Римликларга мактуб 11 bob
1 Шундай қилиб, яна бир саволим бор. Наҳотки Худо Ўз халқини рад қилган бўлса? Йўқ, асло! Мен ўзим Исроил халқидан бўлиб, Иброҳимнинг авлодиданман, Бенямин қабиласига тегишлиман–ку!
2 Худо азалдан танлаб олган халқини рад қилгани йўқ. Муқаддас битикларда Илёс ҳақида нима ёзилгани эсингизда йўқми?! У Исроил халқидан шикоят қилиб, Худога шундай деган эди:
3 Эй Эгам, Исроил халқи қурбонгоҳларингни бузди, пайғамбарларингни қиличдан ўтказди. Ёлғиз мен қолдим, холос. Энди жонимни олиш учун мени ҳам қидириб юрибдилар.”
4 Худо унга нима деб жавоб берди? “Мен Исроил халқидан Ўзим учун Баал олдида тиз чўкмаган етти минг одамни қолдирдим.”
5 Худди шунга ўхшаб, ҳозир ҳам Худога содиқ қолганлар бор, чунки улар Худонинг инояти бўйича танланганлар.
6 Танлаш инсонларнинг ишларига эмас, Худонинг иноятига боғлиқ. Агар шундай бўлмаганда эди, иноят ҳақиқий иноят бўлмас эди.
7 Хуллас, бу нимани билдиради? Исроил халқи солиҳлик пайида бўлса ҳам, солиҳликка эришмади. Фақатгина танланганлар бу мақсадга эришди, қолганларнинг эса юраклари тош бўлди.
8 Муқаддас битикларда ёзилгандай: “Худо шу пайтгача уларни қаттиқ ухлатиб қўйди, Уларга кўрадиган кўз, эшитадиган қулоқ бермади.”
9 Довуд ҳам шундай деган: “Дастурхонлари ўзларига тўру тузоқ бўлсин. Шунда улар қоқилиб, Жазоларини оладилар.
10 Кўз нурлари сўнсин, кўрмай қолсин, Беллари то абад букчайиб қолсин.”
11 Бундан яна бир савол келиб чиқади. Яҳудийлар қоқилганда, бутунлай ҳалок бўлдиларми? Йўқ, асло! Аксинча, улар Масиҳни рад қилганлари учун ғайрияҳудийлар нажотга эга бўлдилар, токи Исроил халқининг рашки қўзғалсин.
12 Яҳудийлар Масиҳни рад этиб, бутун дунёни янада бойитдилар. Ўзлари йўқотган бойлик билан ғайрияҳудийларга фойда келтирдилар. Агар уларнинг бу гуноҳи шундай самара келтирган бўлса, уларнинг нажот топиши қанчалик фойда келтиришини бир тасаввур қилиб кўринглар–а!
13 Энди сизларга — ғайрияҳудийларга айтяпман. Тўғри, мен сизларга Хушхабар келтириш учун юборилганман. Бу хизматимни жон–жаҳдим билан бажараман,
14 балки бу хизматим билан ўз қондошларим яҳудийларнинг рашкини қўзғатарман, уларнинг баъзиларини қутқариб қоларман.
15 Яҳудийларнинг рад этилиши дунёни Худо билан яраштирган бўлса, уларнинг Худо томонидан қабул қилиниши ўлимдан ҳаётга олиб бормайдими?
16 Биринчи ёпилган нон Худога бағишланиб муқаддас бўлса, хамирнинг қолгани ҳам муқаддасдир. Агар томирлар муқаддас бўлса, новдалар ҳам муқаддасдир.
17 Баъзи яҳудийлар дарахтнинг синдириб ташланган новдаларига ўхшайдилар. Сизлар — ғайрияҳудийлар эса табиий новдалар орасига пайванд қилинган ёввойи зайтун новдаларига ўхшайсизлар. Энди улар билан бирга бир томирдан озиқланяпсизлар.
