ЁШУА КИТОБИ
Кириш
Ёшуа китобида Исроил халқининг тарихи баён этилган бўлиб, китобдан ўрин олган воқеалар Мусонинг Таврот китобидаги воқеаларнинг узвий давомидир. Исроил халқи Худо Иброҳимга ваъда қилган Канъон юртига кириб, уни забт эта бошлайди. Мазкур китобда нафақат тарихий далиллар, балки Худонинг Ўз халқи билан бўлган жонли муносабати, ваъдаларига содиқлиги, бевафо халқига кўрсатган меҳр–шафқати баён қилинган. Бу китобнинг бош қаҳрамони Нун ўғли Ёшуадир. Мусонинг ўлимидан кейин Ёшуа Исроил халқининг йўлбошчиси қилиб тайинланган эди. Ёшуа исми “Эгамиз қутқаради” деган маънони билдиради. Китобнинг шу ном билан аталиши ҳам бежиз эмас, чунки Худонинг Ўзи халқини душманларидан қутқариб, саноқсиз жангларда уларга ғалаба ато қилади. Ғалаба ҳарбий куч ва салоҳият туфайли эмас, балки Худога бўлган ишонч ва Унинг сўзига итоаткорлик туфайли насиб бўлишини Исроил халқи ўз тажрибасидан билиб олади. Китобнинг бошида (1-12–боблар) Ёшуа Исроил халқини Канъон юртига олиб киргани ва юртнинг аксарият қисмини забт этгани ҳақида ҳикоя қилинади. Китобнинг бу қисмида кўп мўъжизалар ҳақида сўз юритилади, масалан, Ерихо шаҳри учун бўлган жангда Худонинг қудрати билан шаҳар деворлари ўпирилиб тушади, Гивон шаҳри учун бўлган жангда Худо осмондан йирик дўл ёғдириб, душман жангчиларини эзиб ташлайди, қуёшни бир жойда тўхтатиб қўяди. Китобнинг давомида (13-25–боблар) Канъон юртининг ерлари Исроил қабилалари орасида тақсимланиши ҳақида сўз боради. Мусо даврида Исроил халқининг Рубен, Гад қабилалари ва Манаше қабиласининг ярми Иордан дарёсининг шарқидаги ерларга ўрнашиб олган эдилар. Энди Ёшуа Иордан дарёсининг ғарбидаги ерларни қолган тўққизта қабила ва Манаше қабиласининг иккинчи ярмига тақсимлаб беради. Леви қабиласи Худога хизмат қилгани боис, уларга бошқа қабилалар қатори ер улуш қилиб берилмайди. Юртдан улуш бериш ўрнига, Ёшуа левиларга бутун юрт бўйлаб яшашлари учун шаҳар ва қишлоқларни ажратиб беради. Орадан анча йиллар ўтгандан кейин, ҳаётининг сўнгги дамларида Ёшуа халқни Худога садоқатли бўлишга, фақат Унга сажда қилишга чақиради.