Ваҳий 16 bob
1 Бундан кейин мен Маъбаддан келаётган баланд бир овозни эшитдим. Ўша овоз еттита фариштага шундай деди: “Боринглар, Худонинг ғазабига тўлиб–тошган етти косадаги балоларни ерга тўкинглар.”
2 Биринчи фаришта бориб, косасидагини ерга тўкди. Махлуқнинг тамғаси босилган ва унинг тасвирига сажда қилган одамларда оғир, жирканч яралар пайдо бўлди.
3 Иккинчи фаришта косасидагини денгизга тўкди. Денгиз ўликнинг қонига ўхшаб қолди. Денгиздаги ҳамма жониворлар қирилиб кетди.
4 Учинчи фаришта косасидагини дарёларга ва булоқларга тўкди, улар ҳам қонга айланди.
5 Сувлар учун масъул бўлган фариштанинг шундай деганини эшитдим: “Эй Муқаддас Худо, Сен бор бўлгансан, ҳозир ҳам борсан. Сенинг чиқарган бу ҳукмларинг одилдир.
6 Азизларинг ва пайғамбарларингнинг қонини тўкканларга Сен қон ичирдинг, улар бунга лойиқдир.”
7 Қурбонгоҳдан шундай бир овоз эшитилди: “Ҳа, Қодир Худо — Эгамиз! Сенинг ҳукмларинг ҳақ ва адолатлидир.”
8 Тўртинчи фаришта ўз косасини қуёш устига тўкди, қуёшга инсонларни олов билан ёндириш қудрати берилди.
9 Жазирама иссиқ инсонларни куйдирганда, улар бу офатлар устидан ҳокимиятга эга бўлган Худони лаънатладилар. Улар қилмишларидан тавба қилмадилар, Худони улуғламадилар.
10 Бешинчи фаришта косасидагини махлуқ тахтига тўкди, махлуқнинг салтанати зимистонга чулғаниб қолди. Одамлар чеккан азобидан тилларини тишлардилар.
11 Яраларининг оғриғидан Самовий Худони лаънатлардилар. Аммо қилмишларидан тавба қилмадилар.
12 Олтинчи фаришта косасидагини буюк Фурот дарёси устига тўкди. Дарёнинг суви қуриди. Шарқдан бостириб келадиган шоҳларга йўл очилди.
13 Бундан кейин мен қурбақаларга ўхшаш учта ёвуз руҳни кўрдим. Улар аждарҳо, махлуқ ва сохта пайғамбарнинг оғизларидан чиқаётган эдилар.
14 Булар жинлар бўлиб, мўъжизали аломатлар кўрсата олардилар. Улар Қодир Худонинг улуғ кунида бўладиган жангга барча жаҳон шоҳларини тўплагани бордилар.
15 Масиҳнинг шундай гапларини ёдингизда тутинг: “Мана, Мен ўғри каби ногаҳон келаман! Ҳушёр турган киши бахтлидир, Яланғоч юрмайин, шарманда бўлмайин деб, Кийимини тахт қилиб қўйган киши бахтлидир!”
16 Учта ёвуз руҳ жаҳон шоҳларини ибронийчадаги Хар–Магидўн деган жойга тўпладилар.
17 Еттинчи фаришта косасидагини ҳавога тўкди. Маъбаддаги тахтдан: “Амалга ошди!” — деган баланд бир овоз келди.
18 Шу вақт чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдурос садолари янгради, кучли зилзила бўлди. Зилзила шу қадар кучли эдики, ер юзида инсон яшагандан бери бунақаси бўлмаганди.
19 Буюк шаҳар уч қисмга бўлиниб кетди. Бошқа халқларнинг шаҳарлари ер билан яксон бўлди. Худо буюк Бобил шаҳрини ёдга олди. У Бобилга косадаги Ўзининг ғазаби шаробидан берди.
20 Ҳар бир орол ўрнидан жилди, тоғлар кўздан ғойиб бўлди.
21 Осмондан одамлар устига йирик дўл ёғилди. Ҳар бир дўл донасининг оғирлиги икки пуд чиқарди. Бу даҳшатли дўл дастидан одамлар Худони лаънатлашарди.