Ҳакамлар 11 bob
1 Гиладлик Йифтох довюрак жангчи эди. Унинг отаси Гилад, онаси эса фоҳиша бир аёл эди.
2 Гиладнинг хотини ҳам унга ўғиллар туғиб берган эди. Улар улғайгач, Йифтохга: “Отамиздан қолган меросга сенинг ҳеч қандай ҳақинг йўқ! Бор, йўқол! Сен бошқа аёлнинг боласисан”, дея ҳайдаган эдилар.
3 Йифтох ака–укаларидан қочиб, Тов юртига борган эди. Ўша ерда ўрнашиб олганидан сўнг, атрофига ярамас одамларни тўплаб, босқинчилик қила бошлаган эди.
4 Орадан маълум вақт ўтгач, Оммон халқи Исроил халқига ҳужум қилди.
5 Оммон халқи Исроил халқига ҳужум қилганда, Гилад оқсоқоллари Йифтохни олиб келгани Тов юртига жўнадилар.
6 Улар Йифтохга: — Биз билан юра қол, — дедилар. — Оммон халқи билан жанг қилганимизда бизга раҳнамолик қилгин.
7 — Сизлар мени менсимай отамнинг уйидан ҳайдаган эдингиз–ку! — дея зарда қилди уларга Йифтох. — Нима учун энди бошингизга кулфат тушганда менинг олдимга келдингизлар?
8 — Бўлар иш бўлди энди, — дейишди Гилад оқсоқоллари. — Биз сенинг олдингга бош эгиб келдик, биз билан бориб Оммон халқига қарши жанг қил, Гиладликларга ўзинг бош бўл.
9 Йифтох Гилад оқсоқолларига шундай деди: — Хўп, майли, сизларга қўшилиб, Оммон халқига қарши жанг қилдим ҳам дейлик. Борди–ю, Эгам душманларни қўлимга берса, мен сизларга ҳукмронлик қиламан.
10 Гилад оқсоқоллари эса Йифтохни ишонтириб: — Худо шоҳид, ҳаммаси айтганингдай бўлади, — дедилар.
11 Йифтох Гилад оқсоқоллари билан кетди. Халқ уни ҳоким ва лашкарбоши қилиб тайинлади. Йифтох эса қўйган шартларини Миспахда Эгамизнинг ҳузурида қайд қилди.
12 Йифтох Оммон шоҳига чопарларни юбориб деди: “Орамизда нима бўлиб ўтган эдики, сен менинг юртимга жанг қилиб келдинг?”
13 Оммон шоҳи Йифтох чопарларига шундай жавоб берди: “Исроил халқи Мисрдан чиқиб келганда, жанубдаги Арнон сойлигидан то шимолдаги Явоқ дарёсигача ва ғарбдаги Иордан дарёсигача бўлган ҳамма ерларимни тортиб олган эди. Бориб Йифтохга айтинглар, ерларимни менга тинчгина қайтариб берсин.”
14 Йифтох яна чопарларини Оммон шоҳига юбориб,
15 деди: “Исроил халқи на Мўаб, на Оммон ерларини тортиб олган.
16 Улар Мисрдан чиққандан кейин, Қизил денгиз томон саҳродан юриб, Кадешга келган эдилар.
17 Шунда Эдом шоҳи ҳузурига элчилар жўнатиб, Эдом юрти орқали ўтиб кетишга ижозат сўрадилар. Аммо Эдом шоҳи қулоқ солмади. Улар Мўаб шоҳидан ҳам ижозат сўрадилар, бироқ у ҳам рози бўлмагандан кейин, Кадешда қолдилар.
18 Кейин улар саҳрога йўл олиб, Эдом ва Мўаб юртларини айланиб ўтдилар. Мўаб ҳудудининг шарқий чегараси бўйлаб юриб, қароргоҳни Арнон сойлигининг нариги қирғоғида қурдилар. Арнон сойлиги Мўабнинг чегараси бўлгани учун, улар дарёдан ўтмадилар, Мўаб юртига оёқларини ҳам босмадилар.
19 Сўнг элчиларини Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўн олдига юбориб, ҳудудингиздан юртимизга ўтиб кетайлик, деб ижозат сўрадилар.
20 Аммо шоҳ Сихўн рози бўлмади. У барча одамларини йиғди–да, қароргоҳини Яхазда жойлаштириб, Исроил халқига ҳужум қилди.
