Эмерсон Эггерих. Севги ва ҳурмат - (21-боб) Ўзбек тилида
Sevgi va hurmat (Emerson Eggerix) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Кириш
МУҚАДДИМА. Севгининг ўзи камлик қилади
БИРИНЧИ ҚИСМ. ТАНГЛИК ДОИРАСИ
1. Никоҳ муносабатларини такомиллаштиришнинг оддий сири
2. Мулоқот қилиш учун шифрни топиш зарур
3. Аёл нега ҳурмат қилмайди, эр нега севмайди?
4. Танглик доираси эркаклар кўпинча қўрқадиган нарсага таянади
5. Аёл остонадаги гиламча бўлишдан қўрқади, эр унинг кўнглини ололмай сарсон
6. Аёл иккиюзламачи бўлишни истамайди, эр ўзига ҳурмат йўқлигидан нолийди
7. Аёл эрини кечиролмайди, эр аёлини севиб бўлмайди, деб ҳисоблайди
ИККИНЧИ ҚИСМ. ҚУВВАТ ДОИРАСИ
8. Оилавий ҳаёт – аёлга севгини қандай намоён этиш керак
9. Бирлашув – аёл яқинликни хоҳлайди
10. Очиқлик – аёл унга нисбатан самимий бўлишингизни истайди
11. Тушуниш – уни тузатишга уринманг, шунчаки тингланг
12. Муроса – аёл сизнинг зийрак бўлишингизни хоҳлайди
13. Садоқат – аёл сиз учун ўзининг энг қадрли эканини ҳис қилишни истайди
14. Иззат – аёл уни ҳурмат қилишингизни ва ардоқлашингизни истайди
15. Эрга ҳурматни қандай намоён этиш мумкин
16. Бўйсуниш – эрингизнинг ишлаш ва муваффақиятга эришиш истагини қадрланг
17. Иерархия – эрингизнинг оилани ҳимоя қилиш ва таъминлаш истагини қадрланг
18. Нуфуз – эрингизнинг хизмат қилиш ва бошқариш истагини қадрланг
19. Зийраклик – эрингизнинг таҳлил қилиш ва маслаҳат бериш истагини қадрланг
20. Муносабатлар – эрингизнинг чин дўстликка интилишини қадрланг
21. Шаҳвоният – эрингизнинг жинсий алоқага интилишини қадрланг
22. Агар сиз ҳаракат қилсангиз, қувват доираси ҳам ҳаракатда бўлади
УЧИНЧИ ҚИСМ. ҒАЛАБА ДОИРАСИ
23. Севги ва ҳурмат учун асл асос
24. Ҳақиқат чиндан ҳам сизни эркин қилиши мумкин
ХОТИМА. Пушти ва мовий рангларни Илоҳий қирмизи рангга айлантириш мумкин
21-БОБ. ШАҲВОНИЯТ – ЭРИНГИЗНИНГ ЖИНСИЙ АЛОҚАГА ИНТИЛИШИНИ ҚАДРЛАНГ
Доктор ва хотинининг никоҳи ўхшамади. Улар Танглик доирасининг шиддатли айланиши домига тушиб қолишди, ҳаммаси хотиннинг ультиматумидан бошланди: у эрига токи ҳиссий эҳтиёжларини қаноатлантира олмас экан, у билан ётмаслигини айтади. У руҳий-ҳиссий жиҳатдан енгиллашишни истарди, у эри ўзи билан юзма-юз гаплашишини хоҳларди, токи ана шу ҳиссий эҳтиёж қаноатлантирилмас экан, эрининг шаҳвоний майлларига жавоб қайтармайди. Ахир севги шундан иборатку, тўғрими?