18 Шундай экан, бошқа новдаларга қараб мақтанманглар. Агар жуда кеккайиб кетсангизлар, ёдга олинглар, сизлар томирни эмас, балки томир сизларни озиқлантиряпти.
19 Эҳтимол сизлар: “Биз пайванд қилинишимиз учун новдалар синдирилди”, дерсизлар.
20 Тўғри, лекин эсингизда бўлсин: улар ишонмаганлари учун синдириб ташландилар, аммо сизлар имонингиз орқали пайванд қилингансиз. Шунинг учун кеккайиб кетманглар, балки Худодан қўрқинглар.
21 Акс ҳолда, Худо табиий новдаларни аямагани каби, сизларни ҳам аямайди.
22 Шундай қилиб, Худонинг меҳрибонлиги ва қаттиққўллиги ҳақида ўйлаб кўринг: Худонинг нажотини рад қилганларга У қаттиққўллик қилди, сизларга — пайванд қилинганларга эса У меҳрибонлик кўрсатди. Агар Худога содиқ қолсангиз, Унинг меҳрибонлигидан баҳраманд бўлаверасиз. Бўлмаса, Худо сизларни ҳам кесиб ташлайди.
23 Нажотни рад қилганлар ўз имонсизликларини бас қилсалар, пайванд қилинадилар. Худо уларни қайта пайванд қилиб қўйишга қодир.
24 Ахир, сизлар ёввойи зайтун дарахтидан кесиб олиниб, парваришланган зайтун дарахтига, табиатга хилоф равишда, пайванд қилиндингиз. Шундай экан, улар, табиий новдалар, ўзларининг дарахтига қанчалар осонлик билан қайта пайванд қилинадилар–а!
25 Биродарларим, сизлар тағин ўзбилармон бўлиб кетманглар деб, бу сирни сизларга билдирмоқчиман: белгиланган миқдордаги ғайрияҳудийлар нажот топмагунча, Исроил халқининг баъзилари ўжар бўлиб қолаверадилар.
26 Шундан кейин бутун Исроил қутқарилади. Муқаддас битикларда Худо шундай деган–ку: “Қутқарувчи Қуддусдан келади, Ёқуб наслидан бетавфиқликни йўқ қилади.
27 Улар билан қилган аҳдим мана шудир: Мен уларни гуноҳларидан фориғ қиламан.”
28 Яҳудийлар Хушхабарни рад қилиб, Худонинг душманлари бўлиб қолдилар, бу сизларга — ғайрияҳудийларга фойда келтирди. Аммо Худо яҳудийларни танлагани учун, уларнинг ота–боболари ҳақи ҳали ҳам уларни яхши кўради.
29 Чунки Худо берган инъомларини қайтариб олмайди ва Ўзи даъват қилган халқидан воз кечмайди.
30 Сиз — ғайрияҳудийлар ҳам бир вақтлар итоатсиз эдингиз, аммо яҳудийларнинг итоатсизлиги натижасида Худо сизларга меҳр–шафқат кўрсатди.
31 Тўғри, ҳозир яҳудийлар итоатсиз, аммо сизларга кўрсатилган меҳр–шафқат туфайли улар ҳам меҳр–шафқат топадилар.
32 Ҳаммага меҳр кўрсатай деб, Худо ҳаммани итоатсизликка тутқун қилди.
33 Худонинг донолигию билими нақадар бой ва чуқурдир! Унинг ҳукмларини ким тушуниб етади?! Унинг йўлларини ким синчиклаб текшира олади?!
34 Ким Эгамизнинг фикр–зикрини била олади?! Ким Унга маслаҳат бера олади?!
35 Ким Худога шундай ҳадя берганки, Худо ундан қарздор бўлса?!
36 Ҳеч ким! Чунки бутун борлиқ Худодан келиб чиққан, Худо орқали ва Худо учун мавжуддир! Унга то абад шон–шарафлар бўлсин! Омин.