Шоҳлар (биринчи китоб) 30 bob
1 Довуд одамлари билан йўл юриб, учинчи куни ўз шаҳри Зихлахга етиб келди. Бу орада Омолек халқи Нагав чўлига, хусусан, Зихлах шаҳрига ҳам бостириб кирган, Зихлахга ўт қўйиб, шаҳарни талон–тарож қилган экан.
2 Улар бирор кимсани ўлдирмай, у ердаги аёллару ёш–қарини асир олишиб, олдиларига солиб ҳайдаганча, йўлларига қайтиб кетишган эди.
3 Довуд одамлари билан у ерга етиб боргач, шаҳарнинг аланга ичида қолганини, хотинлари, ўғил–қизларини асир олиб кетишганини билди.
4 Улар ҳолдан тойгунча дод–вой солиб йиғлашди.
5 Довуднинг иккала хотини — Йизриллик Охинавам ва Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл ҳам асир олинган эди.
6 Довуд ёмон аҳволда қолди, чунки ҳар бир одам ўғиллари, қизлари учун қайғурар, “Довудни тошбўрон қиламиз”, дейишарди. Лекин Довуд ўз Эгаси Худодан мадад олди.
7 У Охималекнинг ўғли руҳоний Абуатарга: — Менга эфодни келтир, Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билайлик, — деди. Абуатар эфодни олиб келди.
8 Довуд Эгамиздан: — Бу қароқчиларнинг орқасидан қувиб борайми? Қувсам, етиб оламанми? — деб сўради. — Орқаларидан қув, уларга албатта етиб олиб, асирларни озод қиласан, — деди Эгамиз.
9 Шундай қилиб, Довуд ёнидаги олти юзта одами билан йўлга чиқиб, Басор сойлигига юриш қилди.
10 Улар сойликдан ҳали ўтиб бўлмаган эдики, икки юз киши толиқиб йиқилиб, ўша ерда қолди. Довуд қолган тўрт юз кишиси билан қароқчиларни қувлаб кетди.
11 Чўлда бир Мисрликни топиб, Довуднинг олдига келтиришди. “Еб, ичиб ол”, деб унга нон–пон беришди.
12 Бир ҳовуч анжир қоқи билан икки ҳовуч майиз ҳам беришди. Ҳалиги одам тамадди қилиб олгач, бир оз жонланди. У уч кечаю уч кундуз на туз тотган, на сув ичган эди.
13 Довуд ундан: — Сен кимнинг одамисан? Қаердан келяпсан? — деб сўради. — Мисрликман, Омолек уруғидан бўлган бир одамнинг қулиман, — деди йигит. — Уч кун олдин касал бўлиб қолган эдим, хўжайиним мени чўлда қолдириб кетди.
14 Нагав чўлидаги Харет халқи ҳудудига, Яҳудо ҳудудига, Нагав чўлидаги Холиб уруғи ерларига бостириб бориб, Зихлах шаҳрига ўт қўйдик.
15 — Мени ўша босқинчиларнинг ёнига олиб бора оласанми? — деб сўради Довуд. — Сени ўлдирмайман, хўжайинингнинг қўлига топширмайман, деб Худо номи билан онт ичсангиз, сизни ўша босқинчилар олдига олиб бораман, — деди йигит.
16 Шундай қилиб, Мисрлик одам Довудга йўл кўрсатиб кетди. Босқинчилар дала бўйлаб тарқалиб, Филист ва Яҳудо ерларидан талон–тарож қилиб келган мўл–кўл ўлжаларини еб–ичиб, хурсандчилик қилишаётган эди.
17 Довуд эртаси куни кечқурунгача уларни қирди. Туяларга миниб қочган тўрт юз йигитдан ташқари, улардан бирортаси ҳам қутулиб кета олмади.
18 Шундай қилиб, Довуд Омолек халқи тортиб олган ҳамма нарсаларини, жумладан, иккала хотинини ҳам қайтариб олди.
19 Катта–кичикдан, ўғил–қизлардан, ўлжа олинган моллардан, хуллас, Омолек халқи олиб кетган нарсалардан бирортаси қолиб кетмади. Довуд ҳаммасини қайтариб олди.
20 Довуд Омолек халқининг ҳамма мол–қўйларини ўлжа қилиб олди. Довуднинг одамлари ўлжа олинган мол–қўйларни ўзларининг моллари олдидан ҳайдаб кетар экан: “Булар — Довуднинг ўлжалари”, дейишарди.
21 Шундан кейин Довуд Басор сойлигида толиқиб орқада қолиб кетган икки юз киши олдига қайтди. Улар ҳам Довуд билан унинг одамларини кутиб олгани чиқишди. Довуд уларга яқин келгач, омонлик тилади.
22 Лекин Довуд билан борган баъзи ёмон, ярамас одамлар: — Булар биз билан бирга бормадилар, энди уларга ўлжа олинган нарсалардан ҳеч қандай улуш бермаймиз, ҳар қайсиси фақат хотини билан болаларини олиб кетсин, — дейишди.
23 — Йўқ, биродарларим, — деди Довуд, — бу нарсаларни бизга Эгамиз берди, энди ундай қилманглар. Эгамизнинг Ўзи бизни сақлади, устимизга бостириб келган босқинчиларни қўлимизга берди.
24 Сизларнинг бу гапингизга ким рози бўлади? Урушга борганлар билан анжомлар ёнида қолганларнинг улуши бирдир, ҳар бир нарса тенг бўлинади.
25 Ўша кундан бошлаб Довуд бу усулни Исроилда қонун–қоида ҳолига келтирди, ушбу қонун бугунгача давом этиб келяпти.
26 Ниҳоят, Довуд Зихлахга қайтди. У ўзининг ўртоқлари — Яҳудо оқсоқолларига тортиб олинган ўлжалардан жўнатиб: “Мана Эгамизнинг ғанимларидан тортиб олинган ўлжалардан сизларга инъомлар”, деб айтиб юборди.
27 Инъомлар қуйидаги шаҳарларнинг оқсоқолларига жўнатилди: Байтил, Нагав чўлидаги Рамўт шаҳри, Ятир,
28 Арор, Сифмўт, Эштамўва,
29 Рахол, Ярахмал уруғи ва Хайин халқининг шаҳарлари,
30 шунингдек, Хўрмах, Бўр–Ошон, Отах
31 ва Хеврон шаҳарлари. Довуд одамлари билан кезган ерларнинг ҳаммасига ўлжалардан жўнатди.