Ҳакамлар 3 bob
1 Эгамиз, Канъон юртида бўлиб ўтган биронта урушда қатнашмаган Исроил халқини синай,
2 ҳеч қачон уруш кўрмаган бу янги авлодга жангни ўргатай деб, қуйидаги халқларни қолдирган эди:
3 бешта Филист бегини, барча Канъон халқларини, Сидонликлар ва Баал–Хермон тоғидан то Лево–Хоматгача Лубнон қирларида яшаган Хив халқини.
4 Улар ёрдамида Эгамиз Ўз халқи Исроилни синаб, Мусо орқали ота–боболарига берган амрларга итоат қилиш–қилмаслигини кўрмоқчи эди.
5 Шундай қилиб, Исроил халқи Канъон, Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқларининг орасида яшади.
6 Улар ўша халқлар билан апоқ–чапоқ бўлиб, қиз олиб, қиз беришарди, ҳатто худоларига ҳам сиғинишарди.
7 Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилар эди. Улар ўзларининг Эгаси Худони эсларидан чиқариб, Баал ва Ашеранинг тасвирларига сиғинишар эди.
8 Бундан ғазабланган Эгамиз уларни Орам–Нахрайим шоҳи Кушонриштамга тобе қилиб қўйди. Улар саккиз йил давомида Кушонриштамнинг хизматида бўлишди.
9 Аммо Исроил халқи Эгамизга илтижо қилгач, Эгамиз уларга қутқарувчи қилиб Ўтниёлни юборди. Ўтниёл Холибнинг жияни, аниқроғи, кенжа укаси Ханазнинг ўғли эди.
10 Эгамизнинг Руҳи Ўтниёлни қамраб олди. Ўтниёл Исроил халқига ҳакам бўлди. Ўтниёл шоҳ Кушонриштамга қарши жанг қилиб, уни енгди, чунки Эгамиз шоҳни унинг қўлига берган эди.
11 Шундан кейин юртда қирқ йил тинчлик, осойишталик бўлди. Сўнг Ханаз ўғли Ўтниёл оламдан ўтди.
12 Исроил халқи Эгамизнинг олдида яна қабиҳликлар қилгани учун, Эгамиз Мўаб юртининг шоҳи Эглонни уларга қарши қўзғатди.
13 Шоҳ Эглон Оммон ва Омолек халқлари билан биргаликда Исроил халқини енгиб, пальма шаҳри Ерихони қўлга киритди.
14 Шундай қилиб, Исроил халқи ўн саккиз йил давомида Мўаб юртининг шоҳи Эглонга қарам бўлиб яшади.
15 Аммо Исроил халқи Эгамизга илтижо қилиши биланоқ, Эгамиз уларга Эҳуд исмли бир қутқарувчини юборди. Гера ўғли Эҳуд Бенямин қабиласидан бўлиб, чапақай эди. Исроил халқи Эҳуд орқали Мўаб шоҳи Эглонга ўлпон жўнатди.
16 Эҳуд ўзига узунлиги бир тирсак бўлган ханжар ясаб, уни ўнг томонига, кийимининг ичидан тақиб олганди.
17 У ўлпонни шоҳ Эглон ҳузурига олиб кирди. Шоҳ Эглон ҳаддан ташқари семиз бир одам эди.
18 Эҳуд ўлпонни тақдим қилиб бўлгач, ҳадяларни кўтариб келган одамлар билан бирга уйга йўл олди.
19 Бироқ улар Гилгалдаги тош ҳайкаллар ўрнатилган жойга етганларида, Эҳуд изига қайтди. У Эглоннинг олдига келиб: “Эй ҳазрати олийлари, сизга айтадиган бир сирим бор”, — деди. Шоҳ: “Бизни холи қўйинглар!” — дейиши биланоқ, унинг ҳузуридаги хизматкорлар чиқиб кетишди.
20 Шоҳ салқин болохонасида ёлғиз ўзи қолди. Эҳуд унга яқинлашиб: “Мен сизга Худонинг хабарини етказмоғим лозим”, — деди. Эглон ўрнидан турди.
21 Шунда Эҳуд ўнг тарафида осилган ханжарни чап қўли билан суғуриб олиб, Эглоннинг қорнига санчди.
22 Ханжар сопи билан Эглоннинг қорнига кириб кетди, тешигини эса ёғ қоплади. Эҳуд ханжарни суғуриб олмади, ханжар тиғи шоҳнинг қорнини ёриб бутидан чиқди
23 Эҳуд айвонга чиқди, болохона эшикларини ёпиб, қулфлади.
24 У кетиши биланоқ, Эглоннинг хизматкорлари келишди. Эшик қулф эканлигини кўришгач: “Шоҳимиз салқингина хонада ҳожатини чиқараётган бўлсалар керак” деган хаёлга боришди.
25 Аммо болохонанинг эшиклари ҳадеганда очилавермагандан сўнг, хизматкорлар безовталанишди. Улар ташқарида анча кутиб қолишганидан кейин, калит олиб, эшикни очишди. Қарашса, шоҳ ҳазратлари жонсиз ётган экан.
26 Эҳуд эса пайтдан фойдаланиб, қочиб қолган эди. У тош ҳайкаллар олдидан ўтиб, Савиро шаҳрига борди.
27 Эфрайим қирларига етиб келганда бурғу чалиб, Исроил халқини жангга даъват қилди. Эҳуд ҳаммани бошлаб қирлардан пастга тушар экан,
28 Исроил халқига: “Орқамдан юринглар! — деди. — Душманимиз Мўаб халқини Эгамиз сизларнинг қўлингизга берди–ку!” Исроил халқи Эҳудга эргашди. Улар Иордан дарёсининг кечув жойларини қўлга олиб, биронта одамни ҳам у ердан ўтказишмади.
29 Ўша куни улар ўн мингтача бақувват ва жасур Мўаб сипоҳларини ўлдиришди. Биронтаси ҳам Исроил халқининг қўлидан қочиб қутулмади.
30 Ўша куни Исроил халқи Мўаб лашкарини мағлуб қилди. Юртда саксон йил тинчлик, осойишталик бўлди.
31 Эҳуддан кейин Онот ўғли Шамгар ҳакам бўлди. У ҳам Исроил халқини қутқариб, говрон билан олти юз нафар Филист сипоҳини ўлдирди.