Ҳакамлар 9 bob
1 Гидўн ўғли Абумалек Шакам шаҳрига — тоғаларининг олдига бориб, барча уруғ–аймоқларига шундай деди:
2 — Шакам бекларининг ҳузурига боринглар, уларга: “Устингиздан Гидўннинг етмишта ўғли ҳукмронлик қилганидан кўра, биттаси ҳукмронлик қилгани яхши эмасми?” деб айтинглар. Мен сизларнинг жигарингиз эканимни ҳам эсларингдан чиқарманглар.
3 Тоғалари Абумалекнинг манфаатини кўзлаб, бу сўзларни Шакам бекларига етказдилар. Шакам беклари эса: “Ҳар қалай Абумалек қариндошимиз”, дея унинг тарафдорлари бўлдилар.
4 Шакам беклари унга Баал–Берит уйидаги етмиш бўлак кумушни* бердилар. Абумалек эса бу кумушга ярамас одамларни ёллади.
5 У Ўфрага — отасининг уйига бориб, етмишта ўгай ака–укасини бир тош устида қатл қилди. Аммо Гидўннинг кенжа ўғли Йўтом бекиниб, тирик қолди.
6 Сўнг Шакам беклари ва Байт–Миллода яшовчилар Шакамдаги муқаддас эман дарахтининг олдига бориб, у ерда Абумалекни тахтга кўтаришди.
7 Йўтом буни эшитгач, Гаризим тоғининг тепасига чиқиб хитоб қилди:Эй Шакам беклари, гапимни эшитинглар, шунда Худо ҳам сизларни эшитгай!
8 Бир замонда дарахтлар ўзларига шоҳ танламоқчи бўлишибди. Улар зайтун дарахтига: — Шоҳимиз бўл, — дейишибди.
9 Зайтун дарахти уларга шундай жавоб берибди: — Худолар ва бандалар шарафига ишлатиладиган мойимни бермай қўйиб, дарахтлар узра шохларимни силкитиб турайми?!
10 Шунда дарахтлар анжирга: — Сен келиб, шоҳимиз бўла қол, — деб айтишибди.
11 Анжир дарахти ҳам шундай жавоб берибди: — Ийе, ширин ва лаззатли меваларимни тугмай, дарахтлар узра шохларимни силкитиб турайми?!
12 Сўнг дарахтлар токка: — Бизга сен ҳукмронлик қила қол, — дейишибди.
13 Ток ҳам жавоб бериб шундай дебди: — Худолар ва бандалар димоғини чоғ қиладиган шаробимни бермай қўйиб, дарахтлар узра новдаларимни силкитиб турайми?!
14 Охири дарахтларнинг барчаси янтоққа дейишибди: — Сен келиб, бизга ҳукмронлик қилгин.
15 Янтоқ эса дарахтларга: — Агар мени сидқидилдан шоҳликка кўтараётган бўлсангизлар, келиб соямда паноҳ топинглар, акс ҳолда, тиканларимдан чиққан олов авж олиб, ҳатто Лубнондаги садрларни ҳам куйдириб ташлайди! — деб жавоб берибди.
16 Шу тариқа сизлар ҳам Абумалекни тахтга сидқидилдан, виждонан кўтардингизми?! Гидўн ва унинг хонадонига нисбатан тўғри иш тутдингизми?! Қилмишларингиз отамнинг сизлар учун қилган эзгу ишларига лойиқ эканми?!
17 Отам жонини аямай сизлар учун жанг қилган эди, сизларни Мидиёнларнинг қўлидан қутқарган эди.
18 Сизлар эса отамнинг хонадонига қарши чиқиб, унинг етмиш нафар ўғлини бир тошнинг устида қатл қилдингизлар. Чўриси туққан Абумалекни эса қариндошингиз бўлгани учун Шакам бекларининг устидан шоҳ қилиб тайинладингизлар.
19 Агар бугун Гидўн хонадонига нисбатан виждонан иш тутган бўлсангиз, Абумалекдан мамнун бўлиб шодланинг, у ҳам сизлардан мамнун бўлиб шодлансин.
