Ҳаворийлар 28 bob
1 Биз қирғоққа эсон–омон етиб борганимиздан кейин, билдикки, бу оролнинг номи Мальта экан.
2 Ерли аҳоли бизга ғоят дўстона муносабатда бўлди. Ёмғир ёғаётгани ва совуқ бўлгани учун улар олов ёқиб, ҳаммамизни олов атрофига таклиф қилдилар.
3 Павлус шох–шабба йиғиб келиб, олов устига ташлаётганда, бир заҳарли илон иссиқдан қочиб, унинг қўлига осилиб қолди.
4 Ерли аҳоли Павлуснинг қўлига осилиб қолган илонни кўриб бир–бирларига: “Бу одам қотил бўлса керак, у денгиздан қутулса ҳам, Қасос худоси унга яшашга имкон бермади”, дедилар.
5 Аммо Павлус илонни олов ичига силкитиб отди, ўзи эса ҳеч қандай зарар кўрмади.
6 Аҳоли, ҳозир бу одам шишиб кетади ёки бирдан йиқилиб ўлади, деб кутарди. Улар узоқ кутдилар, лекин ғайритабиий равишда унга ҳеч нарса бўлмаганини кўрдилар. Энди одамлар фикрларини ўзгартириб: “У худо экан”, деб айта бошладилар.
7 Ўша жойнинг яқинида бир дала бор эди, бу дала орол бошлиғи Публиюсга тегишли экан. Публиюс бизни уйига олиб кетиб, уч кун меҳмон қилди.
8 Унинг отаси ичбуруғдан иситмалаб, тўшакда ётарди. Павлус унинг хонасига бориб, ибодат қилди, унга қўлини қўйиб, шифо берди.
9 Шу воқеа юз бергандан кейин, оролдаги ҳамма хаста одамлар Павлуснинг олдига келиб, шифо топдилар.
10 Улар бизга кўп иззат–ҳурмат кўрсатдилар. Жўнаб кетаётганимизда эса сафаримиз учун зарур озиқ–овқатларни кемага жойлаштирдилар.
11 Уч ойдан кейин Искандариядан келган кема билан денгизга чиқдик. Кема “Эгизак худолар” деб аталарди. У оролда қишлаб қолган эди.
12 Биз Суракуз шаҳрига бориб, у ерда уч кун турдик.
13 У ердан сузиб кетиб, Региумга келдик. Эртаси куни жанубдан шамол эса бошлади. Иккинчи кун Путеол шаҳрига етиб келдик.
14 У ерда бир неча имонлилар билан учрашдик. Улар: “Биз билан қолинглар”, деб илтимос қилдилар. Бир ҳафтадан кейин биз Римга кетдик.
15 Римдаги имонлилар биз тўғримизда эшитиб, бизни кутиб олгани йўлга чиқишди. Баъзилари билан Аппиюс бозорида кўришдик, бошқа бирлари билан эса Уч меҳмонхона деган жойда учрашдик. Павлус уларни кўриб, Худога шукур айтди ва янада дадиллашди.
16 Биз Римга келганимиздан кейин, Павлусга бир аскар кузатувида ёлғиз яшашга рухсат берилди.
17 Павлус уч кундан кейин маҳаллий яҳудийларнинг йўлбошчиларини чақирди. Улар йиғилишгач, Павлус деди: — Биродарлар! Мен халқимизга ёки ота–боболаримиз одатларига қарши бирон нарса қилмаган бўлсам ҳам, мени Қуддусда қамаб, Рим амалдорларининг қўлига топширишди.
18 Улар мени текшириб кўрганларидан кейин, мени озод қилмоқчи бўлдилар, чунки ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган эдим.
19 Аммо яҳудийлар қаршилик қилганларидан кейин, мен Қайсарнинг ҳукмини талаб қилишга мажбур бўлдим. Мен бу билан ўз халқимни айбламоқчи эмасман.
20 Шу сабабдан мен сизлар билан кўришиб, суҳбатлашишни истадим. Аслини олганда, мен Исроилнинг умиди* учун занжирбанд қилинганман.
21 Улар Павлусга дедилар: — Сиз тўғрингизда Яҳудиядан биронта хат олмадик, бу ерга ташриф буюрган биродарларимиздан биронтаси ҳам сиз тўғрингизда бирон хабар ёки ҳеч қандай ёмон гап айтмади.
22 Аммо фикрингизни ўзингиздан эшитишни истардик, чунки бу мазҳабга нисбатан ҳар ерда қарши гапириб юрганларини биз биламиз.
23 Улар Павлус билан бир кунни келишиб олдилар. Ўша куни улар Павлус турган жойга бир талай одамни бошлаб келдилар. Павлус эрталабдан кечгача уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида тушунтирди. Шунингдек, Мусонинг Таврот китобидан ва Пайғамбарлар битикларидан Исо тўғрисида ишончли далиллар келтирди.
24 Улардан баъзилари Павлуснинг айтганларига ишондилар, бошқалари эса умуман ишонмадилар.
25 Шундай қилиб, улар ўзаро баҳслашдилар. Улар кетмоқчи бўлиб турганларида Павлус шундай деди: “Муқаддас Руҳ Ишаё пайғамбар орқали ота–боболарингизга ушбу гапни тўғри айтган экан:
26 «Бор, мана шу халққа айт: ‘Сизлар тинглаб турасиз–у, лекин ҳеч тушунмайсиз, Қараб турасиз–у, аммо ҳеч англаб етмайсиз.’
27 Зеро, бу халқнинг ақли ўтмас бўлиб қолди, Қулоқлари гаранг бўлди, Кўзларини юмиб олишди. Акс ҳолда, кўзлари кўрган бўларди, Акс ҳолда, қулоқлари эшитган бўларди, Ақллари англаган бўларди, Яна Менга қайтган бўлишарди, Мен уларга шифо берган бўлардим.»
28 Сизларга шу маълум бўлсинки,
29 Худонинг нажоти ғайрияҳудийларга юборилган. Улар қулоқ соладилар.”
30 Павлус ижарага олган уйида икки йил яшади ва уни кўргани келган ҳаммани қабул қилди.
31 У жасорат билан Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз айтиб, Раббимиз Исо Масиҳ тўғрисида таълим берди. Ҳеч ким унга буни тақиқлашга уринмади.