Аммо маълум бир воқеалардан кейин унга Парвардигордан: «Бу ерда ким етукроқ? У Худони яқинда таниган, сен эса кўп йиллардан бери Исо Масиҳ билан биргасан» - деган нидо келди. Хотин бу мурожаатни тушунди. У ўзи шуни хоҳлагани учун эмас, балки Исо Масиҳ ҳаққи шундай қилишга тайёрлиги боис эрига жинсий ҳаёт борасида хизмат қилишга қарор берди. У ҳаётнинг бу соҳасига бепарвороқ эди. Аммо у эрининг бу борада эҳтиёжлари борлигини биларди ва Парвардигор унга эрининг эҳтиёжларини қондириши кераклигини буюрди. Шунда у: «Худо, амринг вожиб, эримнинг бу эҳтиёжини жон деб қондираман» деди. У айтганини қилди. Хўш, шундан кейин нима бўлди? У ҳиссий енгилликни ҳис этдими, эри билан юзма-юз гаплашиш истаги қаноатлантирилдими? Бу ҳақда у менга шундай деганди: «жинсий алоқадан кейин биз тўшакда ётганимизда эримни гапдан тўхтатиб бўлмай қоларди».
Улар шайтонни тўшакларидан улоқтириб ташлашди
Узоқ йиллар нотўғри қарашларнинг қурбони бўлгани боис бахтсиз яшаб келган ушбу жуфтликнинг бошига бирданига гўё омад қуши қўнди. Хотин эрининг жисмоний эҳтиёжини қондириши билан эри ҳам унинг ҳиссий эҳтиёжини қаноатлантирди. Кимдир, шайтон икки инсонни никоҳдан ўтгунларига қадар яқинлик қилишларига эришиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлади, шунингдек у инсонларни никоҳдан кейин бир-бирларидан узоқлаштириш пайида бўлади, деган эди. Бу жуфтлик шайтоннинг макрига учмади. Улар шайтонни тўшакларидан улоқтириб ташлашди.
Агар қачонлардир муаммо мавжуд бўлган бўлса, аслида у муаммо дейишга ҳам арзимайди, ҳамма гап жинсий алоқада эди. Кўп йиллик фаолиятим давомида менинг олдимга ўзаро муносабатлари қовушмаётганидан нолиб, ўнлаб оилавий жуфтликлар келиб туришарди. Аксарият ҳолларда муаммо хотиннинг жинсий алоқасиз яқин ва илиқ муносабатларни хоҳлаши, эр эса жинсий алоқа хоҳлагани боис шунчаки илиқ муносабатдан кўнгли тўлмасди. Эрингиз учун жинсий алоқа ва сиз учун мулойим эркалашлар икки тарафлама ҳаракатланадиган йўлдир. Эрингиз танангизга эга чиқиш учун руҳиятингизга хизмат қилиши керак бўлгани каби сиз ҳам унинг кўнглига йўл топиш учун танасига хизмат қилишингиз керак. Маслаҳат пайтида бир аёл жинсий алоқани эркакнинг энг асосий эҳтиёжи деб ҳисоблагани ҳақида айтиб қолди. Мен унга аслида жинсий алоқа эркакнинг энг асосий эҳтиёжи – ҳурматнинг рамзий акси эканини тушунтирдим. Таъбир жоиз бўлса, хотинда суҳбатлар орқали руҳий енгиллашиш эҳтиёжи бўлади. Аёлнинг ана шу эҳтиёжи қондирилса, у ўзини суюкли ҳис этади. Эркак суҳбатдан бош торса, аёл буни эрининг ўзини севмаслиги ва асосий эҳтиёжини қондиришни истамаслиги рамзи, деб тушунади. Эркак жинсий алоқа орқали жисмоний енгиллашишга эҳтиёж сезади. Агар хотини жинсий алоқани рад этса, эр буни хотинининг ўзини ва ана шу эҳтиёжини ҳурмат қилмаслиги, деб тушунади. Аёл ҳам эри жинсий яқинликни истаганида уни ўзидан итариб ташлаб: «Фақат мени ўйлашингни хоҳлайман» - деган гапи адолатсизлик бўлишини унутмаслиги керак.
