R.B.Mitchell Tashlandiq bola - (25 bob) Kitob O'zbek tilida
Ташландиқ бола (Р. Б. Митчелл) Ўзбек тилида Аудиокитоб
Мундарижа
Бу тарих ростми
01. Ташландиқ
02. Кичик ёшли ўғил болалар
03. Қуюн
04. Бошқа
05. Ўғирланган
06. Шифокорлар
07. Жижининг совғаси
08. Танлов
09. Атланта
10. Жой топилармикан?
11. Нима учун
12. Молиявий мустақиллик
13. Учрашув
14. Бир неча яхши йигитлар
15. Исёнкор
16. Йўқотишлар даври
17. Қутқарувчи
18. Сен ростдан ҳам бормисан?
19. Янги ибтидо
20. Биринчи курс талабаси
21. Уй
22. Кутилмаган янгилик
23. Африкада
24. Кечириш керакми?
25. Паулина
26. Отам
27. Онам
28. Йўқотилган болалар
29. Сьюзен билан учрашув
30. Ўзаро муносабатлар
31. Ўз қобиғига ўралган
32. Оила қуришдан қўрқиш
33. Ҳаммаси ойдинлашди
34. Хотима
35. Ўқитувчилар учун эслатма
Китобни муҳокама қилиш учун саволлар
Миннатдорчилик
25. ПАУЛИНА
Менга ким кўпроқ азоб бергани ҳақида ўйлаб, Паулинани кечиришим энг осони бўлади, деб ўйладим.
У вафот этди, мен эса бир томчи ҳам кўз ёш тўкмадим.
Энди мен у ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилардим. Унинг қизи, Элис аммам билан суҳбат унчалик самарали бўлмади. Элис аммам меҳрибон эди, лекин ўтмиш ҳақида гапиришни хоҳламасди. Бу «вазиятни чигаллаштирмаслик» истагиданми ёки шахсий муаммолари туфайлими, мен тушуна олмадим.
Психология ўқитувчилари менга одамнинг мотивациясини тушунишга ҳаракат қилиб кўришни ўргатишди, шунинг учун мен Паулина ҳақидаги хотираларимни такрорлардим ва таҳлил қилардим. Мен унинг Элис аммамга, Мэк поччамга, уларнинг фарзандларига бўлган муносабати ва оиласи уни қандай қўллаб–қувватлагани ҳақида ўйлардим. Аста–секин унинг бошқа дунёда яшаганини тушуна бошладим.
Бу ерда унинг мақсадлари шунчалик муҳим эдики, у ўз режаларининг итоаткор ижрочилари ролини атрофидагиларга тайинларди. У кашф қилган дунёда ҳамма нарса ажойиб эди – шу жумладан ўзи ҳам. Афтидан, у ўзини бутун инсониятнинг аёл зотидан бўлган ярми учун намуна сифатида тасаввур қилганга ўхшайди.
Шунга қарамай, бу аёллик намунаси – шундай олижаноб, жанубий аёллик – фикрлаш тарзи унга ноқулайлик туғдирадиганларни доимо камситарди. Кўпинча унинг онамга, қора танлиларга ёки яҳудийларга ҳужумлари қуйидаги сўзлар билан бошланарди: «Мен буни фақат яхши ниятда айтаяпман».
Бу аёл ҳақидаги тахминларим тўғри бўлиши мумкин эди, лекин барибир мени хавотирга солаётган саволларга жавоб топа олмадим: «Нега у Атлантадаги қариндошларидан бирига мени тарбиялаш учун олиб кетишига рухсат бермади? Қандай қилиб у мени оддий болаликдан маҳрум қила олди? Қандай қилиб мен уни жамиятда уятга солиб қўйишим мумкин?»
Мен боши берк кўчага кириб қолган эдим. Менинг барча жавобларим жуда шахсий эди. Болалигимда бахтсиз ҳаётим учун ўзим айбдор эканлигимга ишонардим. Ҳатто шу пайтгача бунга асосий сабабчи фақат мен эдим – нимадир дейиш ёки айтмаслик, қилиш ёки қилмаслик, кутганларни оқлаш ёки оқламаслик, шу билан ўзим Паулинани хафа қилиб қўйгандек туюларди.
Вақти–вақти билан мен мазкур туйғу билан курашардим: «Нега мен унга ёқмасдим?»
