Н.Е.Бойко. Абадийликка ишонаман - (6-боб) Китоб Ўзбек тилида
Abadiylikka ishonaman (N.E.Boyko) O‘zbek tilida Audiokitob
VI боб
Қамалган кунимдан кейин икки кун ўтгач, терговчи мени сўроққа чақирди. Кимдир эшикни тақиллатди.
–Мен ҳам иштирок этсам бўладими?
–Агар Бойко қарши бўлмаса.
Мен эътироз билдирмадим.
Терговчи кўп нарса тўғрисида сўраб–суриштирди, ҳамма гапини узоқдан олиб келарди. Эътиқодим, имондошларим, сафарларим тўғрисида сўраганда, жим туравердим. Ташриф буюрган одам Николаев вилояти “Южная правда” газетасининг редактори экан. У гапириб қолди:
–Бойкога бир неча саволлар берсам бўладими?
–Агар Бойко рози бўлса.
–Марҳамат, беринг саволингизни.
–Бойко, сиз бизнинг тизимда тарбия топгансиз. Наҳотки Биби Марям Масиҳни туққанига сиз ишонсангиз?!
–Каломнинг бирорта сўзи Худодан кучсиз бўлиб қолмайди! У Калом билан Коинотни яратди, сиз билан бизни бино қилди, Унинг Каломи кучи билан Масиҳ туғилди.
–Айт–чи, сени бу мазҳабга ким тортди? Ахир, сен комсомол бўлгансан!
–Тўғри, мен ёшлигимда атеист бўлганман. Шундай мақол ҳам бор: “Ким ёш бўлмаган экан, у аҳмоқ бўлмаган”. Катта бўлдим, фикр юритадиган пайт ҳам келди. Ёмон хатти–ҳаракатлар мени ўзига торта бошлади, менинг ақл–идрокимга қарши бўлиб қолди. Уларга қарши кураш учун кучим етмай қолди. Худога мурожаат этганимда, қалбимдан тана ва жоннинг ҳар қандай нопоклиги, ярамасликлари, худди вулқон сингари, отилиб чиқди. Ўшандан буён мен инсон қалбининг гўзаллиги ва уйғунлигини ташкил қилувчи ҳалолликни қадрлайман, буни муқаддас ва олийжаноб деб биламан. Тўғри, мен комсомол бўлганман, айни пайтда ароқ ичганман, ўғирлик қилганман, безори бўлганман. Ҳозир шаҳар халқидан сўранг – ҳаммаси мени билади – биронтаси менда ёмон одатни пайқаганмикан?
Редактор менга ёмон қараш қилди:
–Худога ишонганингдан кўра, ўғри, ароқхўр, қотил бўлганинг яхши эди!
–Ундай бўлса, сиз билан гаплашадиган гапим йўқ.
–Кўряпсанми, у ўзини қандай тутяпти! – худди шикоят қилаётгандай гапирди терговчи. – Мен унинг ишини кўрмайман, уни Николаевскка олиб бораман!
У сўзида турди: икки кундан кейин мен Вознесенскда йўқ эдим.
Кейинроқ билдим: мен қамалганимдан кейин Хавфсизлик идораси одамлари бир миш–миш тарқатибдилар: гўё менинг уйимни тинтув қилганларида рация, советларга қарши варақалар, қурол омбори топган эмишлар. Бу миш–миш билан улар шаҳар аҳолисини имонлиларга қарши қўймоқчи бўлган эканлар. Шунингдек, мен гўдакни қурбонлик ҳам қилган эмишман. Шаҳар ваҳимага тушиб қолди. Ҳамма ҳақиқатни билиш учун судни кутарди. Газеталарда бирин–кетин имонлилар тўғрисида, бевосита мен ҳақимда туҳмат мақолалар босиларди.
Тергов жадал суратда борарди. Сўроққа фақат имонлиларнигина эмас, ўқитувчиларни, қўшниларни ҳам чақиришди. Аммо улар учун судга керакли кўрсатмаларни олишнинг имкони бўлмади. Катта синглимни ҳам сўроқ қилдилар. У мен тўғримда биронта ёмон гап айтмади, аммо сўроқ протоколига имзо чекибди.