Эрингизни тушунишнинг икки калити
Жинсий алоқа нуқтаи назаридан эркакни тушунишнинг икки жиҳати мавжуд. Биринчидан, унинг шаҳвонияти сизникидан сезиларли даражада фарқ қилишини билишингиз зарур. Ҳикматлар китобининг бешинчи боб, ўн тўққизинчи оятида шундай сатрлар бор: «Жозибали оҳу ва гўзал кийик! Унинг оғуши сени қониқтирсин, доим унинг севгиси билан қаноатлангин». Эътибор қилсангиз, Муқаддас Китобда хотинлар эрининг оғушидан қониқиш олишлари ҳақидаги даъватни учратмайсиз. Бу бемаънилик бўлар эди, нима учун? Ҳикматлар китобининг бешинчи боб, ўн тўққизинчи оятида масала жинсий алоқага тақалганда, эркак кўзлари билан ҳаракатланиши ҳақида сўз бораяпти. У гўзал аёлни, унинг юзини, қоматини кўради ва бундан илҳомланади. Аёлларнинг жинсий алоқа масаласига келсак, улар кўриш орқали эркаклар сингари таъсирланмайдилар.
Сиз душдан чиқиб келган ҳамда эрингиз душдан чиққан вазиятни кўз олдингизга келтиринг. Сиз душдан чиққанингизда эрингиз қоматингизга суқланиб қарайди. Аммо у душдан чиқиб келганида нима содир бўлади? Сиз унга романтикадан мутлақо йироқ бўлган: «Илтимос, гиламчанинг устига туриб олгин» ёки «Эҳтиёт бўл! Ҳозиргина полни артиб чиққандим» - каби сўзларни айтишингиз эҳтимоли юқори. Чунки сиз кўриниш сиймоси орқали мўлжал олмайсиз.
Эрингизнинг сиз билан жинсий алоқага интилишини бағолашингиз мумкин бўлган иккинчи жиҳат шундаки, худди сиз руҳий-ҳиссий енгиллашишга эҳтиёж сезганингиздек (бу нарса сизда у билан яқинлик ҳиссини уйғотади), эрингиз ҳам жинсий алоқа воситасида енгиллашишга эҳтиёж сезади. Коринфликларга биринчи Мактубнинг еттинчи боб, бешинчи оятида Павлус шундай ёзади: «Бир–бирингиздан бош тортманглар. Фақатгина ўзаро келишган ҳолда, ўзингизни ибодатга бағишлаш учунгина жинсий алоқадан ўзингизни тутиб туринг. Бундан сўнг яна қовушинглар, токи ўзингизни тия олмаслигингиздан фойдаланиб, шайтон сизларни васвасага солмасин». Гап жинсий муносабатлар ҳақида борар экан, эр ва хотинлар бир-бирларининг эҳтиёжларини қондиришлари керак. Павлус уларнинг ҳар бири шеригига нисбатан ўз мажбуриятини бажариши кераклигини таъкидлайди. Агар эрлар хотинлари билан жинсий алоқадан маҳрум бўлиб қолишса, шайтон васвасасига учишлари мумкин. Аёллар бундай вазиятни яхшироқ тасаввур қилиш учун эрлари ўзлари билан на гаплашишни, на мулоқот қилишни исташмаган ҳолатни кўз олдиларига келтириб кўришлари керак. Руҳий-ҳиссий томондан енгиллашиб олиш имкониятидан маҳрум қилинган аёл ўзини бахтсиз ва ночор ҳис этади.
Конференцияларимиздан бири якунлангач, бир аёл Сарага қуйидаги воеани айтиб берган экан. Ҳар якшанбада ўша аёл эри билан ота-онасини кўргани борар экан. Якшанбалардан бирида тонгда у онасига қўнғироқ қилиб, бора олмасликларини айтади. Онаси сабабини сўрайди.
- Эримнинг кайфияти йўқ.
- Нега унинг кайфияти йўқ? – яна сўрайди онаси.
