Луқо 8 bob
1 Орадан кўп ўтмай, Исо шаҳару қишлоқларга бориб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни эълон қилди. Ўн икки шогирди У билан бирга эди.
2 Ёвуз руҳлардан ва хасталиклардан халос бўлган бир неча аёллар ҳам Исога эргашган эдилар. Булар: Магдалалик Марям (унинг ичидан еттита жин чиқиб кетган эди),
3 Ҳироднинг сарой бошқарувчиси Хузаснинг хотини Йўанна, Сусанна ва кўплаб бошқа аёллар эди. Улар ўз мол–мулкларини Исо билан Унинг шогирдлари эҳтиёжлари учун сарф қилардилар.
4 Бир куни шаҳару қишлоқлардан талай оломон келиб, Исонинг ёнида тўпланди. Исо шундай масал айтди:
5 “Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Одамлар уруғларни босибди, қушлар чўқиб кетибди.
6 Баъзи уруғлар тошлоқ жойга тушибди. Уруғлар кўкариб чиқибди–ю, аммо намлик бўлмагани учун қуриб қолибди.
7 Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Уруғлар билан бирга ўсиб чиққан тиканлар уруғларни бўғиб қўйибди.
8 Яна баъзи уруғлар яхши тупроққа тушибди. Улар кўкариб чиқиб, ҳар бири юз баравар ҳосил берибди.” Исо буларни айтиб бўлиб, баланд овозда: “Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!” — деди.
9 Шогирдлар Исодан: — Бу масалнинг маъноси нима? — деб сўрашди.
10 У шундай жавоб берди: “Худо Шоҳлигининг сирларини билиш сизларга берилган. Бошқаларга эса, Мен ҳамма нарсани масаллар билан гапираман, токи улар: «Қараб туриб, англамасинлар, Тинглаб туриб, тушунмасинлар.»
11 Бу масалнинг маъноси шу: уруғ Худонинг каломидир.
12 Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитадилар, лекин ишонмасликлари ва нажот топмасликлари учун иблис уларнинг юрагидан каломни олиб кетади.
13 Тошлоқ жойга тушган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитганда уни севинч билан қабул қиладилар. Аммо улар илдиз отмаган. Шунинг учун улар қисқа вақт давомида ишонадилар, синов пайти келганда эса имондан қайтадилар.
14 Тиканлар орасига тушган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар каломни эшитадилар, бироқ умри давомидаги ташвишлар, бойлик ва ҳаёт лаззатлари бундай уруғларни бўғиб қўяди. Уларнинг ҳосили етилмайди.
15 Яхши тупроққа тушган уруғлар эса шундай кишиларни билдиради: улар каломни эшитиб, уни эзгу, самимий юракда асрайдилар ва сабр–тоқат ила ҳосил берадилар.
16 Ҳеч ким чироқни ёқиб, устини идиш билан ёпиб қўймайди ёки чорпоя тагига яшириб қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин деб, уни чироқпояга қўяди.
17 Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади. Ҳар қандай сир очилиб, ёруққа чиқади.
18 Шундай экан, яхшилаб қулоқ солинглар: кимда бор бўлса, унга яна берилади. Кимда йўқ бўлса, бор деб ўйлаган нарсаси ҳам ундан тортиб олинади.”
19 Исонинг онаси билан укалари Унинг олдига келдилар, аммо одам кўплигидан Унга яқинлаша олмадилар.
20 Исога: — Онангиз билан укаларингиз ташқарида туришибди, улар Сизни кўришмоқчи, — деб айтишди.
21 Исо уларга шундай жавоб берди: — Худонинг сўзини эшитиб, унга амал қилувчилар Менинг онам ва укаларимдир.
22 Бир куни Исо шогирдларига: “Кўлнинг нариги томонига ўтайлик”, — деди. Улар қайиққа ўтириб, жўнаб кетдилар.
23 Сузиб кетаётганларида Исо ухлаб қолди. Кўлда қаттиқ бўрон кўтарилди, қайиқ сувга тўла бошлади. Улар хавфли аҳволда қолдилар.
24 Шунда шогирдлар: — Устоз! Устоз! Ҳалок бўляпмиз! — деб Исони уйғотдилар. Исо туриб шамолга ва қутураётган тўлқинларга дўқ урди. Шу онда шамол тинди, сукунат чўкди.
25 Исо шогирдларига: — Ишончингиз қани?! — деди. Улар эса қўрқув ва ҳайрат ичра бир–бирига шундай дейишди: — Бу ким бўлди экан–а? У ҳатто шамолу сувга амр беради, улар эса бўйсунади–я!
26 Исо шогирдлари билан қайиқда Жалила кўлининг нариги қирғоғидаги Гераса* ҳудудига сузиб борди.
27 Исо қирғоққа чиқиши билан Уни жинга чалинган шаҳарлик бир одам қарши олди. Бу одам анча вақтдан бери кийим киймас эди. У уйда эмас, қабристон ғорларида яшарди.
28 Ўша одам Исони кўргач, қичқириб юборди. Ўзини Унинг оёқлари остига отиб, овози борича бақирди: — Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли!* Мени тинч қўй! Ўтинаман, менга азоб берма! — деди.