Қайта ва қайта сукунат менга жавоб бўларди.
Мен курашни давом эттирдим. Паулина мени «энг азиз Робби» деб чақиришини ва мени яхши кўришига ишонтирганини эсладим. У қайта–қайта айтарди: «Оҳ, Робби, сен шундай ажойиб жойда яшаётганингдан жуда хурсандман!» У менга етимхонадаги таъминотим учун ойига олтмиш доллар жўнатиб: «Барча харажатларни мен тўлаяпман», – деганини эсладим.
Кўринишидан, унинг хаёлида мен роҳат–фароғатли жойда – шинам коттежда яшар, бахтли дўстларим ва ғамхўр энагаларим билан суҳбатлашардим. Етимхонадаги ҳаётнинг кўплаб муқобиллари бўлиши мумкин эди, лекин улар унинг хаёлотига мос келмасди.
Бироқ, бу мулоҳазалар менинг асосий саволимга жавоб бермади: «Шунга қарамай, мендаги нимам туфайли у мени рад этди?»
Бир куни эрталаб, мени қийнаган саволга осмондан жавоб олишга яна бир уринишдан сўнг, миямга келган бу фикр меники эмаслигини аниқладим. Бундан олдин бу ҳақда ҳеч қачон ўйламаган бўлардим.
«Ҳеч нарса».
Мен норозилик билдиришга тайёрландим. «Сен ”ҳеч нарса” деганда нимани назарда тутяпсан? Биз ахир нотўғри танланган сўз ёки унутилган туғилган кун ҳақида гапирмаяпмиз. Гап менинг болалигим ҳақида бораяпти!»
Сукунат. Шубҳасиз, Худо буни ўзим аниқлашим кераклигига қарор қилган.
Шу тариқа мен коллеждаги бир дўстим ўз ўтмишини айтиб бермагунича бир жойда депсиниб қолавергандим.
У ўша шанба оқшомини ўзи севиб қолган қиз билан ўтказган. У қизни кузатиб қўйгач, отасининг машинасида ота–онасиникига қайтиб келаётганди. Учрашувни тугатган ақл бовар қилмайдиган даражадаги хайрлашув бўсасини эслаб, дўстим бурилишни ўтказиб юборди ва телефон устунига урилди.
Яхшиямки, у асло лат емади. Жиддий таъмирлашни талаб қиладиган автомобиль ҳақида ундай деб бўлмас эди.
– Мен ўзимни жуда оғир ҳис қилдим ва аҳмоқлигимдан ғазабландим, – деб тан олди дўстим. – Аммо отам жуда ғазабда эди. Ичимлик ҳиди, кўйлагимдан – марихуана ҳиди келмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун мени ҳидлаб чиқди. У ҳатто полициячилардан спиртли ичимликлардан маст бўлган–бўлмаганимни текшириб кўришларини сўради. Мен бундай иш қилмаган бўлсам ҳам, уялиб кетдим. Тун бўйи отам бақириб чиқди: «Қандай қилиб мени бундай аҳволга солдинг?»
– Сен нима деб жавоб бердинг? – деб, сўрадим мен.
– Мен узоқ вақт жим қолдим. Мен отамни яхши кўраман ва уни жуда яхши биламан. У шунчаки ғазабини ташқарига чиқариб юбориши керак эди. Жамоатдан қайтиб, тушлик пайтида у яна менга худди шу саволни берди, фақат ортиқча ҳис–туйғуларсиз. Мен унга шунчаки айтдим: «Ота, мен сизни хафа қилмоқчи эмасдим. Ҳаракатларимнинг сизга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мен хаёлларга берилиб кетиб, хато қилдим, даҳшатли хато қилдим, лекин мен сизни хафа қилишни хоҳламагандим. Мен бепарво аҳмоқдек ҳаракат қилдим, лекин мен сизга қарши ҳеч нарсани атайлаб режалаштирмаганман».
Дўстим билан суҳбатимиз тугагач, узоқ юриб, ўйланиб қолдим.
«Баъзида Сен мулоқот қилишнинг ғалати усулини танлайсан, Худойим. Жуда ғалати!»
Мен дўстим билан бўлган бахтсиз ҳодисани Худо менга сабоқ бериш учун атайлаб уюштирмаганини билардим, лекин барибир нималарнидир ўргандим. Агар Паулина хатти–ҳаракатларининг менга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса–чи? У мени бадавлат қариндошларидан бирининг оиласида тарбиялаш ўрнига, етимхонага ташлаб кетмоқчи бўлгани менга қарши ҳужум бўлмаса–чи?
