Римликларга мактуб 9 bob
1 Мен Исо Масиҳга тегишли бўлганим учун ҳақиқатни айтяпман, ёлғон гапирмайман. Бу ҳақда виждоним ҳам Муқаддас Руҳ орқали шаҳодат беряпти.
2 Ўз халқим учун чуқур қайғуга ботган юрагим муттасил алам чекмоқда.
3 Ўз қондошларим ҳақи, Худонинг лаънати остида қолиб, Масиҳдан ажралишга ҳам рози бўлардим.
4 Улар Исроил халқидир. Худо уларни Ўзига фарзанд қилиб олиш учун танлади. Ўзининг улуғворлигини уларга намоён қилиб, улар билан аҳдлар* тузди. Уларга Ўз қонунини бериб, уларни Ўзининг хизматига тайинлади ҳамда уларга Ўз ваъдаларини берди.
5 Улар улуғ ота–боболардан келиб чиққан, Масиҳ ҳам жисман Исроил халқидан келиб чиққан. Бутун борлиқ устидан ҳукмдор бўлган Худога абадий ҳамду санолар бўлсин. Омин!
6 Худо Ўз сўзида турмади, демоқчи эмасман. Аммо Исроил халқининг ҳаммаси ҳам Худонинг халқи эмасдир.
7 Шунга ўхшаб, Иброҳимдан туғилганларнинг ҳаммаси ҳам Иброҳимнинг асл зурриёти деб ҳисобланмайди. Ахир, Худо Иброҳимга: “Сенинг наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади”, деб айтган–ку!
8 Демак, жисмоний жиҳатдан Иброҳимнинг фарзандлари бўлганларнинг ҳаммаси ҳам Худонинг фарзандлари эмасдирлар. Фақатгина Худо берган ваъданинг натижасида дунёга келганлар асл зурриёт ҳисобланади.
9 Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси қуйидагича эди: “Мен келгуси йили шу пайтда келганимда, хотининг Сора ўғилли бўлади.”
10 Ўша ўғил бобокалонимиз Исҳоқ эди. Вақти келиб, Исҳоқнинг хотини Ривқо эгизак ўғилларга ҳомиладор бўлди.
11 Фарзандлар туғилмасларидан аввал, ҳали бирорта яхши ёки ёмон иш қилмасларидан олдин Худо Ривқога: “Каттаси кичигига хизмат қилади”, деб айтганди.
12 Бундан кўриниб турибдики, Худо Ўз мақсадини бажариш учун инсонларни танлайди, танланиш инсонларнинг ишларига эмас, балки Худонинг даъватига боғлиқдир.
13 Ахир, Муқаддас битикларда: “Мен Ёқубни яхши кўриб, Эсовдан нафратландим”, деб ёзилган–ку!
14 Хўш, бунга нима деймиз? Худо адолатсизми? Йўқ, асло!
15 Худо Мусога: “Марҳамат қиладиганимга марҳамат қиламан, шафқат қиладиганимга шафқат қиламан”, деб айтган.
16 Шундай қилиб, Худонинг меҳр–шафқати инсон хоҳиши ва ташаббусига эмас, балки Худонинг иродасига боғлиқ.
17 Муқаддас битикларда ёзилганидай, Худо фиръавнга: “Сенга қудратимни кўрсатай, бутун оламга шуҳратимни ёяй деб, сени ҳукмдор қилиб тайинладим”, деб айтган
18 Хуллас, Худо Ўз хоҳиш–иродасига кўра, иш юритади, бир инсонга марҳамат кўрсатади, бошқа бировнинг эса юрагини тош қилади.
19 Шунда кимдир мендан: “Унда нима учун Худо бизни айблайди? Ахир, ким ҳам Унинг иродасига қарши чиқа оларди?” деб сўраши мумкин.
20 Эй инсон, сен ким бўлибсанки, Худога гап қайтарсанг?! Яратилган нарса яратувчисидан: “Нима учун мени бундай қилиб яратдинг?” деб сўрайдими?!
21 Ахир, кулол ҳам бир лой қоришмасидан ҳар хил идишлар ясайди–ку! Уларнинг баъзиларини қутлуғ байрам кунларида ишлатиладиган қилишга, бошқаларини эса ҳар куни ишлатиладиган идиш қилиб қўйишга ҳақи йўқми?!
22 Тўғри, Худо Ўз ғазаби ва қудратини жазо орқали кўрсатишга ҳақлидир. Аммо жазога мубтало бўладиганларнинг ҳалокатини орқага суриб, сабр–бардош кўрсатса, нима бўпти?
23 Шундай қилиб, Худонинг марҳаматига сазовор бўлган ва Унинг улуғворлигини баҳам кўришга белгиланган одамларга Худо Ўз улуғворлигининг нақадар бой эканлигини намоён қилади.
24 Нафақат яҳудийлар орасидан, балки бошқа халқлар орасидан танланганлар қаторида биз ҳам бормиз.
25 Хўшея китобида Худо шундай деб айтган: “Менинг халқим бўлмаганларни «Ўз халқим» деб атайман. Олдин суюклигим бўлмаганни «Суюклигим» деб айтаман.
26 Уларга: «Халқим эмас», деб айтилган бўлса, келажакда улар «Барҳаёт Худонинг фарзандлари» деб аталади.”
27 Ишаё ҳам Исроил халқи ҳақида шундай деган эди: “Исроил халқининг сони денгиз қумидай кўп бўлса ҳам, улардан фақатгина саноқли одамлар қутқарилиб, омон қолади,
28 чунки Эгамиз дунё устидан чиқарган ҳукмини тўла–тўкис ва тезда ижро этади.”
29 Булардан олдинроқ Ишаё яна шундай деб айтган эди: “Агарда Сарвари Олам Қолдирмаганда эди бизга зурриёт, Садўм шаҳрининг ҳолига тушар эдик, Ғамўра шаҳридай хонавайрон бўлардик.”
30 Хўш, булар нимани билдиради? Оқланиш пайида бўлмаган халқлар энди имон туфайли Худонинг олдида оқландилар.
31 Исроил халқи эса оқланиш ниятида қонунни бажариш пайида бўлдилар, лекин мақсадларига эриша олмадилар.
32 Нима учун? Чунки улар имон билан эмас, балки қонунни бажариш орқали оқланишга уриндилар. Улар Муқаддас битикларда тасвирланган тошга қоқилиб йиқилдилар.
33 Худо Муқаддас битикларда шундай деб айтган эди: “Мен Қуддусда* бир тош жойлаштиряпман. Баъзилар Унга қоқилиб йиқиладилар, аммо Унга таянган ҳеч бир инсон уятга қолмайди.” Бу тош Исо Масиҳдир.