ПАВЛУСНИНГ ФИЛИМЎНГА МАКТУБИ
Кириш
Мазкур мактуб муаллифи ҳаворий Павлусдир. Павлус ушбу мактубини Филимўн исмли масиҳийга йўллайди. Эҳтимол, Филимўн Колоса шаҳридаги жамоатнинг аъзоси бўлгандир. Филимўннинг Ўнисимус деган қули бор эди. Бу қул хўжайинидан қочиб кетиб, тақдир тақозоси билан Павлусни учратиб қолади. Павлус ўша вақтда қамоқда бўлади. Ўнисимус Павлус орқали имонга келади. Павлус бу мактубни Филимўнга қули Ўнисимус билан ярашишни илтимос қилиб ёзади. Сўнг Ўнисимусга мактубни бериб, уни Филимўннинг олдига қайтариб юборади. Павлус Филимўндан Ўнисимусни нафақат қул, балки масиҳий биродар сифатида қабул қилишини сўрайди. Филимўнга мактуб жуда қисқа бўлгани учун бобларга бўлинмаган.