- Менимча, бир ҳафтадан бери ётмаганимиз учун бўлса керак.
Она иккиланмай, бу борада кўнглидаги бор гапни қизига айтади:
- Уялишинг керак. Озгина вақт кетадиган, лекин уни жуда-жуда бахтли қиладиган нарсадан мосуво этганинг нимаси?
Қиз жаҳл устида онасига бақириб беради:
- Шу гапларни сиз айтаётганингизга ишонгим келмайди!
Лекин бу аёл ўз ҳикоясини қуйидаги сўзлар билан тугатибди:
- Ота-онам қирқ етти йил бир ёстиққа бош қўйиб яшаганлар, мен улардан-да бахтлироқ бошқа оилани билмайман.
Бу она қизига чиндан ҳам яхши маслаҳат берибди. Афсуски, кўпгина оилалар Танглик доираси таъсиридан чиқиб кета олмай, айланиб юраверишади, чунки эр жинсий алоқасиз ўзини беҳурмат қилингандек ҳис этади, шунга жавобан тутган йўли эса аёлни ўзини суюкли эмас деб ҳис қилишга мажбур этади. Шу тарзда бир жойда айланиб юрилаверилади! Аслида бундай бўлиши керак эмас! Сара конференцияларимизда бу ҳақда жуда яхши гапларни гапиради:
- Аёллар, агар эрларингиз сиз билан уч кун, уч ҳафта ёки уч ойлаб гаплашмай юрса, нима бўларди? Сизлар буни умуман куракда турмайдиган хатти-ҳаракат, деб баҳолаган бўлардингиз. Ўйлайманки, мени тушундингиз. Айрим аёллар ўзларининг руҳий-ҳиссий эҳтиёжлари қаноатлантирилишини исташадию, лекин эрларининг жинсий алоқага бўлган эҳтиёжини унутиб қўйишади. Ёдда тутинг, ўғлингизда ҳам шу эҳтиёж бўлади. Келинингиз унга қандай муносабатда бўлишини истар эдингиз? Бу эҳтиёжни ўғлингиз атайлаб сотиб олмаган, у худди қизингиз ёки келинингиз доимий равишда илиқ ва яқин муносабатни ҳис этиш эҳтиёжи билан туғилганидек, табиий туғма эҳтиёждир.
Олтин қоида жинсий алоқада ҳам амал қилади
Ҳамма гап шундаки, эркак анатомияси ва тана тузилиши аёлларникидан сезиларли равишда фарқ қилади. Худди сизга руҳий-ҳиссий енгиллашиш керак бўлганидек, унга ҳам жинсий алоқа орқали енгиллашиш зарур. Шу боис унга ҳаётнинг шу жиҳати ёқади. Эркак учун бу лаззат бағишловчи ёқимли ҳаракат. Сиз аёл сифатида меъёридаги жинсий ҳаёт бўлиши учун туйғулар ва бир-бирингизга яқинлик бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз. Аммо эрингиз учун ҳаммаси тескари: у жинсий алоқа орқали яқинлик юзага келади, деб ҳисоблайди!
Жинсий алоқа ҳам Қувват доирасига тааллуқли тоифага киради, ҳамда шу орқали эрингиз сизга, сиз эса унга хизмат қиласизлар. Бу қоида ўзгармасдир: эрингизни унга керак бўлган нарсадан маҳрум қилиб, ўзингиз ҳам истаган нарсангизни ололмайсиз.
