Солномалар (биринчи китоб) 16 bob
1 Левилар Худонинг Сандиғини Довуд махсус тайёрлаган чодирнинг ичкарисига олиб кириб қўйдилар. Кейин Худога куйдириладиган қурбонликларни ва тинчлик қурбонликларини келтирдилар.
2 Довуд қурбонликлар қилиб бўлгандан кейин, Эгамизнинг номидан халқни дуо қилди.
3 Сўнг Исроил жамоасидаги ҳар бир одамга — эркагу аёлга, бир донадан гардиш нон, бир ҳовучдан хурмо* ва бир ҳовучдан майиз тарқатди.
4 У левилардан баъзиларини Эгамизнинг Сандиғи олдида хизмат қилиш учун тайинлади. Улар Исроил халқининг Худоси — Эгамизни улуғлаб, Унга шукроналар айтишлари ва мадҳиялар куйлашлари керак эди.
5 Осиф уларнинг раҳнамоси эди, унинг ёрдамчилари эса Закариё, Явиёл, Шамиромўт, Ёхиёл, Маттитиё, Элиёб, Бинаё, Обидадом ва Явиёл эдилар. Улар арфа ва лира чолғувчилари, Осифнинг ўзи зил чолғувчиси,
6 руҳонийлар Бинаё билан Яхазиёл эса карнай чолғувчилари бўлиб, улар ҳар куни Худонинг Аҳд сандиғи олдида мусиқа асбобларини чалишлари керак эди.
7 Ўша куни Довуд биринчи марта Осиф билан унинг қариндошлари зиммасига Эгамизга ҳамду санолар айтиш масъулиятини юклаган эди.
8 Эгамизга шукур айтинг, Унга сажда қилинг, Бошқа халқлар орасида Унинг ишларини билдиринг.
9 Тараннум қилиб Уни, ҳамду сано ила қўшиқ айтинг, Унинг жамики ажойиб ишларини сўзлаб беринг.
10 Эгамизнинг муқаддас номи ила фахрланинг, Эгамизга юз бурганларнинг қалби шодликка тўлсин.
11 Қудратли Эгамизга юз буринг! Унинг ҳузурида бўлишга интилинг.
12 Эй сизлар, Эгамизнинг қули Исроил насли, Эй Ёқуб ўғиллари — Эгамизнинг танлаганлари,
13 Эгамиз қилган ажойиботларини эсда тутинг, Унинг мўъжизаларини, чиқарган ҳукмларини унутманг.
14 У Эгамиз Худодир, У бутун ер юзини адолатли ҳукм қилади.
15 Шундай экан, Унинг аҳдини доимо ёдда тутинг, Минглаб насллар оша ваъдасини унутманг.
16 Эгамизнинг Иброҳим билан қилган аҳдига риоя қилинг, Исҳоққа қасам ичиб берган ваъдасига содиқ қолинг.
17 Эгамиз бу аҳдни Ёқубга берди, Ҳа, Исроил билан абадий аҳд қилиб шундай деди:
18 “Канъон юртини сенга бераман, Уни ўзингга абадий мулк қилиб оласан.”
19 Ўша вақтда уларнинг сони кам эди, Ҳа, жуда камчилик эдилар. Улар бу юртга келгинди эди.
20 Кезарди бир халқ орасидан бошқасига, Бир шоҳликдан бошқа юртга.
21 Эгамиз ҳеч кимга уларни эзишларига йўл қўймади, Уларни деб шоҳларга танбеҳ берди.
22 Айтдики: “Мен танлаганларга тегманглар, Пайғамбарларимга зарар келтирманглар.”
23 Эй олам, Эгамизни тараннум этинг! Ҳар куни Унинг нажотидан сўйланг.
24 Эълон қилинг элатлар орасида Унинг шуҳратини, Жамики халқлар орасида Унинг ажойиботларини.
25 Эгамиз буюкдир, кўп мақтовга лойиқдир, Жамики худолардан У иззатлидир.
26 Зотан, халқларнинг ҳамма худолари бутлардир, Эгамиз эса самоларни яратгандир.
27 Шуҳрату улуғворлик Унинг ҳузуридадир, Қудрату шодлик Унинг масканидадир.
28 Эгамизга ҳамдлар айтинг, эй замин халқлари! Эгамизнинг қудратию шуҳратига ҳамдлар ўқинг!
29 Эгамизнинг шарафига ҳамдлар ўқинг! Назрлар келтириб, Унинг ҳузурига киринг! Муқаддас улуғворликка бурканган Эгамизга сажда қилинг!
30 Эй замин аҳли, Унинг олдида титраб туринг! Олам мустаҳкам ўрнашган, ҳеч қачон тебранмайди.
31 Самолар шод бўлсин, замин қувонсин, Элатлар орасида айтишсин: “Эгамиз Шоҳдир!”
32 Денгизу ундаги ҳамма жонзот гувилласин. Далалару ундаги ҳар нарса севинч ила жўшсин,
33 Ўрмондаги дарахтлар шодликдан қўшиқ айтсин. Эгамиз олдида улар қўшиқ айтар, Ана, Заминни бошқармоқ учун У келаётир.
34 Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир! Унинг содиқ севгиси абадийдир.
35 Яна шундай деб айтинглар: “Эй нажоткоримиз Худо, бизларни қутқар, Бизни халқлардан халос қил, Уларнинг орасидан тўплаб ол. Ўзинг муқаддассан, Сенга шукур айтайлик, Мадҳга лойиқ ишларинг билан фахрланайлик.
36 Исроил халқининг Худоси — Эгамизга То абад олқишлар бўлсин.” Шундан кейин жамики халқ: “Омин!” деб Эгамизга ҳамду санолар айтди.
37 Довуд Осифни ва унинг қариндошларини Эгамизнинг Аҳд сандиғи олдидаги доимий хизматга тайинлади. Улар ҳар куни ўша ерда ўз вазифаларини бажарар эдилар.
38 Уларга бу хизматда Обидадом ва унинг олтмиш саккизта қариндоши ёрдам беришлари керак эди. Ёдутун ўғли Обидадом ва Хўсах дарвозабон эдилар.
39 Довуд руҳоний Зодўхни ва унинг руҳоний қариндошларини Гивондаги саждагоҳда, Эгамизнинг Муқаддас чодирида хизмат қилишга тайинлади.
40 Улар, Эгамизнинг Исроил халқига берган қонунига мувофиқ, ҳар куни эрталаб ва кечқурун қурбонгоҳ устида қурбонликлар куйдиришлари лозим эди.
41 Уларнинг ёнида Хаман, Ёдутун ва номма–ном айтиб танланган бошқа одамлар ҳам хизмат қилиб, Эгамизга: “Унинг содиқ севгиси абадийдир”, дея ҳамду сано айтишлари керак эди.
42 Хаман билан Ёдутун ҳамду санонинг куйи учун масъул бўлиб, карнай, зил ва бошқа мусиқа асбобларини чалишлари керак эди. Ёдутуннинг ўғиллари дарвозабон қилиб тайинланган эди.
43 Шундан кейин ҳамма одамлар уйларига қайтиб кетдилар, Довуд ҳам ўз оиласини дуо қилгани уйига қайтди.