20 Акс ҳолда, Абумалекдан олов чиқиб, Шакам ва Байт–Милло бекларини ямлаб юборсин. Шакам ва Байт–Милло бекларидан ҳам олов чиқиб, Абумалекни куйдириб йўқ қилсин.”
21 Сўнг Йўтом Абумалекдан қўрққанидан Бэр ҳудудига қочиб қолди.
22 Абумалек уч йил Исроилда ҳукмронлик қилди.
23 Худо эса Абумалек ва Шакам беклари орасида низо чиқариш учун бир руҳ юборди. Шунинг учун Шакам беклари Абумалекка хоинлик қилишди.
24 Бу ҳодиса Гидўннинг етмишта ўғлини ўлдирган Абумалекдан ва унинг бу жиноятини қўллаб турган Шакам бекларидан қасос олинишининг дараги эди.
25 Шундай қилиб, Шакам беклари Абумалекка қарши тоғларнинг тепаларида, пистирмаларда одамларини ўтирғизиб қўйишганди. Улар ўтган–кетганларни талаб, бор–йўғини тортиб олишарди. Абумалек бундан хабар топди.
26 Гал исмли бир одам ўз оға–инилари билан Шакамга кўчиб келди. У Шакам бекларининг ишончини қозонди. Гал Эвид деган одамнинг ўғли эди.
27 Шакамликлар далага чиқиб, узумзорларидан узум теришди, уни эзиб шароб тайёрлашди, сўнг зиёфат қилишди. Улар худосининг уйида ўтириб, зиёфат қилишар экан, еб–ичиб Абумалекни мазах қилишди:
28 Абумалек ким бўлибдики, биз, Шакамликлар, унга хизмат қилсак? — шанғиллаб гапини бошлади Гал. — Падари бузрукворимиз Хамўр бу шаҳарга асос солган эди. Шундай экан, Хамўр наслидан бўлган биронта одам бизга ҳукмронлик қилиши керак. Абумалек эса етти ёт бегона бўлган Гидўннинг ўғли–ку! Нега биз унинг ва ҳокими Забулнинг олдида бош эгишимиз керак экан?
29 Агар бу одамлар қўлим остида бўлганда эди, Абумалекни ўзим йўқ қилардим! Унга, лашкарингни кўпайтириб, жангга чиқ, деган бўлардим.”
30 Шаҳар ҳокими Забул Галнинг бу сўзларини эшитгач, ғазаби аланга олди.
31 У билдирмай Абумалекнинг олдига чопар жўнатиб деди: “Қаранг, Эвид ўғли Гал бутун уруғи билан Шакамга келиб, шаҳарни сизга қарши қўзғатмоқда.
32 Шунинг учун ярим тунда лашкарингиз билан йўлга тушиб, далаларда яширининг.
33 Эртасига саҳарда туриб, шаҳарга қўққисдан ҳужум қилинг. Гал қўшинлари билан сизларга қарши чиққанда қўлингиздан келганича улар билан олишинг.”
34 Шундай қилиб, Абумалек лашкари билан ярим тунда йўлга тушди. Улар тўрт қисмга бўлиниб Шакам яқинида писиб ётишди.
35 Гал чиқиб шаҳар дарвозасида турганда, Абумалек бир қисм лашкари билан қирлар орқасидан чиқиб келди.
36 Гал уларни кўргач, Забулга деди: — Қаранг! Қирлардан одамлар тушиб келмоқда! — Қўйсанг–чи, — деди Забул. — Қирлар соялари кўзингга одамлар бўлиб кўриняпти.
37 — Қаранг, қирлардан одамлар пастга тушиб келишяпти, бошқа бир қисми эса фолбинларнинг дарахти томонидан яқинлашяпти, — деди яна Гал.