Мавзуга мос қизиқ бир воқеа бор: ишга кираётганда анкета тўлдираётган эркак жинсий ҳаёт ҳақидаги саволга «Етарли эмас» - деб жавоб берган экан. Эркакларга бу воқеа кулгули туюлиши мумкин, аммо аччиқ ҳақиқат шундаки, аёллар уйда эрларини жинсий алоқа билан боғлиқ эҳтиёжни қондиришдан маҳрум этиб, никоҳдан ташқари муносабатларга киришиб кетишларига сабабчи бўлишади. Одатда, хиёнат учун ҳамма айбни эркакка ағдаришади, аммо у кўп ҳолларда хотини киритиб қўйган нафс қурбони бўлади. Ҳикматлар китобининг иккинчи бобида эзгуликни ёмонликдан фарқлаш учун билим, ақл ва қобилиятни эгаллашга интилишнинг афзалликлари баён этилган. Ўн олтинчи оятда ана шу фарқлай олиш қобилияти «Донолик сени зинокордан, тилёғлама бузуқ аёлдан сақласин» сўзларида ўз ифодасини топган.
Ҳурмат миқдори хиёнат миқдоридан ортиб кетиши мумкин
Бир аёлнинг эри ана шундай хотиннинг қопқонига тушгач, у эри нима сабабдан мана шу ишқий муносабатни бошлаганини аниқлагач, менга мактуб ёзган эди. Аёл худди ўзи эридан севгини кутганидек, эри ҳам ундан ўзига ҳурмат кўрсатишини кутган. У нафсининг олдида ўзини тия олмаган, шу боис шу фалокат содир бўлган. Гарчи, уларнинг йигирма йиллик никоҳи, одамларнинг фикрича, «бенуқсон» бўлсада (тўрт фарзанд, Жамоатдаги фаол иш, муваффақиятли бизнес ва бошқалар), эр йўлдан адашди. Улар маълум вақт алоҳида яшашди, шунда хотин нималарни тушуниб етганини ёзади:
Мен болалар, кундалик юмушлар билан шу қадар банд бўлиб қолибманки, эримни эътиборсиз қолдириб, уни душманлар ҳужуми учун ҳимоясиз қилиб қўйибман. У нуқул ўзига нимадир етишмаётгани ҳақида гапирарди. У токи ўша аёл ўзи хоҳлаган нарсани бермагунича, нима етишмаётганини ҳам тушунмаган. Унинг шу нарсага эҳтиёжи шу қадар баланд эдики, биз айро яшаган пайтимиз у ўша бегона аёл томонидан ўзига нисбатан ҳурмат ва эъзозни ҳис қилиш учун ҳамма нарса – никоҳ, оила, бизнес, обрў-эътибор ва ҳатто Худо билан муносабатлардан ҳам воз кечишга тайёр эди. Шу даврда у жуда кучли руҳий курашни бошидан кечирди, чунки у қандай йўл тутса тўғри бўлишини биларди. Аммо шу билан бирга, ўша аёлдан олган нарсасидан ажралиб қолишни ҳам истамасди. Худо менга ажралишимиздаги айбларимни кўрсатиб бермоқда. Эрим – жуда яхши инсон, у мени севишини биламан, у ҳам мен уни севишимни билади.
Мактубнинг давомида аёлнинг ёзишича, у ҳурматни аниқлаш бўйича тестни синаб кўрган ва кутилмаган натижаларни олган. У эри билан ўта ҳурмат оҳангида гаплаша бошлаган ва бунга жавобан эри унинг ҳурмат акс этиб турган сўзлари ва гапириш оҳанги ўзини илҳомлантираётганини айтган. Аёл шундай дейди: «Биз шу ондаёқ ажойиб жинсий алоқада бўлдик. Шундан сўнг, ҳурмат миқдори хиёнат миқдорини яксон қилиши мумкин экан, деган хулосага келдим».
