Шоҳлар (биринчи китоб) 25 bob
1 Шу орада Шомуил оламдан ўтди. Бутун Исроил халқи йиғилишиб, Шомуилга аза тутди. Уни ўз она шаҳри Рамада дафн қилишди. Шундан кейин Довуд Порон чўлига кетди.
2 Моюн шаҳрида бир бой–бадавлат одам яшар, мол–мулки Кармил шаҳри яқинидаги ерда бўлиб, уч мингта қўйи, мингта эчкиси бор эди. Бу пайтда у Кармилда қўйларининг жунини қирқаётган эди.
3 Ўша одамнинг исми Навол, хотинининг исми эса Обигайл эди. Аёл ақл–фаросатли ва чиройли эди. Эри Холиб уруғидан бўлиб, қўрс, феъл–атвори ёмон одам эди.
4 Довуд даштда юрганда, Навол қўйларининг жунини қирқяпти деган хабарни эшитиб қолди.
5 Довуд йигитларидан ўнтасини Кармилга — Наволнинг ҳузурига жўнатаётиб, уларга деди:
6 — Наволга мендан салом айтиб, шу гапларимни етказинглар: “Умринг узоқ бўлсин! Сенга, хонадонингга, қарамоғингдаги ҳар бир одамга тинчлик–омонлик бўлсин.
7 Қўйларингнинг жунини қирқаётганингни эшитдим. Чўпонларинг биз билан бирга эди. Уларни хафа қилмадик, Кармилда бўлган кунларида ҳеч нарсаси йўқолмади.
8 Хизматкорларингдан сўраб кўрсанг, ўзлари ҳам сенга айтиб беришади. Шунинг учун одамларимга илтифот кўрсат, сенинг ҳузурингга зиёфат куни келдик. Бу қулларингга ва ўғлинг Довудга қўлингдан келганча марҳамат қилиб, ёрдам кўрсат.”
9 Довуднинг одамлари Навол ҳузурига бориб, Довуднинг номидан унга шу гапларни етказишди ва жавоб кута бошлашди.
10 Навол эса Довуднинг одамларига шундай жавоб берди: — Довуд дегани ким ўзи?! Эссайнинг ўғли бўлса, нима қипти?! Шу кунларда ўз хўжайинларидан қочиб кетаётган қуллар жуда кўпайиб кетди–да!
11 Нонимни, сувимни, жун қирқаётган одамларим учун сўйган қўйларимнинг гўштини олиб, аллақайдан келган одамларга берайми?!
12 Довуднинг одамлари келган йўлига қайтиб кетишди. Наволнинг ҳамма айтганларини Довудга етказишди.
13 — Ҳамма қиличини белига боғласин! — деб амр берди Довуд одамларига. Довуднинг ўзи ҳам, одамлари ҳам қиличларини белларига боғлашди. Тўрт юзга яқин одам Довуд билан бирга кетди. Икки юзтаси эса анжомлар ёнида қолди.
14 Наволнинг хизматкорларидан бири унинг хотини Обигайлга деди: — Довуд хўжайинимиз Наволга салом йўллаб, даштдан хабарчилар жўнатган экан, лекин Навол уларни ҳақорат қилди.
15 У одамлар эса бизга кўп яхши муносабатда бўлишган эди. Даштда улар билан қолган пайтларимизда бизни ҳеч хафа қилишмасди, бирор нарсамиз ҳам йўқолмасди.
16 Қўйларимизни боқиб юрганимизда, ҳар доим — кечаю кундуз бизни ҳимоя қилишарди.
17 Энди нима қилиш лозимлигини ўзингиз яхшилаб ўйланг. Чунки хўжайинимизнинг ва унинг бутун хонадонининг бошига фалокат хавф солиб турибди. Хўжайинимиз эса шу қадар баджаҳлки, бирор кимса унга бир оғиз гап айта олмайди.
18 Обигайл вақтни бой бермай, икки юзта нон, икки меш шароб, бешта қўйнинг пиширилган гўштини, икки тоғора қовурилган буғдой, юз ҳовуч майиз ва икки юз ҳовуч анжир қоқини олиб эшакларга юклади.
19 Сўнг хизматкорларига: — Сизлар мендан олдин юринглар, мен орқаларингиздан бораман, — деди. Эри Наволга эса ҳеч нарса демади.
20 Обигайл эшакка миниб, тоғнинг ёлғизоёқ йўлларидан тушиб келаётганда, унга томон келаётган Довуднинг одамларига дуч келиб қолди.
21 Довуд шу гапларни айтаётган экан: — Бу одамнинг даштдаги мол–ҳолини беҳудага қўриқлабман–да. Унинг қўтонидан бирор қўй йўқолмади–ю, оқибатда у менинг яхшилигимга ёмонлик билан жавоб қайтарди.
