттиқ қиш шамолларидан панада эди.
13 Жанубдан майин шабада эса бошлаганда, улар: “Ниятимиз амалга ошадиган бўлди”, деб ўйладилар. Шунинг учун улар лангарни кўтариб, Крит ороли бўйлаб, қирғоққа яқин суза бошладилар.
14 Аммо кўп ўтмай орол томондан ниҳоятда кучли бўрон кўтарилди. Бу “Шимоли–шарқ” бўрони деб айтиларди.
15 Бўрон кемага шундай урилдики, натижада кема шамолга қарши сузолмай қолди. Шундан кейин ўзимизни тўлқинларга топшириб, шамол йўналиши бўйлаб сузиб кетдик.
16 Биз Кавда деган оролчани паналаб ўтдик. Кеманинг қайиқчасини зўрға ушлаб қолдик.
17 Денгизчилар қайиқни юқорига кўтариб олдилар. Кейин эса кема парчаланиб кетмасин деб, уни остидан арқонлар билан маҳкам боғладилар. Улар: “Суртис* атрофларида қумга ўтириб қолмасак эди”, деб қўрқиб, тезликни камайтирадиган лангарни туширдилар ва кемани шамол йўналишига қўйиб бердилар.
18 Қутурган бўрон давом этарди. Эртаси куни улар кемадан юкларни улоқтира бошладилар.
19 Учинчи куни эса ўз қўллари билан кеманинг асбоб–ускуналарини денгизга отдилар.
20 Бир неча кун биз на қуёшни, на юлдузларни кўрдик. Бўрон қутургани сари, қутулишимизга бўлган умид сўниб борарди.
21 Ҳеч ким узоқ вақт бирон нарса тановул қилмади. Шунда Павлус уларнинг ўртасига чиқиб, шундай деди: — Дўстлар! Агар менинг гапларимга қулоқ солиб, Кипрдан кетмаганларингизда эди, биз мана шу зарарга ва оғир ҳалокатларга дучор бўлмасдик.
22 Энди сизларга маслаҳатим шу: дадил бўлинглар! Орамиздан ҳеч ким нобуд бўлмайди, фақат кемадан маҳрум бўламиз, холос.
23 Мен мансуб бўлган ва мен сажда қиладиган Худойим ўтган куни олдимга Ўз фариштасини юборди.
24 Фаришта менга шундай деди: “Қўрқма, Павлус, сен Қайсар ҳузурида бўлишинг керак. Сен билан бирга кемада сузиб кетаётганларга Худо ҳаёт бағишлади.”
25 Шунинг учун, дўстлар, дадил бўлинглар, чунки Худога ишонаман: ҳаммаси менга айтилганидай бўлади.
26 Биз бирон оролга албатта тушамиз.
27 Ўн тўртинчи куни кечаси биз Ўрта ер денгизида шамол йўналиши бўйлаб сузаётган эдик. Тахминан тун ярмида денгизчилар қуруқликка яқинлашиб қолганимизни пайқаб қолдилар.
28 Улар чуқурликни ўлчаган эдилар, 20 қулоч чиқди. Бир оз нарироқни ўлчаган эдилар, 15 қулоч чиқди.
29 Улар: “Кема қояларга бориб урилади”, деб қўрқиб кетганлари учун кеманинг ортидан тўртта лангарни туширдилар ва тезроқ тонг отсин, деб Худога астойдил илтижо қилдилар.
30 Шу орада денгизчиларнинг баъзилари кемадан қочиб чиқишга уриндилар. Улар қайиқни сувга тушириб, ўзларини худди кеманинг олд томонидан лангар туширмоқчи бўлгандай кўрсатдилар.
31 Павлус юзбоши билан аскарларга шундай деди: — Бу одамлар кемада қолмас эканлар, билиб қўйинглар, сизлар ҳам ўзларингизни қутқара олмайсизлар.
32 Аскарлар қайиқ боғланган арқонни кесдилар ва қайиқни сувга тушириб юбордилар.
33 Тонг отиши билан, Павлус улардан тамадди қилиб олишларини илтимос қилди: — Бугун ўн тўрт кундирки, сизлар хавотирликда бўлиб, ҳеч нарса емадингизлар.
34 Ёлвораман: бир оз тамадди қилиб олинглар, бу тирик қолишингиз учун керак. Бошингиздан бирон тола соч ҳам тушмайди.
35 Павлус шу сўзларни айтиб бўлгач, нонни олди ва ҳамманинг кўз ўнгида Худога шукрона айтди. Сўнгра нонни синдириб, ея бошлади.
36 Бошқалар ҳам дадилланиб, овқатлана бошладилар.
37 Кемада жами 276 киши бор эди.
38 Улар тўйиб олгач, буғдойнинг ҳаммасини денгизга ташлаб, кемани енгиллаштирдилар.
39 Тонг отганда, денгизчилар қирғоқни таний олмадилар. Аммо қирғоқдаги қумли қўлтиқни пайқадилар. Агар имкони бўлса, кемани ўша ерда қирғоққа тўхтатамиз, деб қарор қилдилар.
40 ўнг лангарларни кесиб, денгизга тушириб юбордилар. Айни пайтда эшкакларни маҳкам боғлаб турган арқонларни ечдилар. Шундан кейин олдинги елканни шамолга қаратиб, қирғоққа сузиб кетдилар.
41 Лекин кема саёз жойга урилиб, қумга ўтириб қолди. Оқибатда кеманинг олд қисми қумга тиқилиб, қимирламай қолди. Кеманинг орқа қисми эса тўлқинлар шиддатидан парча–парча бўлиб кетди.
42 Шунда аскарлар: “Маҳбуслар сузиб, қутулиб кетмасин”, дея уларни ўлдирмоқчи бўлдилар.
43 Аммо юзбоши Павлусни қутқармоқчи бўлиб, аскарларни бу ниятларидан қайтарди. Уларга шундай буйруқ берди: “Сузишни биладиганлар биринчи бўлиб кемадан сакрасин ва қирғоққа сузиб борсин,
44 қолганлар эса тахталарни ёки кеманинг бирон синиқ бўлагини олиб, уларнинг ортидан эргашсинлар.” Шу йўсин ҳаммалари эсон–омон қирғоққа етиб олдилар.