Хотиним синглим билан баробар ёнарди: “Марям, сен Коляни ҳимоя қилдинг, аммо нега имзо чекдинг? Сен имзо чеккан вараққа терговчи ўзига тўғри келганини ёзади, судда эса сенинг сўзларинг деб айтади”.
Эртаси куни хотиним прокуратурага борибди, агар уддасидан чиқса, бирпасга бўлса ҳам мен билан учрашмоқчи бўлган экан. Марям хотиним билан бирга борибди.
Марям терговчининг хонасига кириб, кечаги кўрсатмаларимни ўқиб олсам майлими, деб илтимос қилибди. Николаевск Хавфсизлик Қўмитасидан терговчи Ипатьев синглимга варақни узатибди. Синглим қўлида бир лаҳза ушлаб турибди–да, биттагина жумлани ўқишга улгурибди. Бу жумла: “Ундан болаларни тортиб олиш керак” деб ёзилган экан. Синглим даҳшат ичида қўлида ўша протколни ушлаганича оёғини қўлига олганича кўчага югурибди. Кўчага чиқибоқ қоғозни майда–майда қилиб йиртиб ташлабди.
Терговчи ишнинг бундай кетишини кутмаган экан. Синглимнинг ортидан югуриб чиқиб: “Эҳ бу шанғи хотинлар!” деб ғазабланибди.
Марямга етиб олгани билан ҳаммаси беҳуда эди.Қоғоз парчалари ҳар томонга учиб кетган эди…
Кичик синглим Юля ҳисобчи бўлиб ишлар эди. Терговчи уни қўрқитибди: “Агар акангдан воз кечмасанг, ишдан бўшатамиз!” У шундай деб ёзиб берибди: “Мен уни ака деб тан олмайман ва ундан воз кечаман. Чунки у беҳуда йўлдан кетди”. Аммо мен ундан асло хафа эмас эдим. Ўша пайтда Юля имонга келмаган, мажбурлаш оқибатида мендан воз кечишга бардош билан туриш учун ҳеч қандай кучи йўқ эди. Кейин у мендан кечирим сўради. Ҳозир у ҳам имонли.
Укамни ҳам тинч қўйишмади. У ўт ўчириш командасида ишлар, бошлиқнинг эътиборига тушган эди. Ҳамма ҳужжат ишларини виждонан олиб борар, махсус қисмларни хато қилмай беркитарди. Ревизия комиссияси ҳеч қандай камчилик топа олмади. Укам сўроқ пайтида мен тўғримда фақат яхши гапиргани учун уни ишини комиссия босган экан.
Навбатдаги сўроқдан кейин улар укамдан тилхат олишибди. Тилхатнинг мазмуни шу эканки, укам менинг фарзандларимни ўқитувчининг иштирокида сўроққа прокуратурага олиб келиши керак экан. Укам фисқи фасодни англамай учта каттасини (ўшанда Лида – 11 ёшда, Вера – 10 ёшда, Павлик – 9 ёшда эди) олиб келибди. Прократурада хотинимни ва синглим Марямни учратибди. Валя болаларни кўриб, ҳуши бошидан учибди. Хотинимга Марям, болаларни сиздан тортиб олишмоқчи, деб айтибди. Валя саккизинчи фарзандни кутаётган эди. “Менга “Тез ёрдам”ни чақиришга тўғри келмасин”, ибодат қилибди ва Худодан, ҳаммасини хотиржам бошдан кечиришим учун куч ато қилгин, деб илтижо қилибди.
“Павлик, болагинам, мана сенга йўлкира, кучинг борича Ленин кўчасига югур, тезда уйга бор. Болаларнинг ҳаммасини олиб, бирон ёққа кетиб, яширининглар, бўлмаса ҳаммангизни олиб кетишади…” деб хотиним ўғлимизга кўрсатма берибди. Ўғлим айтилганидай қилибди. Болалар кун бўйи имонли сингилнинг узумзорида ўтиришибди.