Ҳамма хиёнатлар ҳам мана шундай яхшилик билан якун топавермайди. Жисмоний енгиллашиш имкониятидан маҳрум бўлгани сабабли хиёнатга қўл урган бир эркак шундай ёзади:
Мен ўзимнинг хиёнатим учун айбни хотинимга ағдармоқчи эмасман, лекин у ҳам ўзини умуман айбдор, деб ҳисобламаяпти. Мен уни айбламасамда, лекин айбсиз деб ҳам бўлмайди. У ўзининг ушбу муаммога алоқасини умуман тан олмаяпти. Мен бу воқеани унутишни истасамда, уунутишимга имкон бермаяпти. Мен гуноҳ иш қилдим, лекин бу иш, мен бориб бегона бир аёл билан хотинимга хиёнат қилишни истаган вақтимда – бир куннинг ўзида содир бўлгани йўқ. Агар хотиним менга ҳурмат кўрсатганида, эҳтимол хиёнатга қўл урмасмидим. Баъзида хотиним мени мутлақо омадсиз одам, деб ҳисоблайдигандек туюлаверади. Шу боис, бир куни менга жуда ажойиб инсон эканимни айтишганида, бу мақтов менга ёқиб тушди. Хотиним мени бир пулга қиммат малласочнинг ортидан эргашиб кетганликда айблайди. Аммо ўша аёл ўзимни бахтли ҳис этишимга имкон берди, ҳамда бунинг жинсий алоқага умуман даҳли йўқ. Шунчаки кимдир сени яхши инсон сифатида тан олди. У менинг яхши инсонлигим ҳақида қанча кўп гапирса, мен шунча кўпроқ унга мойил бўлиб боравердим.
Агар эрим мени СЕВСА, қандай қилиб БЕГОНА АЁЛга илакишиб қолиши мумкин?
Инсонларнинг ўзлари истаганларидек яқин бўлмасликларига кўп ҳолларда жинсий муносабатлар сабаб бўлади. Амо бу ҳол шундай рўй бериши мумкинки, сиз ҳатто нимадир нотўғри кетаётганини сезмай ҳам қоласиз. Эркаклар доимо хотинлари билан очиқ ва кўнглидагини яширмайдиган бўлишни исташади, аммо улар севги ҳиссини оширувчи эмас, балки таҳдид қилувчи бўлиб туюладиган соҳаларда очиқ бўлишга тайёр туришганда, айрим аёллар ўзларини ноқулай ҳис қилишади, ҳатто баъзида хафа ҳам бўлишади. Аёл эри нима учун ўзи билан очиқчасига гаплашмаслигидан ҳайрон бўлиши мумкин, аммо бир неча йиллар бурун ўзи шуни илтимос қилгани ёдидан кўтарилади.
Одатда, аёллар фақат ўзи билан эри ўртасидаги севги ҳиссини кучайтирадиган соҳалардагина кучли руҳий-ҳиссий яқинликни хоҳлашади. Аммо эри «яширин томон» ёки ўзининг муаммолари, масалан жинсий майллари борасида гап бошлаганида, хотин ўзини ноқулай ҳис этади, ҳатто жаҳли чиқиши ёки хафа бўлиши ҳам мумкин. У эридан жим бўлишини ёхуд ўзгаришини сўраши мумкин. Бошқача айтганда, худди аёллардек бўлишни талаб қилади: «Биз эркак танасини кўрганда эҳтиросга берилмаймиз, сен ҳам аёл танасини кўрганда эҳтиросга тушма».
Хотин эри билан ўзининг қўрқув ва ташвишлари, ортиқча вазн ҳамда қомати чиройли бўлишини исташи борасидаги муаммоларини бўлишиши мумкин. Эри уни диққат билан тинглаши ва бу масалаларнинг барчасида унга ҳамдард ва хайрихоҳ бўлиши керак. Бундай суҳбатлардан кейин аёл ўзини жуда яхши ҳис қилади, чунки у бундай мулоқотлар ўрталаридаги севги ҳиссини кучайтиради, деб ҳисоблайди. Аммо ҳамма муаммо шундаки, эрни хотинининг қўрқувлари, ортиқа вазни каби масалалар қизиқтирмайди. Унинг ўз муаммолари бор.
