Рут 1 bob
1 Исроилда ҳакамлар ҳукмронлиги даврида бир муддат очарчилик бўлган эди. Бир одам хотини ва икки ўғли билан бирга бирмунча вақт яшаш ниятида Мўаб юртига жўнади. У Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридан эди.
2 У одамнинг номи Элималек, хотинининг оти Наима, ўғилларининг исмлари эса Махлўн ва Хилён эди. Бу оила Яҳудонинг Байтлаҳм шаҳридан — Эфратлик эди. Улар Мўаб юртига бориб, ўша ерда яшаб қолди.
3 Улар ўша ерда яшаётганларида, Элималекнинг ажали етди. Наима икки ўғли билан қолди.
4 Унинг ўғиллари Мўаблик қизларга уйландилар. Қизлардан бирининг исми Ўрпа, иккинчисиники Рут эди. Улар ўша ерда ўн йилча яшашгандан кейин
5 Махлўн ва Хилён иккаласи ҳам вафот этишди. Наима ҳам эридан, ҳам фарзандларидан айрилиб, ёлғиз қолди.
6 “Эгамиз Ўз халқига эътибор бериб, уларга нон берди” деган хабарни эшитгач, Наима ўз юртига қайтишга қарор қилди.
7 Наима яшаб келган Мўаб юртини ташлаб, келинлари билан бирга йўлга тушди ва Яҳудога қараб юришди.
8 Йўлда давом этишаркан, Наима иккала келинига деди: — Боринглар, икковингиз ҳам оналарингизнинг уйларига қайтинглар. Менга ва марҳумларга бўлган иззат–ҳурматингиз учун Эгам сизларга ҳам марҳамат қилсин.
9 Икковларингизга ҳам яхши жойлардан ато қилсин, турмуш қуриб, ўз эрларингиз билан бахтли бўлинглар! Шундай деб Наима келинларини ўпди, иккаласи эса йиғлаб фарёд кўтаришди:
10 — Йўқ, биз сиз билан кетамиз, сизнинг халқингиз орасида яшаймиз, — дейишди.
11 Наима эса яна келинларига: — Қайтинглар, жон қизларим! — деди. — Мен билан кетганингиздан нима фойда?! Қорнимда яна ўғилларим бормидики, сизларга умр йўлдоши бўлса?!
12 Бўлди энди, қизларим, қайтинглар! Мен энди кексайдим, эрга тегишга ожизман. Борди–ю, мен, ҳали умид қилсам бўлади, деб шу кеча эрим билан қовушсам–у, ўғиллар туғсам,
13 улар улғайгунча сизлар кутиб турармидингиз?! Орқага чўзиб, турмушга чиқмай юрармидингизлар?! Йўқ, қизларим. Сизларни ўйлаб жуда қайғуряпман. Ахир, Эгам шунча кўргиликни бошимга солди–ку.
14 Улар яна йиғлаб, дод–вой кўтаришди. Ниҳоят, Ўрпа қайнанаси билан ўпишиб хайрлашиб, орқага қайтиб кетди. Рут эса Наимага ёпишиб олди.
15 Наима Рутга: — Мана, овсининг ўз халқи орасига, ўз худоларига сиғинадиган юртга қайтиб кетди. Сен ҳам унинг орқасидан боргин, — деди.
16 — Сиздан ажралишга, қайтиб кетишга мени мажбур қилманг, — деди Рут. — Сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман, сиз қаерда бўлсангиз, мен ҳам ўша ерда бўламан. Сизнинг халқингизни ўзимнинг халқим, сизнинг Худойингизни ўзимнинг Худойим дейман.
17 Сиз қаерда оламдан ўтсангиз, мен ҳам ўша ерда жон бериб, дафн қилинаман. Эгам мени не кўйга солса солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин. Мени сиздан фақат ўлим ажрата олади.
18 Наима амин бўлдики, келини у билан кетишга қатъий аҳд қилибди. Шундан сўнг уни кўндиришга қайта уринмади.
19 Икковлари йўл юриб Байтлаҳмга етиб келишди. Байтлаҳмга етиб келганларида, уларни кўриб бутун шаҳар ғимирлаб қолди. Аёллар бир–бирига: “Ийи, наҳотки бу ўша Наима бўлса?!” деб ҳайрон қолишди.
20 Наима уларга деди: — Энди мени Наима эмас, Мусибат денглар. Чунки Қодир Худо бошимга чексиз қайғу–кулфат солди.
21 Мен бу ердан тўкис бўлиб чиқиб кетган эдим, Эгам эса қуп–қуруқ қайтарди. Энди нега мени Наима дейсизлар?! Ахир, Эгам — Қодир Худо мени азоб–уқубатларга гирифтор қилиб, бахтсиз қилди–ку!
22 Шундай қилиб, Наима Мўаблик келини Рут билан бирга Мўаб юртидан қайтиб келди. Улар Байтлаҳмга келган пайтда арпа ўрими бошланган эди.