Милиция ходимлари бир неча марта машинада уйимга келибди, ёш болаларимни қидиришибди. Аммо уй бўм–бўш экан: Павлик кичкиналарни олиб кетган, Валя эса катталар – Люда ва Вера билан бирга прокуратурада қолган.
“Лёня, нима қилиб қўйдинг?! – деб хотиним укамга уқтирибди. – Булар болалар–ку! Улар бирон нарса деб, ўз отасига қарши гувоҳлик бериши мумкин! Болалари эндигина уйқудан турган, ўзларини тартибга келтирган ҳам йўқ, нонушта қилмаган, уларни шу ҳолича олиб келибсан!”
“Ахир, болалар гувоҳ бўладилар, деб ҳеч қачон ўйламаган эдим”, – деб Лена ўзини оқламоқчи бўлибди.
Аммо кеч бўлган эди: Людани кабинетга сўроққа чақиришди. Эшитиб турибман: у муттасил йиғлаб, бир гапни такрорлайверди: “Менинг дадам яхши! Менинг дадам яхши!” Қизимни кабинетдан олиб чиққанларида, у лохас бўлиб, юра олмай қолди. Хавотирланишдан, чамаси, оёқлари ишламай қолди.
Иккинчи қизим Вера, ҳали бола–да, вазиятнинг жиддийлигини англамай, сўроқ пайтида доим кулаверди, ҳеч гап гапирмади, бирон нарсага рози бўлмади. Унга конфетлар беришди, чиройли туфли сотиб олишга ваъда беришди, фақат “Дадам бизни Жамоатхонага йиғинга олиб борарди” деб айтса бўлди эди. Вера кулганича жим тураверди.
Cўроқдан кейин Марям болаларни уйга олиб келибди. Эртаси куни эрталаб Валя ўғилларимни олиб, холамнинг ўғлиникига кетибди. У ерда бир ҳафта бўлибди. Кичкиналарни Ёрдамчи станциясидаги имонлиларникига олиб бориб қўйибди.
Уйимизнинг орқасида нафақат қўшнилар, балки Хавфсизлик идораси одамлари ҳам кузатар экан. Улар берк уйнинг эшиги олдига келиб: “Она қаёққа йўқолди экан? Болалар қани?” дея ҳайрон бўлишаркан. Худо ёш болаларни яширди: кузатаётганларнинг ҳаммаси болаларни турли жойларга жўнатганларидан бехабар эдилар.
Валя кўрсаки, Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари уйни кузатишда давом этяптилар. У маҳбуслар ота–оналари Кенгашига бориб, ёш болалар устидан қилинаётган ҳамма қонунсизликлар ҳақида Брежневга телеграмма жўнатдилар, бу ҳақда бутун жамоатларга хабар бердилар.
Шундан кейин болаларни таъқиб қилиш тўхтади. Болаларимни тортиб олиш режаси барбод бўлди, аммо укамга Хавфсизлик Қўмитаси одамлари тинчлик бермадилар. Укамга қарши ишлаб чиқариш йиғилиши ўтказибдилар, уни қамаш ҳақида прокуратура олдига васийлик билан чиқиш учун жамоани қайрабдилар. Укам жиддий ғазабланди: “Тўғри, биз қондош ака–укамиз. Аммо наҳотки бу шу қадар жиноят бўлса?! Наҳотки шунчалик қувғин қилишга сабаб бўлса?!” Ишлаб чиқариш бошлиғининг ҳам қаттиқ жаҳли чиқибди: “Қанақа бемаънилик бу, ўртоқлар?! – Агар у имонли бўлганда майли эди! Лёня имонли эмас–ку! У шунчаки Николайнинг туғишган укаси.”
Орадан маълум вақт ўтгач, Николаевскдан Лёняга телефон қилишади: “Зудлик билан Николайга узум ва бошқа озиқ–овқат олиб кел”. Бу сафар у қариндошлар билан маслаҳатлашади: “Улар сенга тузоқ қўймаяптилармикан? Марям борсин” - деб қарор қилишади қариндошлар. Марям у–бу нарсалар олиб боради.