22 Агар эрталабгача унга қарашли эркак зотидан бирортасини тирик қолдирсам, Худо менинг жазоимни берсин, ҳатто ундан баттарроғига дучор қилсин!
23 Обигайл Довудни кўрибоқ эшакдан тушди. Довудга таъзим қилиб, ерга мук тушди.
24 Унинг оёқларига бош уриб ёлворди: — Тўрам, мен айбдорман, айб менда. Ижозат беринг, бу чўрингиз сизга бир оғиз гап айтсин, айтганларимга қулоқ солинг.
25 Ёлвораман, тўрам! Ўша баттол Наволга эътибор бермасинлар. Унинг феъл–атвори худди исмининг ўзи. Навол — ақлсиз дегани. Мен, чўрингиз, тўрам юборган одамларни кўрмабман.
26 Энди, тўрам, Эгамиз сизнинг қон тўкишингизга, ўз қўлингиз билан қасос олмоғингизга изн бермаган. Худо шоҳид! Тўғрисини айтай, ғанимларингиз, қолаверса, тўрамга қасд қилган ҳамманинг бошига Наволнинг куни тушсин.
27 Тўрам, мен, чўрингиз, сизга мана бу инъомларни келтирдим. Энди булар сизга эргашиб хизмат қилаётган одамларингизга берилсин.
28 Бу чўрингизнинг гуноҳидан ўтинг. Эгамиз албатта тўрамнинг хонадонини мустаҳкам қилади, чунки тўрам Эгамиз учун жанг қиляпти. Умрингиз охиригача сиз томондан бирон–бир ҳақсизлик бўлмасин.
29 Биронтаси ортингиздан тушиб, жонингизга қасд қилса, ҳаётингизни Эгангиз Худо Ўз паноҳида асрасин. Ғанимларингизни эса палахмондан отилган тошдай улоқтириб юборсин.
30 Эгамиз тўрамга ваъда қилган барча эзгуликларни бажо келтириб, сизни Исроилнинг йўлбошчиси қиладиган кун келади, албатта.
31 Ўшанда ўзим учун ўч олиб, беҳудага қон тўкдим, деб пушаймон бўлмагайсиз. Эгамиз тўрамга барака берганда, бу чўрисини унутмасин.
32 — Бугун сени мен билан учраштирган Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! — деди Довуд.
33 — Ақлингга балли, барака топ! Бугун мени қон тўкишдан, ўз қўлим билан ўч олишдан сақлаб қолдинг, бунинг учун сени Худо ёрлақасин.
34 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга ёмонлик қилишимнинг олдини олди. Агар сен мени тезда учратиб қолмаганингда, Худо ҳақи, кун чиққунча Наволга қарашли эркак зотидан бирортаси тирик қолмаган бўларди!
35 Довуд Обигайл олиб келган ҳадяларни олди. Кейин: — Эсон–омон уйингга бор, билиб қўй, гапларингга қулоқ солиб, арзингга эътибор бердим, — деди.
36 Обигайл Наволнинг ёнига қайтиб келди. Навол уйида шоҳона зиёфат уюштирган, маст, жуда вақти чоғ эди. Обигайл эса эрталабгача унга бир оғиз гап айтмади.
37 Эртасига эрталаб Навол ўзига келгач, хотини унга бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Ўша заҳотиёқ Наволнинг юраги музлаб, шол бўлиб қолди.
38 Ўн кунлардан кейин Эгамиз Наволнинг жонини олди.
39 Худо Наволнинг жонини олганини Довуд эшитди. — Навол мени ҳақорат қилган эди, Эгамизнинг Ўзи мени оқлади, бу қулини ёмонлик қилмоқдан асради. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! У Наволнинг ёмонлигини ўзининг бошига солибди, — деди. Шундан сўнг Довуд Обигайлнинг олдига хабарчилар жўнатиб, унга уйланмоқчи эканлигини билдирди.
40 Довуд юборган хабарчилар Кармилга — Обигайлнинг ҳузурига бориб: — Довуднинг сенга уйланиш истаги бор, шуни билдириш учун бизни юборди, — дедилар.
41 Обигайл ўрнидан турди, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди–да: — Мен тўрамга хизмат қилмоққа ва тўрамнинг хизматкорлари оёқларини ювишга тайёрман, — деб жавоб берди.
42 Обигайл тезда ўрнидан туриб, эшакка минди. Ёнига бешта чўрисини олиб, Довуднинг хабарчилари орқасидан йўлга тушди. Шундай қилиб, Обигайл Довудга турмушга чиқди.
43 Довуд Йизриллик Охинавамга ҳам уйланган эди. Шу тариқа Довуд икки хотинлик бўлди.
44 Довуднинг биринчи хотини Михални эса отаси Шоул Палтига бериб юборган эди. Палти Галимлик Лайиш деганнинг ўғли эди.