Эҳтимол, у онамнинг уйига ташриф буюришини ёки ундан ҳам ёмони, Атлантага кўчиб ўтишини хоҳламагандир. Эҳтимол, Паулина ўзи учун ёқимсиз вазиятлардан қочиб, ўзини улар йўқдек тутган бўлса–чи.
Менга нисбатан шафқатсизлиги унинг хаёлига ҳам келмаган бўлса–чи? Охир–оқибат у ўзининг хаёлотида яратилган гўзал дунёда яшашимга ишонарди. Унинг қарори менга қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлаб кўришга вақти ҳам бўлмаган бўлса керак.
Паулинанинг қилган ишини тузатиб бўлмаслигини билардим. У ўлган ва энди зарар етказа олмайди. Аммо, унинг ўтмишда қилган ишлари менинг ҳозирги ҳолатимга умуман алоқаси йўқлигини ўзимга эслатишим керак эди.
Агар бу ички овозлар Паулинанинг рад этилишига ўзим сабабчи бўлганимни такрорлашга уринган бўлса, энди мени айтадиган гапим бор. Мен уларга бувим коллеждаги дўстимдек йўл тутганини айтардим. Унинг бахтсиз ҳодисаси отасига ҳужум бўлмагани каби, Паулинанинг хатти–ҳаракати ҳам менга қарши эмас эди. Мен нимани нотўғри қилганимни тушуниш учун йиллар ўтди, ваҳоланки, муаммо умуман менда эмас эди.
Бу тушунча енгиллик келтирмади, лекин кечиришим йўлидаги бир қадам эди. Яна бир неча ҳафта кечирмасликка қарши курашганимдан сўнг, мен ниҳоят пок ва самимий ҳолда ибодат қила олдим.
«Худойим, Паулина мени хафа қилди. Лекин менимча, у буни хоҳламаган. У шунчаки ҳаётини осонлаштирмоқчи эди. У худбин эди ва шунинг учун нафақат мени, балки кўп одамларни хафа қилди. У бу ҳақда ҳеч қачон билмаслиги мумкин, лекин мен уни кечираман. Агар унга бўлган ғазабим қайтса, илтимос, уни яна кечиришимга ёрдам бер».
Худо бу ибодатимга жавоб берди. У менга Паулинага бўлган ғазабимни бўшатишга ёрдам берди ва уни «Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса»* худди шундай узоқликка олиб ташлади.
* Қаранг: Заб. 102:12
«Бир муаммони ҳал қилдим, яна иккитаси қолди».
Паулинани кечиришим осон эмас эди. Бунинг имкони борлигини кўриб ҳайрон бўлдим.
Отамни кечиришим анча қийин эди.
Книга на Узбекском языке: - Брошенный ребенок (Роберт Боб Митчелл)
Аннотация к книге Брошенный ребенок. В поисках надежды и дома.
В этой автобиографической книге рассказывается удивительная история жизни мальчика, которого в возрасте трех лет мать оставила в детском приюте. Это история горьких разочарований, годами не сбывающихся надежд, отчаянной борьбы за свое человеческое достоинство и в конце концов сокрушительной победы над превратностями судьбы. Книга адресована широкому кругу читателей, но может быть особенно полезна людям, работающим с подростками и воспитанниками приютов, так как она дает надежду тем, у кого в силу горького жизненного опыта ее не осталось.
Цитата из книги Общество считает, что такие, как я, — воспитанники сиротских приютов — обречены на бессмысленное прожигание жизни, раннюю гибель или тюремное заключение. Генетическая предрасположенность толкала меня к повторению несчастной судьбы моих родителей. Я же решил изменить свое представление о том, кем я был и кем мог стать. Обратившись к Богу за надеждой, которую Он предлагает всем и каждому, независимо от национальности, языка или культуры, я узнал, что ничто из сделанного мной или другими людьми, пытавшимися оскорбить или унизить меня, ничто из моего прошлого или даже будущего, включая смерть, не может отлучить меня от любви Божьей. Эта любовь помогла мне простить моих обидчиков и освободила из плена мучительного прошлого — точно так же, как помогла обрести свободу и многим другим.