Терговчи Марямни кўриб қаттиқ жаҳли чиқибди: “Нимага Лёня келмади? Биз телефон қилган эдик–ку Лёня олиб келсин деб”.
Марям олиб борган нарсаларни киритишга рухсат беришмабди. Лёняни бир неча марта Николаевск прокуратурасига чақиришди, аммо Лёня эҳтиёткорлик қилиб, бормади. Хавфсизлик идораси ходимлари эса Лёнянинг ортидан кузатиш ва у тўғрида материаллар йиғиш учун ёрдам беришга ишчиларни даъват қилдилар. Шундан кейин укам тоқат қила олмади ва ишдан бўшади.
Менинг уйимга текиширувга ва тинтув билан кўпинча турли хизматнинг одамлари келишарди. Ҳатто биринчи марта судланганимни бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни ҳам тортиб олибди. Хотиним фарзанд туғиб туғруқ хонада ётганда, болаларимизга имонли бир сингил қараб ўтирган экан. “Хавфсизлик идораси ходимлари шунчалик безор қилдики! – деб нола қилди у. – Бир униси келади, бир буниси келади, ковак–тешикларни бир неча мартадан текширишади. Бир кун чертакка чиқишди, мен ҳатто нарвонни олиб қўйсамми ҳам деб ўйладим…”
Мен қамалганимдан кейин судгача, яъни 20 июндан 25 сентябргача қўшнимиз бир кун ҳам ишга чиқмабди. Унинг уйи деразасидан бизнинг ҳовли яхши кўриниб турарди. Менинг уйимда ва ҳовлимда бўлиб ўтган гап–сўзлар Хавфсизлик идораси ходимларига маълум бўларкан. Қариндошларим ва имонлилар экинзорга чиқиб, ўша ерда гаплашадиган бўлишибди. Менинг ишим юзасидан тергов олиб борилаётган пайтда оилам қаттик хавотирликда яшашига тўғри келибди. Аммо Худо тасалли бериб, уларни мустаҳакамлабди. Туғишганларим оҳ–воҳ қилмасдан ҳамма оғирликларни мен билан бирга бошдан кечирдилар.
1968 йили менинг ишимни судга оширдилар. Кечқурун мени Николаевскка олиб кетдилар, эртасига эрталаб Вознесенскда суд белгиланган эди. Мени машинади Вознесенск Маданият саройига олиб келдилар, милиция ходимлари қуршовида суд залига олиб кирдилар. Мени олиб бораётганларида, Марям бақириб гапиришга улгурди: “Коля! Сенга қанчалар бўҳтон ёғдиришди! Ҳеч кимни суд залига қўймаяптилар, ҳатто қариндошларни ҳам!”
“Ундай бўлса, суддан воз кечаман”– деб мен ҳам жавоб беришга улгурдим.
Оломонни ёриб ўтиб, мени суд залига олиб кирдилар.
Суд жараёни дабдабали бўлди. Телевидение ва радиоаппаратларини жойладилар. Маданият саройи ёнидаги бозорга карнай ўрнатдилар. Аммо буларнинг бари сохталиги маълум бўлиб қолди. Судянинг, прокурорнинг саволлари аниқ эшитилар, мен жавоб беришни бошлашим билан атайлаб карнайдан хириллаган овоз чиқар, ҳеч нарса эшитилмас эди.
–Бойко, мен сизнинг ҳимоячингизман, – деди таниш бир судья менга.
–Менинг ҳимоячим – Худо, Унинг ёрдами билан ўзимни ўзим ҳимоя қиламан.
–Мен давлат ҳимочисиман, пулли эмас, – деб изоҳ берди у.
–Мен сизнинг ҳимоянгизга муҳтож эмасман.
