1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир! Унинг содиқ севгиси абадийдир.
2 Эгамизнинг қудратли ишларини ким батафсил айта олади?! Ким Унга мукаммал ҳамду сано айта олади?!
3 Бахтлидир адолат ила иш тутганлар, Ҳар доим тўғри иш қилганлар.
4 Эй Эгам, халқингга мурувват кўрсатганингда мени эслагин, Уларга нажот берганингда, менга ҳам ёрдам бергин,
5 Токи танлаган халқингнинг иқболини кўрайин, Халқингнинг шодлигини кўриб, мен ҳам қувонайин, Улар билан бирга фахрланиб юрайин.
6 Эй Исроил халқи, ота–боболаримиз каби, биз гуноҳ қилдик, Эгри йўлдан юрдик, ёмонлик қилдик.
7 Ота–боболаримиз Мисрда бўлганларида, Эгамизнинг ажойиб ишларига эътибор қилмадилар, Унинг мўл содиқ севгисини эсламадилар, Қизил денгизда исён қилдилар.
8 Қудратли кучини билдириш учун, Ўз номи ҳақи, Эгамиз уларни қутқарди.
9 У Қизил денгизга дўқ урди, денгиз қуриди. Қуп–қуруқ ердан етаклагандай, Исроил халқини денгиз тубидан ўтказди.
10 Эгамиз уларни ёв қўлидан қутқарди, Ғаним қўлидан уларни озод қилди.
11 Сувлар қайтиб, ғанимларни босиб қолди, Душманларнинг биронтаси қутула олмади.
12 Шунда Исроил халқи Эгамизнинг сўзига ишонди, Унга ҳамду санолар куйлади.
13 Улар тез орада Эгамизнинг ишларини унутди, Эгамиздан бемаслаҳат иш қилдилар.
14 Саҳрода улар нафси бузуқлик қилди, Дашту биёбонда улар Худони синади.
15 Эгамиз уларга сўраганини берди–ю, Уларга ҳалокатли хасталикни ҳам юборди.
16 Қароргоҳдаги халқ Мусога, Эгамизга бағишланган Ҳорунга ҳасад қилди.
17 Ер ёрилиб, Датанни ютиб юборди, Абурам билан шерикларини ямлаб юборди.
18 Шериклари устига олов тушди, Ўша фосиқларни аланга ёндирди.
19 Синай тоғида улар бузоқ ясадилар, Ўша олтин бутга сажда қилдилар.
20 Улар Худонинг улуғворлигини Ўт ейдиган буқа тасвирига алишдилар.
21 Мисрда буюк ишлар қилган Нажоткори Худони унутдилар.
22 Хом юртида* Эгамиз ажойиботлар кўрсатганди, Қизил денгизда қўрқинчли ишлар қилганди. Ана шуларни Исроил халқи унутди.
23 Шу боис Эгамиз, уларни қираман, деди. Аммо Мусо, Эгамизнинг танлагани ўртага тушиб, Эгамиздан илтижо қилиб, Уни қаҳру ғазабидан қайтарди.
24 Сўнгра улар мафтункор юртни хор қилдилар, Эгамизнинг ваъдасига ишонмадилар.
25 Ўз чодирларида минғирлаб нолидилар, Эгамизга итоат этмадилар.
26 Эгамиз қўлини кўтариб, онт ичди: “Сизларни саҳрода яксон қиламан.
27 Наслингизни халқлар орасига тарқатаман, Бошқа юртларга уларни сочиб юбораман.”
28 Сўнгра бизнинг ота–боболаримиз Пиёр тоғидаги Баалга сажда қилишга қўшилдилар, Ўликларга келтирилган қурбонликдан едилар.
29 Улар қилмишлари билан Эгамизни ғазаблантирдилар, Улар ўлатга гирифтор бўлдилар.
30 Финхаз қўзғалиб, аралашди, Шунда ўлат ҳам тўхтади.
31 Шу боис Финхаз солиҳлик тимсоли бўлди, Бу насллардан наслларга то абад давом этади.
32 Марива сувлари бўйида улар Эгамизнинг қаҳрини келтирдилар, Уларнинг дастидан Мусонинг бошига қайғулар келди.
33 Улар Мусонинг ғазабини қўзғатди, Мусо ҳам ўйламай гапирди.
34 Эгамиз, халқларни қиринглар, деб амр берганди, Улар Эгамизнинг амрини бажармади.
35 Бегона халқлар билан улар аралашиб, Уларнинг одатларини ўргандилар.
36 Улар бегона халқларнинг бутларига сажда қилдилар, Ўша бутлар Эгамизнинг халқига тузоқ бўлди.
37 Улар ўзларининг ўғил–қизларини Жинларга қурбон қилдилар.
38 Ҳа, ўзларининг ўғил–қизларини Канъон бутларига қурбон қилиб, Бегуноҳ қон тўкдилар. Уларнинг қони юртни ҳаром қилди.
39 Ишлари билан ўзларини булғадилар, Қилмишлари билан Эгамизга бевафолик қилдилар.
40 Шунда Эгамиз Ўз халқидан ғазабланди, Улардан жирканди.
41 Уларни ёт халқларнинг қўлига берди, Ғанимлари улар устидан ҳукмрон бўлди.
42 Душманлари уларни сиқувга олди, Куч билан уларни бўйин эгдирди.
43 Кўп марта Эгамиз уларни қутқарди, Улар эса атайлаб исён қилган эди, Гуноҳлари туфайли паст кетдилар.
44 Шунда ҳам Эгамиз Ўз халқининг нолаларини эшитиб, Уларнинг кулфатларига эътибор берди.
45 Улар ҳақи Ўз аҳдини ёдида тутди, Мўл содиқ севгиси билан уларга шафқат кўрсатди.
46 Уларни асир олганларни Шафқатли бўлишга ундади.
47 Эй Эгамиз Худо, бизларни қутқар, Халқлар орасидан бизни тўплаб ол, Ўзинг муқаддассан, Сенга шукур айтайлик, Мадҳга лойиқ ишларинг билан фахрланайлик.
48 Исроил халқининг Худоси — Эгамизга То абад олқишлар бўлсин, Жамики халқлар: “Омин”, деб айтсин. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!