Ҳакамлар 14 bob
1 Бир куни Шимшўн Тимнах деган шаҳарга борди. Тимнахда у бир Филист қизни кўриб қолди.
2 Уйига қайтиб келгач, ота–онасига шундай деди: — Мен Тимнахда бир Филист қизни кўрдим. Уни менга олиб беринглар.
3 — Ўз халқимиз орасида қиз қуриб қолибдими?! Энди бориб суннатсиз Филистлардан қиз олишимиз қолганди, — деб жавоб берди улар. Аммо Шимшўн отасига: — Менга ўша қизни олиб беринг, мен уни ёқтириб қолдим, — деб туриб олди.
4 Бу Эгамизнинг хоҳиши эди, аммо Шимшўннинг ота–онаси бундан бехабар эдилар. Эгамиз Филистларга қарши жанг қилиш учун биронта баҳона қидираётган эди. Ўша замонда Филистлар Исроилда ҳукмронлик қилардилар.
5 Шимшўн ота–онаси билан Тимнахга йўл олди. Улар Тимнах узумзорларига яқинлашганларида, бирдан Шимшўн олдидан бир шер чиқиб қолиб, ўкирганича унга ташланмоқчи бўлди.
6 Ўша заҳоти Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, кучини оширди. Шимшўн шерни, худди улоқчани парчалагандай, қўллари билан осонгина иккига бўлиб ташлади. Аммо бўлиб ўтган воқеа ҳақида ота–онасига оғиз ҳам очмади.
7 Сўнг Шимшўн қизнинг олдига бориб, у билан гаплашди, қиз Шимшўнга ниҳоятда хуш келди.
8 Кўп ўтмай Шимшўн қизга уйланмоқчи бўлиб, Тимнахга қайтиб борди. Йўл–йўлакай шернинг ўлигини кўриб кетай деб, ўша томон йўл солди. Қараса, шернинг мурдасида асаларининг уяси билан асал бор экан.
9 У бир ҳовуч асал олиб, йўл–йўлакай еб кетди. Ота–онасининг олдига келганда, уларга ҳам еб кўргани берди, лекин асални шернинг мурдасидан олганини айтмади.
10 Шимшўннинг отаси келинини кўрмоқчи бўлиб, қудасининг уйига кирди. Шимшўн ўша ерда тўй муносабати билан катта бир зиёфат берди. Ўша вақтдаги урф–одатлар бўйича, куёвлар катта зиёфатлар беришарди.
11 Шимшўн зиёфат бериш учун Тимнахга борганда, Филистлар унинг олдига куёв навкар қилиб, ўттизта йигитни юбордилар.
12 Шимшўн зиёфат бериш учун Тимнахга борганда, Филистлар унинг олдига куёв навкар қилиб, ўттизта йигитни юбордилар.
13 Борди–ю, топишмоғимни тополмасангизлар, сизлар менга ўттизта кимхоб тўн билан ўттиз сидра кийим–бош берасизлар. Шунда улар: — Қани, топишмоғингни айт, уни эшитайлик–чи, — дейишди.
14 Шимшўн топишмоғини айтди: “Хўранданинг ичидан хўрак чиқди,Кучлининг ичидан ширинлик чиқди.” Орадан уч кун ўтди, аммо Филист йигитлари топишмоқни тополмадилар.
15 Охири, еттинчи куни Шимшўннинг қайлиғига дўқ қилиб: “Сизлар бизни шилмоқчи бўлиб бу ерга таклиф қилганмидингизлар?! — дедилар. — Бўл, эрингни алдаб–сулдаб топишмоқнинг маъносини бизга билиб бер, бўлмаса сени ҳам, отангнинг хонадонини ҳам ёндириб юборамиз.”
16 Шунда келинчак Шимшўннинг олдига бориб роса йиғлади. — Сен мени ёмон кўрар экансан! — дея хархаша қилди у. — Мени заррача бўлса ҳам яхши кўрганингда эди, топишмоқнинг жавобини аллақачон айтган бўлар эдинг. — Менга қара, — деди унга Шимшўн. — Буни ота–онамга ҳам айтмаган бўлсам, нега сенга айтар эканман?!
17 Зиёфат етти кун давом этган бўлса, ўша етти кун давомида келин унга хиралик қилиб йиғлайверди. Еттинчи куни Шимшўннинг юрагини шу қадар эзиб юбордики, у тоқат қила олмай топишмоқнинг жавобини айтиб берди. Қиз жавобни дарҳол Филист йигитларига етказди.
18 Ўша куни қош қораймасдан олдин йигитлар Шимшўннинг олдига келиб, топишмоқнинг жавобини айтдилар: “Асалдан ширин нима бор?! Шердан кучли нима бор?!” Шимшўн: “Агар ғунажинимни ишга солмаганларингда, топишмоғимни тополмас эдиларинг”, — деди.
19 Сўнг Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, унинг кучини янада оширди. Шимшўн Ашқалон шаҳрига кетди. У ерда ўттиз нафар Ашқалонлик одамни ўлдириб, кийим–бошларини ечиб олди. Ўша кийим–бошларни топишмоқнинг жавобини айтганларга берди–ю, жаҳл устида отасининг уйига қайтиб кетди.
20 Келиннинг отаси эса қизини Шимшўннинг куёв жўрасига узатиб юборди.