Суд залида одамлар кўп эди, аммо мактаб директори билан ўқитувчилардан ташқари ҳаммаси бегона, нотаниш. Маълум бўлишича – кейин билдим – судга ҳамма вилоятлардан фаол комсомолларни, коммунистларни, кунгилли қушинларни йиғиб келишган экан. Суд пайтида уларни меҳмонхонага жойлаштирибди, алоҳида ошхонада овқатлантиришибди. Маълум вақт ўтгандан кейин ён эшикни очишди. Қарасам, синглим қизи билан, етти фарзандим, уларнинг ортидан хотиним келишяпти. Агар мен уни йиғлаган ҳолда кўрганимда эди, судда хотиржам қатнаша олмаган бўлардим. Хотиним залга кириб, қўлини кўтарди ва мен билан саломлашди:
–Коля! Исо Масиҳ номи билан дадил бўл!
Залда ўтирганлар ўша томонга қарашди. Хотиним ўртага ўтиб, яна бир марта бақирди:
–Исо Масиҳ номи билан дадил бўл!
Унинг шодиёна руҳи менга далда берди. Ўзимда куч сездим. Хотиним орқали Раббий ғаройиб равишда менга далда бериб, қўллаб–қувватлайди, деб кутмаган эдим.
Залга Николаевск шаҳри прокурори ва жамоат қораловчиси кириб келди. Қораловчи аёл киши эди. Айблов хулосасини ўқидилар, мен сўз сўрадим.
–Ўртоқ судья, ўртоқ прокурор! Қандай қилиб мен билмайдиган, шаҳар аҳолиси, мен ишлаган ишчилар жамоаси билмайдиган одам жамоатчилик номидан айбловчи бўлиши мумкин?!
–Бу сизнинг ишингиз эмас, – деб гапимни бўлди судья.
Бундай ҳолатда мен айбловчидан воз кечаман. Бундан ташқари: Вознесенскда прокурор ва унинг икки ўринбосари бор. Нима учун судда Николаевск прокурори ҳам бор?
–Бу сизнинг ишингиз эмас. Саволга жавоб беринг: ким сизни шу эътиқодга тортди?
–Ҳеч ким. Раббий мени топиб, Ўзига жалб қилди.
–Бойко, сиз билан кўп маърузачилар суҳбатлашди, сизни эътиқодингиздан қайтара олмадилар. Сиз қаерда ўқигансиз?
–Муқаддас Китобда шундай ёзилган: “Худони севган одамга У томондан билим берилади”.
Ўқитувчилар нафрат билан фарзандларим тўғрисида ёлғон гапирдилар: “Бойконинг фарзандлари эзилган, одамови, саводсиз…”
–Ўртоқ судья! Делода ўғлим Яшанинг ўқитувчиси кўрсатмалари бор. Кўрсатмада шу сўзлар ёзилган: “Яша 6 ёшидаёқ 70 та масиҳийча шеърларни биларди..” 70 та шеърни билмаслиги мумкин, аммо 40 тасини ёддан билгани аниқ, бунинг учун кафолат бераман. Энди ўйлаб кўринг: қандай қилиб сизларнинг қарашингизча, эзилган, саводсиз бола 12 ва ундан кўпроқ банддан ташкил топган 70 та шеърни ёд олиши мумкин?!
–Сиз фарзандларингизни ибодатхонага боришга мажбур қиляпсиз! – жаҳл билан гапирдибир ўқитувчи. Судда улардан 34 гувоҳ бор экан.
(Менинг қизим ўқийдаган синфни пионерликка қабул қилаётганларида, ҳаммасини қатор қилибдилар. Фақат менинг қизим галстук олиб келмаган экан. “Бойко, нимага галстугинг йўқ?” деб пионервожатий сўраган экан, қизим: “Мен Худога ишонаман, пионер бўлмайман”, – деб жавоб берибди. Пионервожатий қиз: “Қани, жўна уйингга! Галстуксиз келма!” деб қизимни туртган экан, у йиқилиб тушибди ва тиззаси шилиниб, қонабди. Қизим уйга келиб, онасига айтибди: “Ойи! Қаранг, пионервожатий мени итариб юборди. Агар мени пионерга ўтасан, деб мажбур қилишса ҳам кирмайман!”)
Бу воқеани билардим, шунинг учун суд бораётганда Людадан ўша воқеани айтиб беришини сўрадим. Қизим қўрқмасдан баланд овоз билан бу ҳақда гапириб берди.
