Луқо 5 bob
1 Бир куни Исо Жалила кўли бўйида турганда, оломон Худонинг сўзини эшитиш учун Исонинг ёнида тирбанд бўлди.
2 Исо кўл қирғоғида турган икки қайиқни кўрди. Балиқчилар қайиқдан чиқиб, тўрларини юваётган эдилар.
3 Қайиқлардан бири Шимўнники эди. Исо Шимўннинг қайиғига тушиб, қирғоқдан бир оз нарироқ сузиб боришни илтимос қилди. Сўнг ўтириб, ўша ердан одамларга таълим берди.
4 Исо гапини тугатиб, Шимўнга деди: — Чуқурроқ ерга сузиб бориб, ўлжа учун тўрларингизни ташланглар.
5 Шимўн Исога шундай деди: — Устоз, биз тун бўйи астойдил ҳаракат қилдик, лекин ҳеч нарса тутолмадик. Аммо Сиз айтганингиз учун тўр ташлаймиз.
6 Улар тўр ташлаганларида, шу қадар кўп балиқ овладиларки, ҳатто тўрлари йиртила бошлади.
7 Улар бошқа қайиқдаги ўртоқларига, ёрдам беринглар, деб ишора қилдилар. Қайиқлар етиб келгач, иккала қайиқни ҳам балиққа тўлдирдилар, қайиқлар сувга бота бошлади.
8 Шимўн буни кўрди–да, Исонинг олдида тиз чўкиб деди: — Ҳазрат! Менинг ёнимдан кетинг, чунки мен гуноҳкор инсонман.
9 Шимўн ва ёнидагилар бундай мўл балиқ овидан ҳайратга тушган эдилар.
10 Шимўннинг шериклари Забадиё ўғиллари Ёқуб билан Юҳанно ҳам ҳайратда эдилар. Исо Шимўнга деди: — Қўрқма, бундан буён сен инсонларни овлайсан.
11 Улар қайиқларини қирғоққа тортдилар ва ҳамма нарсаларини қолдириб, Исога эргашдилар.
12 Исо бир шаҳарда бўлганда, тери касаллигига чалинган бир одам келиб қолди. У Исони кўриб, юз тубан ерга мук тушиб, ёлворди: — Ҳазрат, биламан, истасангиз, мени бу касалликдан поклай оласиз.
13 Исо қўлини узатди ва унга теккизиб: — Истайман, пок бўл! — деди. Касаллик эса ўша заҳоти кетди.
14 Исо унга қатъиян деди: — Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз оча кўрма. Бориб, ўзингни руҳонийга кўрсат. Покланганингни ҳаммага исбот қилиш учун Мусо амр қилган қурбонликларни келтир.
15 Исо тўғрисидаги гап–сўзлар эса тобора ёйилиб бораверди. Тумонат халойиқ Уни тинглаш ва дардларидан фориғ бўлиш учун Унинг олдига йиғилиб келар эди.
16 У эса кўпинча кимсасиз жойларга кетиб, ибодат қилар эди.
17 Бир куни Исо таълим бераётганда, Унинг тингловчилари орасида фарзийлар билан Таврот тафсирчилари* ҳам ўтирган эдилар. Улар Жалила ва Яҳудиянинг ҳамма қишлоқларидан, Қуддусдан келган эдилар. Исода Эгамизнинг хасталарга шифо бериш қудрати бор эди
18 Бир нечта киши тўшакда ётган бир шол одамни кўтариб келдилар. Уни уйга — Исонинг олдига олиб киришга уриндилар.
19 Лекин оломон кўплигидан бунинг иложини тополмай, уйнинг томига чиқиб, томдан тешик очдилар. Сўнг шолни ўша тешикдан тўшаги билан оломон ўртасига — Исонинг олдига туширдилар*.
20 Исо уларнинг ишончини кўриб, шолга деди: — Биродарим, гуноҳларинг кечирилди.
21 Тафсирчилар билан фарзийлар эса ўзларича шундай мулоҳаза қила бошладилар: “Куфрлик қилаётган бу Одам ким ўзи? Худодан бошқа ҳеч ким гуноҳларни кечира олмайди–ку!”
22 Исо уларнинг мулоҳазаларини билиб, шундай савол берди: — Нега бундай нарсаларни ўйлайсизлар?
23 Қайси бири осонроқ? Шолга: “Гуноҳларинг кечирилди!” деб айтишми, ёки: “Ўрнингдан туриб юр!” деб айтишми?
24 Инсон Ўғлига ер юзида гуноҳларни кечириш ҳокимияти берилган. Ҳозир шуни билиб оласизлар. Исо шундай деди–ю, шолга: — Сенга айтаман: ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, уйингга бор! — деб буюрди.
25 Шол ўша заҳоти ҳамманинг кўзи олдида ўрнидан турди. Ётган тўшагини олиб, Худони улуғлаб, уйига кетди.
26 Ҳамма ҳайратга тушиб, Худони улуғлади. Улар қўрқув ичра: “Бугун ақл бовар қилмайдиган ҳодисани кўрдик”, деб айтардилар.
27 Шундан сўнг Исо у ердан чиқиб, солиқчи* Левини* кўриб қолди. Леви солиқ йиғадиган жойда ўтириб, одамлардан солиқ йиғаётган эди. Исо унга: — Ортимдан юр! — деди.
28 Леви ўрнидан турди, ҳамма нарсасини қолдириб, Исога эргашди.
29 Сўнгра Леви ўз уйида Исонинг шарафига катта зиёфат берди. Меҳмонлар орасида бир гуруҳ солиқчилар ва бошқа одамлар бор эди.
30 Фарзийлар ва фарзийларнинг мазҳабидан бўлган тафсирчилар норози бўлиб, Исонинг шогирдларига дедилар: — Нега сизлар солиқчилару гуноҳкорлар билан бирга еб–ичиб ўтирибсизлар?
31 Исо уларга шундай жавоб берди: — Соғлар эмас, хасталар табибга муҳтождир.
32 Мен солиҳларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман.
33 Баъзи одамлар Исога дедилар: — Мана, Яҳёнинг шогирдлари фарзийларнинг шогирдлари каби, тез–тез рўза тутиб, ибодат қилишади. Сизнинг шогирдларингиз эса еб–ичиб юрибдилар!
34 Исо уларга деди: — Куёв даврада бўлганда тўйга келган меҳмонларни рўза тутишга мажбур қилиб бўлармиди?!
35 Бироқ улар куёвдан жудо бўладиган кунлар келади, ана ўшанда рўза тутадилар.
36 Исо уларга бир масални ҳам айтиб берди: — Ҳеч ким янги кийимдан йиртиб олиб, эски кийимга ямоқ солмайди. Акс ҳолда, янги кийим ҳам йиртилади, янги кийимдан олинган ямоқ ҳам эски кийимга тўғри келмайди.
37 Шунингдек, ҳеч ким янги шаробни эски мешга қуймайди. Чунки янги шароб мешни ёриб юборади, шароб тўкилади, меш ҳам нобуд бўлади.
38 Аксинча, янги шаробни янги мешга қуймоқ даркор.
39 Эски шаробдан ичган одам янги шаробни истамайди. “Эскиси яхши”, деб айтади.