Аммо хотин эри бошдан кечираётган муаммоларни бошидан ўтказмагани боис, эрни ўйлантираётган ташвиш ва масалалар, одатда, ҳиссий яқинлик воситаси ҳисобланмайди. Шу боис эркак, айниқса бу хатти-ҳаракати учун гап эшитса, ўз қобиғига ўралиб олади. Шунда хотин эри ўзи билан ҳиссий яқинликни истамаслигига яна бир карра амин бўлади. Ваҳоланки, унинг ўзи эрига очиқ бўлмасликни тайинлаган бўлади. Хотин ҳиссий яқинлик нимани англатиши борасида ошириб юборилган талабларни қўяди, зеро ушбу яқинлик ўрталаридаги севгини ижобий қувват билан тўлдиришга ва унинг юкини енгиллаштиришга хизмат қилиши керак. Агар эр хотинига унинг севгиси қувват билан тўлдирмаётганини айтса, ёки унинг сўзлари хотинига яна малол келадиган бўлса (масалан, эркак гўзал аёлларни кўрганида жинсий ҳиссиётларга берилиши), у ҳолда, хотин бу каби суҳбатни рад этади. У ҳайрон бўлиб шундай дейди: «Қандай қилиб бегона аёллар унда жинсий майл уйғотиши мумкин? Ахир у фақат мени севадику?»
Хотин очиқ кийимдаги гўзал хонимнинг пайдо бўлиши эрини шу ондаёқ «қўзғатиб юбориши мумкин»лигини тушунишни истамайди. Шу боис, хотин эрини ёлғон гапираяпти, деб ўйлайди. Хотин эри ўша аёл билан анча вақтини бирга ўтказгани учун (ёки ўша аёл билан вақтини ўтказишни истагани сабабли) бегона аёл эрининг кўзига чиройли кўринаётган бўлса керак, деган хаёлга боради. Улар шу вақтгача гаплашишган, бир-бирларини яхши билишади ва яқин бўлиб кетишга улгуришган бўлишса керак. Хотин эри шунчаки нотаниш аёлни кўрганда ҳам шаҳвонияти қўзғалиши мумкинлигини тушунгиси келмайди. Хотини эрига бегона аёлларга кўнгли суст кетиши мумкин эмаслигини, бунақа иш такрорланиши мумкинлигини ҳатто эшитишни ҳам истамаслигини тушунтириб қўяди.
Эҳтимол, хотин бу ҳақда бошқа умуман эшитмас, аммо унинг эри кўз билан кўриб маҳлиё бўлиш ва ўз кўнглидаги майлларни хотини билан баҳам кўриш истаги билан курашишда давом этаверади. Ҳикматлар китобининг бешинчи боб, ўн тўққизинчи оятида эркакларга айтилган насиҳат ёдингиздами? Эр ҳар доим ўз хотинининг оғушидан қониқиш топиши керак, бегона аёлнинг эмас. Ҳикматлар китоби бешинчи бобининг катта қисми эрларни хиёнатнинг хавфидан огоҳлантиришга бағишланган. Нима учун? Чунки, буни ёзган доно устоз эрларда жинсий алоқага соғлом қарашни шакллантиришни истаган. Хотинини севадиган эр Худо унга ато этган хотин ҳамда у билан жинсий муносабатлардан қониқиш ҳосил қилиши керак, демак, бундан келиб чиқадики, жинсий алоқа фақат никоҳ доирасидагина бўлиши мумкин1.
Исо Масиҳ шундай деб огоҳлантирган: «Лекин Мен сизларга айтаман: агар сиз аёлга шаҳват билан қарасангиз, хаёлингизда у билан зино қилган бўласиз» (Мат. 5:28). Бу оятда Масиҳ эркаклар кўриш орқали рағбат олишини назарда тутган. Жинсий алоқа эркаклар онгида энг муҳим ўринлардан бирини эгаллайди, шу боис у ҳар сафар майл уйғотадиган ҳолатга кўзи тушганда унда шаҳват уйғонади.