–Ўртоқ судья! Кўрдингизми, ким зўравонлик қилётганини! – деб қизимнинг гапларини тасдиқладим.
Суднинг биринчи кунида менга кўп гапиришга рухсат бермадилар.
Суднинг иккинчи кунида “ашёвий далиллар” келтирдилар ва шу асосда жиноий иш қўзғатилганини исботламоқчи бўлдилар. “Ашёвий далиллар” – уйимни тинтув қилганларида мендан тортиб олган диний адабиётлар эди.
–Бу сизнинг китобларингизми?
–Уйимда прокурорнинг рухсатисиз тинтув ўтказишган, буларнинг тортиб олингани тўғрисидаги актга қўл қуймаганман. Қани, шу китобларни кўрай–чи, қайси бири меники эканини кўрсатаман.
Котиба китобларни менга узатди. Меники бўлмаганларини бир томонга қўйдим. Менинг Муқаддас Китобимни узатди. Китобни юқори кўтариб, шундай дедим:
–Ўртоқ судья! Муҳтарам халойиқ! Бу – Муқаддас Китоб, рус танқидчиси Белинскийнинг сўзларини айтишга журъат қилмадим, фақат “Муқаддас Китоб – ҳамма учун китобларнинг Китобидир!” деб айтдим, холос. Бу Китоб кўзимни очди, ҳақиқий йўлни, ҳаётнинг мақсадини ва мазмунини кўрсатди!
Китобни қўйиб, “Гусли”ни олдим ва шундай дедим:
–Бу диний қўшиқларнинг босмахонада чоп этилган мажмуаси, бу қўшиқларнинг мазмуни жуда бой.
–Мана бу менинг умумий дафтарим, – деб залда ўтирганларга кўрсатдим. – Диний мазмундаги шеърларни ўз қўлим билан шу дафтарга ёзганман.
Қолган китоблар меники эмас эди. Суд зали бўйлаб шаҳар аҳолиси “менинг жиноий ҳаракатларим исботи бўлган ашёвий далиллар”ни – гўё уйимдан топилган қурол–аслаҳаларни, гўё мен Америка билан алоқага чиққан рацияни кўрмоқчи бўлдилар. Аммо судда бунга ўхшаш нарсалар кўрсатилмади, қаердан ҳам бўлсин?! Фақат таъқибчилар ўзларининг қонунсизликларини оқлаши керак эди, менга бўҳтон қилиб, менинг оиламга шаҳар жамоатчилигини қарши қўйиши керак эди.
Котиба китобларни олиб кетди. Столнинг усти бўшади. Ҳеч қандай рация, ҳеч қандай қурол йўқлигини ҳамма тушунди. Залда шовқин кўтарилди. Тингловчиларнинг қизиқиши йўқолди. Прокурор сўзлаганда ғазабли ҳайқириқлар янграб турди. Судья қўнғироқ чалиб, залда тинчлик ўрнатмоқчи бўлди – бефойда.
Суд йиғилишидан кейин ҳукмни ўқиб эшиттирдилар: Украина Совет Социалистик Республикаси Жиноий Кодексининг 209–моддасига биноан кучайтирилган режимдаги лагерда 5 йилга озодликдан маҳрум этилсин ва 5 йилга сургун қилинсин. Раббий менга Воркутада зоҳир қилганидай, 10 йил.
–Бойко охирги сўз сизга, нима гапингиз бор?
–Ўртоқ судья! Худойимга шукр айтаман: У мени буюк шарафга муяссар қилди: Худосиз ХХ асримизда мени барҳаёт Худо тўғрисида жонли гувоҳ қилди. Озми, кўпми, Худога илтижо қиламан: менинг ва катта оиламнинг азоблари ер юзидаги Масиҳ Жамоатининг охирги азоблари бўлсин.
Судья гапимни охирига етказишимга имкон бермади: “Бўлди, Бойко, бўлди!”
