Коринфликларга 2-нчи мактуб 4 bob
1 Биз Худонинг марҳамати билан янги аҳднинг хизматкорлари бўлганимиз учун тушкунликка тушмаймиз.
2 Аксинча, сирли ва уятли ишлар қилишдан, макр–ҳийла ишлатишдан бош тортиб, Худонинг каломини бузмай гапирамиз. Ҳақиқатни очиқ–ойдин айтиб, Худонинг ҳузурида ўзимизни бошқа одамларнинг ҳукмига топширамиз.
3 Хушхабаримиз сирли, тўсиқ парда ортида тургандай бўлиб туюлса, у ҳалок бўладиганлар учун шундай туюлади.
4 Бу дунёнинг худоси имонсизларнинг онгини кўр қилиб қўйган. Шунинг учун улар Хушхабарнинг нурини кўра олмайдилар. Бу Хушхабар Худонинг аниқ тасвири бўлган Масиҳнинг улуғворлигини кўрсатади.
5 Биз ўзимиз ҳақимизда эмас, Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида ваъз қиламиз. Исонинг йўлида сизларнинг хизматкорларингизмиз.
6 Худо дунёни яратганда Ўз сўзи билан зулматдан нур яратган эди*. Энди У Ўзининг нури билан бизнинг юракларимизни ҳам ёритди, Исо Масиҳ сиймосида порлаб турган Ўз улуғворлигини бизга кўрсатди.
7 Шундай ажойиб хазинани сопол идишлардай бўлган таналаримизда олиб юрибмиз. Шу орқали олий қудрат бизга эмас, Худога мансуб эканлиги кўриниб турибди.
8 Биз ҳар томонлама жабрланиб эзиламиз, аммо синмаймиз. Кўнглимиз алағда бўлиб, мушкул аҳволга тушсак ҳам умидимизни йўқотмаймиз.
9 Қувғинларга учраймиз, лекин Худо ҳеч қачон бизни ташлаб кетмайди. Бизни ерга йиқитадилар, аммо яксон қила олмайдилар.
10 Исо Масиҳ ўлимга рўбарў бўлганидек, биз ҳам азоб–уқубат тортиб, ўлим таҳликасида яшаяпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг танамизда намоён бўлсин.
11 Исо Масиҳга тегишли бўлганимиз учун биз доим ўлимга дучор бўляпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг фоний баданимизда намоён бўлсин.
12 Шундай қилиб, ўлим хавфи остида яшашимиз сизларга абадий ҳаёт келтиради.
13 Муқаддас битикларда: “Ишонганим учун гапирдим”, деб ёзилган. Бизда ҳам шундай имон бор, шунинг учун Хушхабар айтишни давом эттираверамиз.
14 Биламизки, Раббимиз Исони тирилтирган Худо бизни ҳам Исога ўхшатиб тирилтиради ва сизлар билан бирга Ўзининг ҳузурига олиб киради.
15 Бошимиздан ўтганларнинг ҳаммаси сизларнинг манфаатингиз учун юз берган. Худонинг инояти кўпдан–кўп одамлар орасида ёйилар экан, Худога янада кўп одамлар шукур айтади ва бундан Унга янада кўпроқ шон–шуҳрат келади.
16 Шунинг учун ҳам умидимизни йўқотмаймиз. Тўғри, бу фоний баданимиз хазон бўляпти, аммо биз руҳан янгиланиб боряпмиз.
17 Бизнинг ўткинчи, енгил азоб–уқубатларимиз бизга ҳаддан ташқари ажойиб ва абадий улуғворлик келтиради.
18 Ахир, биз кўринадиган нарсаларга эмас, балки кўринмайдиган нарсаларга кўз тикканмиз. Кўринадиган нарсалар ўтиб кетади, кўринмайдиганлари эса мангудир!