Оддий қилиб айтганда, эркак кўрганига муносабат билдиради. У хотини ҳам ўзининг майл уйғотувчи ҳолатларга қарши курашини тушунишини истайди. Хотин эри билан яқин бўлишни, унинг очиқ бўлишини ва тушунишини истайди. Иккита йўл билан бунга эришиш мумкин. (1) Эрингизга жисмоний енгиллашиб олиш имкониятини бериш, ҳамда у ҳатто сизнинг кайфиятингиз бўлмаган вақтларда ҳам ўзи эҳтиёжманд бўлган даражадаги жинсий алоқани олиши учун кучингиз етганича ҳаракат қилинг. Ёки (2) сиз ҳеч қачон дуч келмаган ва эрингиз курашаётган жинсий майлларни тушунишга ҳаракат қилаётганингизни унга тушунтиринг. Агар сиз унга ўзини қийнаётган жинсий майллар билан кураш мавзусида гапириш имкониятини берсангиз, сизда эрингизнинг яқин дўсти ва суюкли аёли бўлиб қолиш имконияти туғилади.
Эрингизга ўхшаган одатдаги эркакларда сизда бўлмаган эҳтиёжлар мавжуд бўлади. Агар сиз уни уялтириб, жазолаб ёки турли неъматлардан маҳрум эта бошласангиз, у ўзини шу ҳолати учун уятга қолган деб ҳисоблай бошлайди. Агар эрингиз сиз билан яқинлашиш истагини ва у эркак эканини ҳурмат қилмаётганингизни, уни танқид қилаётганингизни кўрса, у ҳолда эрингиз сиздан узоқлашади. Аммо сиз унга кераксиз, буни ҳали оила қурмасларингиздан олдинроқ англаб етгансиз. Эрингизнинг эҳтиёжларини тушуниб етиб, уларни қаноатлантириш учун ҳаракат қилсангиз, у ҳам сизга интила бошлайди. Танглик доирасини буткул зарарсизлантириб, кучли ва ижобий қувватга эга бўлган Қувват доирасига ўтишнинг бошқа самарали йўли мавжуд эмас.
Қуйидаги ҳолларда эрингиз ўзининг сиз билан жинсий яқинликка интилишини қадрлаётганингизни ҳис қилади...
- Унинг жинсий алоқа борасидаги талабига тез-тез ижобий жавоб бериб турсангиз, ҳамда баъзи-баъзида ўзингиз жинсий яқинлик ташаббускори бўлсангиз;
- Сиз руҳий-ҳиссий енгиллашишга эҳтиёж сезганингиздек, эрингиз ҳам жинсий алоқа орқали енгиллашишга эҳтиёжманд эканини тушунсангиз;
- Эрингиз хиёнат қилганида қўрқмасдан ва уни уялтирмасдан, у курашаётган жинсий васвасаларни тан олсангиз;
- Эрингизни сиз билан очиқ бўлишга мажбур қилишга уриниб, шу билан бирга, уни жинсий алоқадан мосуво қилмасангиз.
Книга на узбекском языке: Любовь и уважение (Эмерсон Эггерих)
Женщина нуждается в удовлетворении одного лишь желания - быть любимой. Когда эта потребность удовлетворена, она счастлива. Мужчина имеет лишь одну нужду - уважение к себе. Когда его потребность удовлетворена, он счастлив.
Когда обе эти потребности восполнены, начинают происходить удивительные вещи. "Любовь и уважение" объясняет супругам, почему они реагируют негативно друг на друга, как справиться с подобной реакцией быстро, легко и в соответствии с библейскими истинами.
Основываясь на трех десятках лет консультационной деятельности и на научных и библейских исследованиях, доктор Эмерсон Эггерих с женой Сарой уже пронесли послание любви и уважения по всей Америке, изменяя общение, мышление и отношение друг к другу супружеских пар.
Чего вы хотите для своего брака? Хотите мира? Хотите чувствовать близость друг к другу? Хотите испытывать признательность? Хотите жить в браке по замыслу Божьему? Тогда почему бы вам не попробовать впустить в свою жизнь немного любви и уважения?