38 — Катта кетиб: “Абумалек ким бўпти биз унга хизмат қилсак?” деб гапирган сен эмасмидинг?! — деди шунда Забул, — сен мана шу лашкарни мазах қилган эдинг–ку. Қани, бўл, энди чиқиб улар билан жанг қил.
39 Шакам беклари Гал бошчилигида чиқиб, Абумалекка қарши жанг қилишди.
40 Абумалек Гални қувиб кетди, аммо Гал қочиб қолди. Ўша куни Шакам сипоҳларининг кўплари ҳалок бўлди, бутун жанг майдони то шаҳар дарвозасигача жасадларга тўлди.
41 Абумалек Армахда ўрнашди, Забул эса Гални барча қариндошлари билан Шакамдан қувиб юборди. Улар энди Шакамда яшай олмас эдилар.
42 Эртаси куни Шакамликлар юмушларини бажармоқ учун далаларга чиқмоқчи эканлигидан Абумалек хабардор бўлди.
43 У лашкарини уч қисмга бўлди. Лашкар далалардаги қирларда писиб ётди. Абумалек шаҳардан чиқиб келаётган одамларни кўриб, лашкари билан уларга ҳамла қилди.
44 Лашкарнинг бир қисми Абумалек бошчилигида шаҳар дарвозасини қўлга киритди. Улар шаҳар дарвозаси олдидан силжимадилар. Лашкарнинг қолган икки қисми эса даладаги одамларга ҳужум қилиб, уларни қириб ташлади.
45 Ўша куни Абумалек кун бўйи шаҳарга қарши жанг қилди. Охири шаҳарни қўлга олди. У ердаги ҳамма одамни қатл қилди. Шаҳарни эса вайрон қилиб, устидан туз сочиб ташлади.
46 Шакам қалъасининг беклари буни эшитгач, ўша ердаги Баал–Берит уйининг қўрғонига кириб, бекиниб олдилар.
47 Бекларнинг ҳаммаси қўрғонда эканлигидан хабардор бўлган Абумалек,
48 лашкари билан Залмон тоғининг тепасига чиқди. Қўлидаги болта билан бир боғлам ўтин кесиб, орқасига ортиб олди. Сўнг лашкарига: “Қани, сизлар ҳам худди шундай қилинглар”, деб буюрди.
49 Сипоҳларнинг ҳар бири бир боғламдан ўтин кесиб олди. Улар Абумалекка эргашиб ўтинларни қўрғоннинг атрофига териб чиқдилар, сўнг қалъага ўт қўйдилар. Қалъадаги ҳамма одамлар ҳалок бўлди. У ерда мингтача аёл ва эркак киши бор эди.
50 Шундан сўнг Абумалек Тавоз шаҳрига йўл олди. Шаҳарни қамал қилиб, қўлга киритди.
51 Аммо шаҳарнинг ичида жуда баланд бир қўрғон бор эди. Шаҳардаги аёлу эркаклар, ҳамма шаҳар беклари ўша қўрғон ичига қочиб киришди. Улар эшикларни тамбалаб, томга чиқиб олишди.
52 Абумалек қўрғондагиларга қарши жанг қилди, унга ўт қўймоқчи бўлиб, ёнига борди.
53 Шу пайт бир аёл тепадан тегирмон тошини улоқтириб, Абумалекнинг бошини ёриб юборди.
54 Жон талвасасида Абумалек қуролбардорини ёнига чақириб: — Бўл, қиличингни суғуриб мени ўлдир, — деди, — яна одамлар: “Уни аёл киши ўлдирди”, деб юришмасин. Шунда йигит қилич суқиб, Абумалекни ўлдирди.
55 Одамлар Абумалекнинг ўлганини кўриб уйларига тарқалиб кетишди.
56 Отасига хиёнат қилиб, етмишта ака–укасини ўлдирган Абумалекни Худо шу йўсинда жазолаган эди.
57 Шунингдек, Шакамликларнинг ҳам қилган қабиҳликлари учун таъзирини берган эди. Улар Гидўн ўғли Йўтомнинг қарғишига йўлиқдилар.