Вознесенскда ҳатто менга суддан кейин рухсат этилган қариндошларим билан учрашувни ҳам бекор қилдилар, тўғридан–тўғри Одессага жўнатдилар. Чунки халқ қаттиқ ҳаяжонда эди. Аҳоли ғазабга минди. Мен меҳнат қилган ишхонанинг бошлиғи ва инженери очиқчасига гапирдилар: “Бутун шаҳарни алдадилар! Бойкодан ҳеч нарса топа олмадилар!” Шу гаплари учун уларни ишдан бўшатибдилар.
Мен ишлаган жойдаги биронта ҳам одам судда гувоҳ бўлмади. Фарзандларим ўқийдиган мактаб директори кўрдики, мени эътиқодим учун суд қиляптилар. Шу боис у ҳам суднинг охиригача кутмай кетиб қолди. Менинг устимдан суд бўлиб ўтгандан кейин мактаб директори ичкиликка берилибди, у ишдан бўшатилибди.
* * *
Айрим имонлилар, яхшиси, Коля озодликка чиқиб қайтиб келмагунча, йиғилмайлик, деб айтибдилар. Биттаси эса хотинимга шундай дебди: “Кучайтирилган режимдан кейин Коля қайтиб келмайди. У билан учрашувга бориш – бефойда, оиласи билан учрашувга рухсат берилмайди…”
Инсон қалбининг душманлари Вознесенск жамоатидаги айрим имонлиларни иккилантиришга муваффақ бўлса ҳам, Худонинг самимий ва ишончли болалари барибир қолибдилар. Улар хотиним билан гаплашишга қўрқмабдилар, уйимга келиб, қўлларидан келганча ёрдам берибдилар. Бир кекса ногирон сингил менинг оиламни шунчалик яхши кўриб қолибдики, ўзининг фарзандлари қаршилик қилсалар ҳам, бизникида яшабди.
Менинг уйимда бўладиган йиғинларга тўрт–бешта сингил келар экан. Валя болаларни ўтқазиб, Худонинг Каломидан ўқиб берар экан. Кейин эса Худонинг таъқиб қилинаётган халқи учун, Раббийга садоқати туфайли ҳибсда азоб чекаётган Масиҳ маҳбуслари учун Худога илтижо қилар эканлар. Юз бераётган таъқибларга бардош бериш учун ўзлари тўғрисида ҳам ибодат қилибдилар.
Мактабда фарзандларимга адолатсиз муносабатда бўлар эканлар. Улар пионер бўлмаганлари учун ҳақорат қилар эканлар, мактабдан ҳайдаб чиқариб, уч ҳафталаб дарсга қўймас эканлар. Сўнг қолоқ ўқувчи деб баҳоларини пасайтирар эканлар. Таъқибдаги бошқа биродар маҳбусларнинг болаларига ҳам шундай муносабатда бўлар эканлар: уларни атайлаб қолоқ ўқувчи қиларканлар–да, ақли заиф болалар махсус мактабига жўнатарканлар. Ота–оналари васийлигидан маҳрум бўлган болаларни у ерда руҳиятига таъсир этувчи воситалар билан “даволаб”, айримларини бир умрга ногирон қилиб қўярканлар. Худога содиқ бўлган оталар учун болалар азоб чекканда, Раббийдан бошқа ким ҳам ота–оналарнинг қайғусига шерик бўларди?!
Книга на Узбекском языке: - Верю в бессмертие (Николай Бойко)
Очень впечатляющее свидетельство одного верующего узника за имя Христово, прошедшего тюрьмы и лагеря, и повсюду Бог подкреплял его и исцелял. Одному Богу известно, сколько издевательств претерпел Николай Ерофеевич в неволе. Его лишали свиданий, не отдавали писем и в буквальном смысле уничтожали, сажая в камеру—холодильник в то время, когда у него было воспаление легких. Но, по неизреченной Своей милости, Господь сберегал жизнь Своему слуге. Он оставался непреклонным и не шел на сотрудничество с гонителями. Его глубоко почтенный 82-летний возраст — яркое доказательство того, что жребий наш всецело находится в руках Господа и вовсе не условия существования определяют длительность жизни, а лишь Божья воля. Несмотря на суровый путь, он достиг рубежа большей крепости и отошел к Господу как и насыщенные днями патриархи. Земная брань его закончилась победно.