Қонунлар (5-Таврот) 23 bob
1 Жинсий аъзоси кесиб ташланган ёки мояги эзилган одамга Эгамиз жамоаси йиғинида иштирок қилиш ман этилади.
2 Ноқонуний туғилган бола Эгамиз жамоасига киролмайди, унинг ўнинчи авлодигача бирорта авлоди ҳам Эгамиз жамоасига киролмайди.
3 Оммонликлар ва Мўабликлар Эгамиз жамоасига киролмайди, уларнинг ўнинчи авлодигача бирорта авлоди Эгамиз жамоасига асло киролмайди.
4 Чунки Мисрдан чиқиб келаётганингизда улар йўлда сизларни нон ва сув билан кутиб олмадилар. Улар Орам–НахрайимдагиПатўр шаҳридан Бавўр ўғли Баломни сизларни лаънатлаш учун ёллади.
5 Лекин Эгангиз Худо Баломга қулоқ солишни хоҳламади. Эгангиз Худо сизларни севгани учун Баломнинг лаънатини баракага айлантирди.
6 Тирик экансиз, уларнинг тинчлигини, фаровонлигини ҳеч қачон кўзламанглар.
7 Эдомликлардан эса ҳазар қилманглар, чунки улар сизларнинг қариндошларингиздирМисрликлардан ҳам ҳазар қилманглар, чунки сизлар уларнинг юртида мусофир бўлган эдингизлар.
8 Улардан туғилган учинчи авлод болалари Эгамиз жамоасига кирса бўлади.
9 Душманларингиз билан жанг қилишга борганингизда, ҳар қандай ҳаромликдан сақланинг.
10 Агар орангиздан бирортаси, кечаси маний оққани туфайли ҳаром бўлиб қолса, у қароргоҳдан чиқиб кетсин. У қароргоҳда қолиши мумкин эмас.
11 Кеч кираётганда ювиниб, қуёш ботгандан кейин қароргоҳга кириши мумкин.
12 Қароргоҳнинг ташқарисида ҳожат чиқаришингиз учун жой бўлсин.
13 Қурол–аслаҳангиз орасида куракчангиз ҳам бўлсин, эҳтиёжингизни қондириш учун чуқурча ковлаб, кейин уни кўмиб қўйинг.
14 Қароргоҳингизни пок сақланг, чунки Эгангиз Худо сизларга нажот бериш ва душманларингиз устидан ғалаба қозонишингиз учун сизлар билан қароргоҳдадир. Агар У орангизда уятли ишларни кўрса, сизлардан юз ўгиради.
15 Ўз эгасидан қочиб, Исроилдан паноҳ сўраб келган қулни яна қайтариб эгасига бериб юборманглар.
16 У сизларнинг орангизда, ўзи ёқтирган жойда, танлаган шаҳарларингизнинг бирида яшайверсин. Унга зулм қилманглар.
17 Исроил аёллари орасида саждагоҳ фоҳишалари бўлмасин. Исроил эркаклари орасида саждагоҳ фоҳишлари бўлмасин.
18 Эгангиз Худо бузуқ аёлу эркаклардан жирканади. Уларнинг иш ҳақини Эгангиз Худонинг уйига олиб кирманглар. Ўшани аталган назр сифатида келтирманглар.
19 Исроил халқидан бўлган биродарингизга кумушни, нонни ёки ҳар қандай бошқа нарсани қарзга берганингизда, фоиз талаб қилманглар.
20 Бошқа халқдан бўлгандан фоиз талаб қилсангиз бўлади, лекин биродарингиздан фоиз талаб қилманглар. Шунда Эгангиз Худо сизга мулк қилиб берадиган юртда ҳар бир ишингизга барака беради.
21 Эгангиз Худога назр атаган бўлсангиз, уни кечиктирмасдан келтиринг. Эгангиз Худо ваъдангизни бажаришни сиздан талаб қилади. Келтирмасангиз, ўзингизга гуноҳ орттириб оласиз.
22 Назр атамасангиз гуноҳ бўлмайди.
23 Аммо ўз хоҳишингиз билан Эгангиз Худога онт ичиб назр атасангиз, оғзингиздан чиққан ваъдангизни албатта бажаринг.
24 Бировнинг узумзорига кирганингизда, тўйгунингизча узумдан есангиз бўлади, лекин идишингизга териб олманг.
25 Бировнинг даласига кирганингизда қўлингиз билан бошоқ узсангиз бўлади, лекин экинига ўроқ солманг.