Ибронийларга мактуб 4 bob
1 Худонинг фароғат диёрига кириш ҳақидаги ваъдаси ҳануз кучда қолган. Шунинг учун эҳтиёт бўлайлик, тағин ваъда қилинган фароғат диёрига киришга номуносиб бўлиб қолмайлик.
2 Ахир, фароғат диёри ҳақидаги Хушхабар Исроил халқига саҳрода эълон қилингандай, бизга ҳам эълон қилинди. Аммо улар бу хабарни эшитсалар ҳам, унинг қадрига етмадилар. Улар бизга ўхшаб, бу хабарни эшитдилар, аммо унга ишонмадилар.
3 Биз ишонганимиз учун фароғат диёрига кирамиз. Ишонмаганлар ҳақида эса Худо шундай деганди: “Шунинг учун ғазабланиб, онт ичдим: «Улар фароғат диёримга кирмайди.»” Ҳолбуки, Худо фароғат диёрини дунёни яратгандаёқ тайёрлаб қўйган.
4 Чунки яратилишнинг еттинчи куни ҳақида Муқаддас битикларда шундай дейилган: “Еттинчи куни Худо ҳамма ишларини битириб, дам олди.” Аммо баъзи одамлар Худонинг фароғат диёрига кирмадилар.
5 Юқоридаги парчада айтилгандай: “Улар фароғат диёримга кирмайди.”
6 Бундан англашиладики, фароғат ҳақидаги Хушхабарни биринчи бўлиб эшитганлар ўз итоатсизлиги учун фароғат диёрига кирмаган эдилар. Аммо баъзи кишиларга у ерга кириш учун имконият бор.
7 Худо ўша кишиларни кўзда тутиб, “бугун” деб аталган яна бир кунни тайин қилди. Кўп йиллардан кейин бу кун ҳақида У Довуд орқали гапирди. Худонинг бу гапини мен олдин ҳам айтиб ўтганман: “Қанийди, бугун Менинг овозимга қулоқ солсангиз! Тош юрак бўлманглар!”
8 Агар Ёшуа Исроил халқини фароғатга эриштирганда эди, ўшандан кейин Худо бошқа бир кун ҳақида гапирмаган бўларди.
9 Хуллас, Худонинг халқини Шаббат кунига ўхшаган фароғат кутмоқда.
10 Худонинг фароғат диёрига кирганлар, Худо каби ўз ишларидан дам оладилар, чунки Худо ҳам дунёни яратиб бўлгандан кейин дам олган эди.
11 Шундай экан, фароғат диёрига киришга жон куйдирайлик. Акс ҳолда, биз ҳам Исроил халқидай итоатсизлик қилиб, фароғатдан бебаҳра қоламиз.
12 Худонинг каломи жонли ва таъсирли, ҳар қандай дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни ажратгудек суқилиб киради. Худонинг каломи хаёлу юракнинг ниятларини фош этади.
13 Бутун борлиқ Худонинг кўзи олдида яп–яланғоч ва очиқдир. Ҳеч ким ва ҳеч нарса Ундан пинҳон эмас. Биз Унга ҳисоб берамиз!
14 Шундай экан, ўзимиз эътироф этган эътиқодимизни маҳкам тутайлик! Зотан, бизнинг улуғ Олий руҳонийимиз бор. Худонинг самодаги ҳузурига кириб борган бу Олий руҳонийимиз Худонинг Ўғли Исодир.
15 У ожизликларимизга ҳамдард бўла олади. Ахир, У биз каби ҳар томонлама синалган, лекин бизга ўхшаб гуноҳ қилмаган.
16 Келинглар, иноятли Худойимизнинг тахтига жасорат билан яқинлашайлик. Шунда У бизга марҳамат кўрсатади, Унинг инояти зарур вақтда бизга ёрдам беради.