21 Аммо Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Сихўнни барча одамлари билан Исроил халқининг қўлига берди. Шунинг учун Исроил халқи ўша юртда истиқомат қилган Амор халқининг барча ерларини қўлга киритди.
22 Улар Арнондан Явоққача, саҳродан Иордангача бўлган Амор халқининг барча ерларига эга бўлдилар.
23 Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Ўзи бу ерларни Амор халқидан тортиб олиб, Ўзининг халқи Исроилга берди. Шундай экан, уларни қайтариб олишга сенинг ҳеч қандай ҳақинг йўқ.
24 Ундан кўра, худойинг Хамўш берган нарсаларга эгалик қил! Биз эса Эгамиз Худо бизга берган ҳамма нарсага эгалик қиламиз!
25 Нима, сенинг Зиппур ўғли Болоқдан ортиқ жойинг бормиди?! У Мўаб шоҳи бўла туриб, Исроил халқи билан бирон марта ҳам тортишган эмас. Бирон марта ҳам бизга қарши жанг қилган эмас.
26 Исроил халқи уч юз йилдан бери Арнон сойлигининг бўйидаги шаҳарларда, Хашбон, Арор ва уларнинг атрофидаги қишлоқларда яшаб келмоқда. Нима учун шу пайтгача ўша ерларни қайтариб олмадинг?!
27 Мен сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмадим, сен эса менга қарши жанг қилмоқчи бўлиб нотўғри иш қиляпсан. Худога солдим, Унинг Ўзи бугун ким ҳақ, ким ноҳақ эканини кўрсатсин.”
28 Аммо Оммон шоҳи Йифтохнинг сўзларини эшитишни ҳам хоҳламади.
29 Эгамизнинг Руҳи Йифтохни қамраб олди. Йифтох Гилад ва Манаше ерларидан ўтиб, Гиладдаги Миспах шаҳрига етиб борди. У ердан йўлида давом этиб, Оммон юрти томон юрди.
30 Сўнг қасам ичиб, Эгамизга деди: “Агар жангда Оммон халқини енгишимга ёрдам берсанг,
31 уйимга эсон–омон қайтиб борганимдан сўнг мени қаршилаб чиққан биринчи тирик жонни Сенга қурбонлик қилиб куйдираман.”
32 Йифтох лашкари билан Оммон халқининг устига бостириб бориб, жанг қилди. Эгамиз Оммон халқини Йифтохга таслим қилди.
33 Йифтох Арордан Миннит атрофигача бўлган йигирмата шаҳарни ва Овил–Каромгача бўлган барча қишлоқларни вайрон қилди. Катта талафот кўрган Оммон халқи Исроил халқига бўйсунди.
34 Йифтох Миспахдаги ўз уйига қайтиб келганда, қизи чилдирма чалиб ўйнаганича, уни қаршилаб чиқди. Бу қиз унинг ёлғиз фарзанди эди.
35 Йифтох уни кўргач, қайғу–аламдан кийимларини йиртиб: — Вой қизим! Нима қилиб қўйдинг?! — деди. — Юрак–бағримни қон қилдинг–ку! Мен Эгамизга қасам ичган эдим, энди сўзимни қайтиб ололмайман!
36 — Отажон, — деди қизи, — Эгамизга сўз берган бўлсангиз, зинҳор сўзингиздан қайтманг, чунки Эгамиз сизга душманингиз — Оммон халқи устидан ғалаба берди.
37 Менинг эса биргина тилагим бор. Менга икки ой муҳлат берсангиз, мен дугоналарим билан тоққа чиқиб, у ерда ёшлигим хазон бўлганидан қайғурай. Чунки мен энди ҳеч қачон турмушга чиқмайман.
38 Йифтох унга ижозат бериб, икки ойга тоққа жўнатиб юборди. Қиз дугоналари билан тоққа чиқиб, қайғуриб йиғлади.
39 Икки ой ўтгач, отасининг ёнига қайтиб келди. Йифтох Эгамизга берган ваъдасига вафо қилди. Қиз бокира эди. Шундан кейин Исроилда бир одат пайдо бўлди:
40 ҳар йили Исроил қизлари тоғларга чиқиб, тўрт кун давомида Гиладлик Йифтохнинг қизи учун мотам тутадиган бўлишди.