29 Чунки Исо ёвуз руҳга бу одамдан чиқиб кетишни буюрган эди. Кўп марта ёвуз руҳ бу одамдан устун келиб, уни бошқарарди. Гарчи бу одамнинг қўл–оёқларини занжир билан боғлаб қўриқлашган бўлса ҳам, у занжирни узиб ташларди, жин эса уни кимсасиз жойларга олиб кетарди.
30 Исо жиндан: — Исминг нима? — деб сўради. — Исмим Тумонат, — деди у. Чунки бу одамнинг ичига бир талай жин кириб олган эди.
31 Жинлар Исодан: “Бизни тубсиз чуқурликка юбормагин”, деб ёлвориб сўрадилар.
32 Шу тоғнинг ён бағрида катта бир чўчқа подаси ўтлаб юрган эди. Жинлар Исодан: “Чўчқаларнинг ичига киришимиз учун бизга ижозат бер”, деб ёлвордилар. Исо уларга рухсат берди.
33 Шунда жинлар бу одамдан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Чўчқа подаси тик қияликдан кўлга ёпирилиб, чўкиб кетди.
34 Чўчқа боқувчилар содир бўлган воқеани кўриб қочдилар. Улар бўлиб ўтган ҳодисани шаҳар ва қишлоқларда гапириб юрдилар.
35 Одамлар бўлиб ўтган воқеани кўргани келдилар. Улар Исонинг олдига келганларида, жиндан халос бўлган одамни кўрдилар. У одам кийинган, ақли расо ҳолда Исонинг оёқ томонида ўтирарди. Улар буни кўриб, қўрқиб кетишди.
36 оқеани кўрганлар эса жин чалган одамнинг қандай қилиб шифо топганини сўзлаб бердилар.
37 Шунда Гераса ҳудудидан келган ҳамма одамлар қаттиқ ваҳимага тушиб, Исога: “Бизнинг ҳудудимиздан чиқиб кетинг”, деб илтимос қилдилар. Исо қайиққа тушиб, қайтиб кетмоқчи бўлиб турганда,
38 жинлардан халос бўлган одам Исога: — Сиз билан кетай, — деб ёлворди. Исо эса:
39 — Уйингга қайтиб бор. Худо сен учун нималар қилганини айтиб бер, — деб уни жўнатиб юборди. У киши бориб, Исо унга қанчалар мурувват кўрсатганини бутун шаҳарга эълон қилди.
40 Исо кўлнинг бу қирғоғига қайтиб келганда*, халқ Уни қаршилаб олди, чунки ҳамма Уни кутаётган эди.
41 Шу пайт Яир исмли бир одам келиб қолди. У синагога бошлиғи эди. У Исонинг оёғига бош уриб: “Илтимос, уйимга юринг”, деб ёлворди.
42 Чунки Яирнинг ўн икки ёшли ёлғиз қизи ўлим тўшагида ётган эди. Исо ўша одам билан кетди. Оломон Исони ҳар томондан қисиб қўярди.
43 Оломон орасида ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. У бор–будини табибларга сарфлаган бўлса ҳам, биронтаси унга шифо бера олмаган эди.
44 Аёл Исонинг орқасидан келиб, Унинг кийими этагига қўл теккизди. Шу заҳоти қон кетиши тўхтади.
45 — Менга ким тегди? — деб сўради Исо. Исога қўл теккизганини ҳеч ким тан олмади. Шунда Бутрус деди: — Устоз, оломон Сизни ўраб олиб, сиқиб қўйганини кўриб турибсиз–ку!
46 Лекин Исо деди: — Кимдир Менга қўлини теккизди. Ичимдан бир куч чиққанини сездим.
47 Назардан четда қола олмаслигини билиб, аёл титраганча Исонинг олдига келди. Унинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун халқ олдида нима сабабдан Исога қўлини теккизганини ва қўл теккизган заҳоти шифо топганини айтиб берди.
48 Исо унга деди: — Қизим, ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор.
49 Исо шундай деб турган ҳам эдики, синагога бошлиғининг уйидан кимдир келиб унга: — Қизингиз ўлди, Устозни овора қилмай қўя қолинг, — деди.
50 Буни эшитган Исо синагога бошлиғи Яирга деди: — Қўрқманг. Фақат ишонинг, қизингиз шифо топади.
51 Исо бошлиқнинг уйига келганда, Бутрус, Юҳанно, Ёқуб ва қизнинг ота–онасидан бошқа ҳеч кимнинг ичкарига киришига рухсат бермади.
52 Ҳамма қизча учун дод–фарёд қилаётган эди. Исо уларга деди: — Йиғламанглар, ахир, қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди.
53 Улар эса Исонинг устидан кулдилар, чунки қизча ўлганини билардилар.
54 Исо эса қизчанинг қўлидан ушлаб*: — Қизалоқ, тур ўрнингдан! — деди.
55 Қизчага жон кирди. У шу заҳоти ўрнидан турди. Исо: “Қизчага овқат беринглар”, — деб буюрди.
56 Қизчанинг ота–онаси донг қотиб қолдилар. Исо эса уларга бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга оғиз очмасликни буюрди.