Ёшуа 11 bob
1 Хазор шаҳрининг шоҳи Ёбин Ёшуанинг ғалабалари ҳақида эшитди. У қуйидаги шоҳларга шошилинч хабар юборди: Мадон шоҳи Йўвовга, Шимрон шоҳига, Ахшоф шоҳига,
2 шимолдаги қирларнинг шоҳларига, Жалила кўлининг жанубидаги Иордан водийсининг шоҳларига, ғарбдаги қир этаклари ва Нафўт–Дўр шоҳларига,
3 шарқ ва ғарбдаги Канъон халқларининг шоҳларига,Амор, Хет, Париз халқларининг шоҳларига, қирлардаги Ёбус шоҳларига, Миспах еридаги Хермон тоғининг этагида яшайдиган Хив халқига.
4 Улар бутун лашкарлари, жуда кўп отларию жанг араваларини тўплаб, Исроил халқига қарши жанг қилиш учун йиғилишди. Уларнинг жангчилари денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз эди.
5 Исроил халқи билан жанг қилишга мана шу шоҳларнинг ҳаммаси лашкарларини бирлаштиришди. Улар Миром сувлари олдида қароргоҳ қурдилар.
6 Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Улардан қўрқмагин! Мен Ўзим уларни Исроил халқининг қўлига бераман, эртага шу пайтда уларнинг ҳаммаси ўлган бўлади. Уларнинг отларини майиб қилинглар, жанг араваларини ёндиринглар.”
7 Ёшуа ўзининг бутун лашкари билан Миромга бориб, душман қўшинлари устига тўсатдан ҳужум қилди.
8 Эгамиз Исроил лашкарига душманлари устидан ғалаба берди. Исроил лашкари душманларини шимол томонда Буюк Сидон ва Мисрафўт–Майимгача, шарқ томонда эса Миспах водийсигача қувиб бориб, уларнинг ҳаммасини ҳалок қилди. Душманларнинг бирортаси ҳам тирик қолмади.
9 Ёшуа Эгамиз буюргандай уларнинг отларини майиб қилди, жанг араваларини ёндириб ташлади.
10 Ўшандан кейин Ёшуа ўз лашкари билан орқага қайтиб, Хазор шаҳрига борди. Уни қўлга киритиб, шоҳини ҳалок қилди. У пайтда Хазор ўша шоҳликлар орасида энг қудратлиси эди.
11 Исроил лашкари шаҳар аҳолисининг ҳаммасини бутунлай йўқ қилди. У ерда бирорта ҳам тирик жон қолмади. Шаҳарни эса ёндириб ташлашди.
12 Ёшуа билан Исроил лашкари ўша шаҳарларнинг ҳаммасини босиб олиб, уларнинг шоҳларию барча аҳолисини қиличдан ўтказди. Эгамизнинг қули Мусо буюргандай, уларни бутунлай вайрон қилди.
13 Исроил лашкари тепаликларда қурилган шаҳарлардан фақатгина Хазор шаҳрини ёндириб ташлади.
14 Исроил лашкари шаҳарлардаги мол–мулкларни ва барча чорвани ўзларига ўлжа қилиб олдилар. Аммо шаҳарларнинг барча аҳолисини қиличдан ўтказдилар. У ерда бирорта ҳам тирик жон қолмади.
15 Эгамиз Ўз қули Мусога берган амрларни Мусо Ёшуага етказган эди. Ёшуа Мусо айтгандай қилиб, барча амрларни битта қолдирмай бажарди.
16 Шундай қилиб, Ёшуа бутун юртни — жанубий қирлару ўша қирларнинг этакларини, бутун Нагав чўлини, бутун Гўшен ерларини, Иордан водийсини, шимолий қирлар ва ўша қирларнинг этакларини босиб олди.
17 Исроил халқи босиб олган ернинг жанубий чегараси Сеир ёнидаги Халак тоғи эди, шимолдаги чегараси эса Хермон тоғининг этагида жойлашган Лубнон водийсидаги Баал–Гад шаҳри эди. Ёшуа ўша ерларнинг шоҳларини мағлуб қилиб, ҳаммасини ҳалок қилди.
18 Бу шоҳларни мағлуб қилгунча, Ёшуа узоқ вақт улар билан уруш қилган эди.
19 Гивондаги Хив халқидан ташқари ҳеч бир шаҳар аҳолиси Исроил халқи билан сулҳ тузмаган эди. Уларнинг ҳаммаси жангда мағлуб бўлишди.
20 Эгамиз ўша халқларни ўжару такаббур қилиб қўйгани учун, улар Исроил халқига қарши жанг қилавердилар. Эгамиз Мусога буюргандай, Исроил лашкари уларни бутунлай йўқ қилиб, шафқатсизларча ўлдиришлари учун шундай қилган эди.
21 Ўша пайтда Ёшуа қирларда яшаган Оноқ авлодини йўқ қилиб ташлади. Улар Хеврон, Давир, Онов шаҳарларида, бутун жанубий ва шимолий қирларда яшардилар. Ёшуа уларни ўлдириб, шаҳарларини вайрон қилди.
22 Исроил халқининг юртида Оноқ авлодидан ҳеч ким қолмади, фақатгина Ғазо, Гат ва Ашдод шаҳарларида бир нечтаси қолди.
23 Шундай қилиб, Мусога Эгамиз айтгандай, Ёшуа бутун юртни қўлга киритди. Ёшуа бу ерларни Исроил халқининг қабилаларига мулк қилиб берди. Энди юртда тинчлик барқарор бўлди.