Ҳакамлар 2 bob
1 Эгамизнинг фариштаси Гилгалдан* Бохимга келиб шундай деди: — Мен сизларни Мисрдан олиб чиқдим. Онт ичиб, ота–боболарингизга бераман деган юртга сизларни олиб кирдим. Мен: “Сизлар билан тузган аҳдимни ҳеч қачон бузмайман”, деган эдим.
2 Сизларга: “Бу юрт халқлари билан аҳдлашманглар, уларнинг қурбонгоҳларини вайрон қилинглар”, деб айтмаганмидим?! Лекин сизлар амримга итоат қилмай, тескарисини қилдингизлар.
3 Бундай қилганингиз учун юртингизда яшаб юрган бу халқларни Мен энди ҳайдаб чиқармайман. Улар сизларга душман бўлиб, уларнинг худолари сизларга тузоқ бўлади.
4 Эгамизнинг фариштаси бу сўзларни айтгач, бутун Исроил халқи фарёд кўтарди.
5 Шундай қилиб, улар ўша ерни Бохим деб атадилар ва Эгамизга қурбонликлар келтирдилар.
6 Ёшуа Исроил халқини тарқатиб юборгандан сўнг, ҳар бир одам ўзига тушган ерни мулк қилиб олиш учун йўлга тушганди.
7 Ёшуа даврида халқ Эгамизга хизмат қилар эди. Улар Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Эгамиз Исроил учун қилган буюк ишларини кўрган оқсоқоллар даврида ҳам Эгамизга итоат қилишар эди.
8 Эгамизнинг қули Нун ўғли Ёшуа 110 ёшида оламдан ўтди.
9 Уни Гаш тоғининг шимолида жойлашган Эфрайим қирларидаги Тимнат–Серахда, ўзи улуш қилиб олган ерда дафн қилишди.
10 Бутун кекса авлод ҳам оламдан ўтди. Исроил халқининг ёш авлоди эса Эгамизни тан олмади, Унинг Исроил халқи учун қилган буюк ишларини билмади.
11 Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилди, улар Баал деган худонинг тасвирларига сиғина бошлашди.
12 Эгамиз уларни Мисрдан олиб чиққан бўлса–да, улар ота–боболарининг Худосидан юз ўгиришди. Бошқа худоларга — ён–атрофда яшовчи халқларнинг худоларига эргашишди. Уларга сажда қилиб, Эгамизнинг қаҳрини келтиришди.
13 Эгамиз уларни Мисрдан олиб чиққан бўлса–да, улар ота–боболарининг Худосидан юз ўгиришди. Бошқа худоларга — ён–атрофда яшовчи халқларнинг худоларига эргашишди. Уларга сажда қилиб, Эгамизнинг қаҳрини келтиришди.
14 Бундан ғазабланган Эгамиз уларни босқинчилар қўлига бериб, талон–тарож қилдирди ва ён–атрофдаги ғанимларга таслим қилди. Бундан буён Исроил халқи душманларига қаршилик кўрсата олмас эди.
15 Исроил халқи қаерда жанг қилмасин, Эгамиз огоҳлантирганидек, уларнинг бошларига фалокат келтириш учун ҳар сафар уларга қарши Ўзи чиқар эди. Исроил халқи оғир аҳволда қолган эди.
16 Эгамиз уларни босқинчилар қўлидан озод қилиш учун ҳакамларни юборди.
17 Лекин улар ҳатто ҳакамларига қулоқ солмадилар. Эгамизга бевафолик қилиб, бошқа худоларга сажда қилавердилар. Улар Эгамизнинг амрларига итоат қилган ота–боболарига ўхшамай, тез орада аждодлари юрган ҳақ йўлдан оздилар.
18 Эгамиз уларга ҳакам юборар экан, ҳар бир ҳакам билан Ўзи бўлар эди, ўша ҳакам даврида халқини душманлардан халос қиларди. Чунки золим ва зўравонларнинг дастидан нолиган халққа Эгамизнинг раҳми келар эди.
19 Аммо ҳакам оламдан кўз юмгач, улар яна эски қилмишларига қайтишар эди. Ота–боболаридан ҳам баттар гуноҳлар қилиб, бошқа худоларга сажда қилишар, уларга сиғинишар эди. Бу одатларининг биронтасини ҳам қолдирмай, қилмишларини ўжарлик билан давом эттиришар эди.
20 Исроил халқидан қаттиқ ғазабланган Эгамиз шундай деди: “Бу одамлар гапимга кирмай, Мен ота–боболари билан тузган аҳдимни буздилар!
21 Шунинг учун Мен уларнинг ораларида Ёшуанинг ўлимидан кейин қолиб кетган бегона халқларнинг биронтасини ҳам уларнинг ҳузуридан ҳайдаб чиқармайман.”
22 Исроил халқи ота–боболари сингари Эгамизнинг йўлидан юриш–юрмаслигини кўриш учун,
23 Эгамиз бу халқларни Ёшуага таслим қилмаган эди. Уларнинг ҳаммасини бирданига ҳайдаб чиқармай, юртда қолишларига ижозат берган эди.